Учқудуқда қонунчиликдаги янгиликлар, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти тушунтирилди

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Жумаев, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ тумани суди раиси А.Қурбоновлар томонидан Учқудуқ туманидаги 10-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш такомиллаштирилиши муносабати билан иқтисодий процессуал, жиноят процессуал, фуқаролик процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида банк ҳамда солиқ инспекцияси ходимлари иштирокида тарғибот тадбири амалга оширилди.

Дастлаб тадбирда сўзга чиққан суд раислари томонидан, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида фикрлар айтиб ўтилди.

Шунингдек, киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга тўхталиб эндиликда, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибда, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинганлиги тингловчилар эътиборига етказилди.

Тадбир иштирокчиларига туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар, кредит ва солиқ қарзини ундириш бўйича кўрилган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси