Учқудуқ туманида тарғибот тадбирлари давом этмоқда
Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари мавзусида жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан туман Давлат солиқ инспекциясида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Конституция лойиҳасида мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда. Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган. Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда. Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳада давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимларига нисбатан айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ушбу лавозимга сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслигига оид демократик қоида киритилмоқда. Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасида парламент ваколатларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, агар амалдаги Конституция бўйича Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 та бўлган бўлса, лойиҳага асосан уларнинг сони 12 та бўлмоқда. Сенатнинг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага ошмоқда. Президентнинг ижро ва суд ҳокимияти тизимини шакллантириш соҳасидаги амалдаги айрим ваколатлари парламентга берилмоқда. Ушбу нормалар ҳокимият органлари масъулият чегарасини аниқ белгилашга, ўзаро ҳамкорлик механизмларини оптималлаштиришга, фаолияти самарадорлигини оширишга ҳамда парламентнинг бугунги даврга мос, том маънода халқчил органга айланишига хизмат қилади. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича йиллик миллий маърузани эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини амалга ошириш каби муҳим ваколатлар палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига киритилмоқда. Таъкидлаш лозимки, парламент текшируви – бу халқ текшируви, мазкур парламент назорати шаклини Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйиш, унинг самарадорлигини янада оширади. Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари фаолиятидаги ўзаро такрорланишлар бартараф этилмоқда.
Шундан сўнг, маърузачи тадбир иштирокчиларининг саволлари ва мурожаатларига тегишли тушунтириш ва жавоблар бериб маърузани якунлади.
Акмал Курбонов
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суд раиси