Учқудуқ тумани судлари томонидан Президент Фармонининг мазмун-моҳияти оммага етказилмоқда

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбонов ва фуқаролик ишлари туман суди раиси А.Жумаевлар томонидан Учқудуқ туман “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғинида тарғибот тадбири ўтказилди.

Даставвал, ахоли ва тадбиркорлик субъеткалари иштирок этган тадбирда суд раислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сон Фармонлари мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтирилди.

Давра суҳбати давомида мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш эканлиги хусусида фикрлар юритилди.

Шунингдек, учрашув давомида туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кредит ҳамда қарз ундириш масалалари, уй-жой билан боғлиқ низолар, оилавий низолар ва алимент ундириш билан боғлиқ масалалар, мерос ва мол-мулк билан боғлиқ низоли бўйича суҳбатлашилди.

Конституциямизнинг 63-моддасида белгилаб қўйилганидек, «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади».

Оила жамият таянчи сифатида юрт иқболи ва истиқболини белгилайди. Жамиятимизнинг ана шу асосий бўғини барча эзгу қадриятлар, хайрли ният ва мақсадлар, фаровонлик одимлари ундан бошланиб, ҳар бир оиладаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик, яратиш ва бунёдкорлик, маҳаллалар, шаҳар ва туманлар, вилоятлар, пировардида мамлакат равнақи ва саодатини белгилайди.Шунинг учун ҳам оила муқаддас ҳисобланади. Ҳар бир оилада тотувлик барқарор бўлиши, оилаларнинг мустаҳкам бахт-иқбол қўрғонига айланиши, Ватан ичра ушбу мўъжаз ошёнларда авлодлар бардавомлиги ва уларнинг оқилу комил, эл хизматига ка­марбаста қобил инсонлар бўлиб улғайиши кўплаб омилларга боғлиқ.

Жумладан, 2023 йилнинг январь ойи давомида тумандаги оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича суд томонидан олиб борилган ҳуқуқий тушунтириш натижасида беш нафар оила яраштирилганлиги бўйича сўз юритилди.

Шунингдек, 4 нафар фуқаронинг қарз ундириш бўйича ҳамда 3 нафар фуқаронинг алимент ундириш юзасидан қилган мурожаати юзасидан суд раислари томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Анвар Жумаев

 

Фуқаролиқ ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси