Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида “Ҳуқуқшунос аёллар кенгаши” ташкил этилди

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибда солиш мақсадида, 2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш” тўғрисидаги қонуни қабул қилинган.

         Мазкур қонуннинг 14-моддасида, тазйиқ ва зўравонликларни олдини олиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиб, бу борада тадбирлар амалга ошириши назарда тутилган.

Қонун талабидан келиб чиқиб, Навоий вилоят суди, вилоят Адлия бошқармаси, ИИБ, Навоий шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда оилавий низолар замирида аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларни олдини олиш, жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш, бу борадаги қонунчиликни тушунтириш мақсадида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят суди судьяси Гулнафис Худойбердиева, пандемия даврида бутун дунёда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатиш, оилавий низолар ва никоҳни бекор қилиш ҳолатлари ошиб бораётгани, бу вазият Ўзбекистон ҳудудини ҳам четлаб ўтмагани, ҳисобот даврида судлар томонидан жами 7556 та фуқаролик ишлари кўрилганлиги, кўрилган ишларнинг 1810 таси ёки 23,9 фоизи оила низолари билан боғлиқ ишларни ташкил этиши, оилавий низолар замирида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам кескин ошганлиги, 2020 йил давомида оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ жами 16 нафар шахсга нисбатан 16 та жиноят иши кўрилган бўлса, жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 30 нафар шахсга нисбатан 29 та жиноят иши кўрилганлиги маълум қилди.

Оилавий ажримлар орқасида эр-хотинлар ўртасида фарзанд тарбияси, мулкий ва уй-жой масалалари бўйича кўплаб низолар келиб чиқади. Бундан эса икки тараф ҳам манфаат кўрмайди. Аксинча, эр-хотин ўртасидаги низолар фарзанд тарбиясига ва унинг камолотига жиддий путур етказади холос.

Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликлар натижасида келиб чиқадиган мудҳиш ҳолатларни олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият юритаётган аёллар таркибидан иборат “Ҳуқуқшунос аёллар кенгаши” ташкил этилди. Кенгаш аъзолари зиммасига оилавий ажримлар билан боғлиқ мавжуд ҳолат инобатга олиниб тажриба сифатида Навоий шаҳридаги 31 та МФЙга ҳуқуқшунос аёлларни бириктириш ва маҳаллалардаги ижтимоий аҳволи оғир, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан якка суҳбатлар ташкил этиш орқали уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Сўнгра, Кенгаш аъзолари томонидан Навоий вилояти “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш” марказида оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган иш қидираётган хотин-қизлар аҳволидан хабар олинди.

“Реабилитация марказларида ёрдам сўраб келган аёлларга барча имкониятлар яратилмоқда, хусусан, улар психологик ва тиббий муолажалар олишади, фарзандлари мактабларга жойлаштирилади, лекин бу аёл эртага жамиятга, оилага қайтиши керак. Оиласида зўравонликка учраган аксарият аёллар у ерга қайтишни исташмайди. Улар келгусида яшашлари учун уй-жой масаласи, ўзларини таъминлаши учун иш топиш, касб-ҳунар ўрганишлари каби муаммолар туғилади”-дейди марказ директори Мўътабар Султоновна.

         “Оилада доимий келишмовчилик, тазйиқ ҳолатлари  бўлганлиги сабабли, қизим билан кўчада қолдим, марказга келиб мурожаат қилганимда менга ёрдам кўрсатилди, қизим фуқаролик паспортини йўқотиб қўйган эди, ҳозирги кунда янги паспорт олинишига марказ томонидан ёрдам кўрсатилмоқда, уй-жой билан таъминлаш масаласида ҳам амалий ёрдам кўрсатилса, қизим билан бирга яшар эдик”-дейди фарзандининг келажагига қайғураётган аёллардан бири.

         Бу борада аёлга Навоий шаҳар ҳокимлигига ётоқхона ажратиш масаласида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

         Шунингдек, Кенгаш аъзолари ҳар ойда учрашиб, амалга оширилган ишлар сарҳисоби бўйича маълумотлар алмашиб туриш, аниқланган тазйиқ ва зўравонлик фактлари тўғрисида ўзаро бир-бирини хабардор қилиш, бу ҳолатларга муносабат билдириш чораларини  тўғрисида келишилиб, жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш, тазйиқ ва зўравонликларни бартараф қилиш, уларга қарши курашиш соҳасидаги тадбирларни биргаликда амалга ошириш, қонунчиликни қўллаш амалиётини такомиллаштириш борасида келишиб олинди.

 

 

Навоий вилоят суди  жамоатчилик ва ОАВлар билан алоқалар бўлими