Хусусий ажрим-суд ҳокимияти вазифаларини амалга ошишининг процессуал воситаси
“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддасида суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги белгиланган бўлиб, шундан келиб чиққан ҳолда судлар суд ишларини юритишда ўзига берилган қонуний ваколатлардан фойдаланиб, қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш каби муҳим вазифаларни ҳам амалга оширади.
Хусусий ажрим эса қонун ҳужжатлари асосида судларга юклатилган муҳим вазифаларни бажаришнинг процессуал воситаларидан бири ва қонунчилик ҳужжатларини бузилиш ҳолатларига ва уни бузаётган шахсларга нисбатан суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.
Бошқа суд ҳужжатлари каби суднинг қонуний кучда бўлган хусусий ажрими ҳам барча давлат органлари, жамоаат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажарилиши шарт бўлиб, уни ижро этмаганлик ва бу ҳақда судга хабар бермаганлик учун қонун ҳужжатларида қатъий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 181-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб бермаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 232 моддасида муаян ҳаракатларни содир этиш ёхуд содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек суд ҳужжатини ижро этилишига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Зеро суднинг хусусий ажримини ўз вақтида ва тўлақонли ижро этилиши жамиятда қонунчиликни мустаҳкамлаш ва суд ҳокмиятини обрўсини оширишни муҳим ва таъсирчан воситаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддасига кўра ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъий назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонунчилик ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин.
Хусусий ажрим тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, юридик шахсларга, мансабдор шахсларга, фуқароларга юборилади, улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт.
Юқоридагилар кўра иқтисодий судлар иқтисодий низоларни кўриш жараёнида қонунчилик ҳужжатларини бузилиши низо билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигидан қатъий назар қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳар бир ҳолатда хусусий ажрим чиқаришга ҳақли бўлиб, унинг мақсади қонунчиликни бузилишига барҳам бериш, ҳуқуқбузарликни олдини олиш ва процесс иштирокчиларини ҳуқуқий тарбиялашдир.
Қаҳҳоров Турғунбой,
Навоий вилоят суди судьяси