Эҳтиётсизликнинг оғир оқибати

Даъвогар М.Ю судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда қизи марҳума А.Б 2024 йил 24 декабрда жавобгар Ф.Рнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида содир этилган йўл транспорт ҳодисаси натижасида ҳалок бўлгани, суд Ф.Рни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмига мувофиқ айбдор деб топиб, унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлагани, жавобгар Ф.Рнинг содир этган жинояти натижасидан моддий ва маънавий зарар кўрганлигини билдириб, жавобгардан етказилган моддий зарар учун 23.000.000 сўм, маънавий зарар учун 500.000.000 сўм товон ундириб беришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича жавобгар Ф.Р 2024 йил 20 июль куни 06:30 ларда Нуробод тумани “Жарқудуқ” МФЙ худудидан ўтувчи 4R-54 “Каттақўрғон-Ингичка” автомобиль йўлининг 23 км.да бошқарувида бўлган “Нексия-3” русумли, 85О112МА давлат белгили автомашинасини “Каттақўрғон” йўналишида бошқариб бориб, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, бошқарувида бўлган “Нексия-3” русумли автомашина тезлигини ошириб, йўлнинг ўнг қия бурилиш жойига келиб руль бошқарувни йўқотиши оқибатида автомашина йўлнинг ўнг қисмига ағдарилиб кетиб, йўл транспорт ҳодисаси содир қилган ва бунинг натижасида йўловчи А.Б олган оғир тан жароҳатлари сабабли шифохонада вафот этишига сабабчи бўлган. 

Жавобгар Ф.Рга нисбатан жиноят ишлари бўйича Нуробод Хатирчи туман судининг 2024 йил 26 сентябрь кунидаги ҳукмига кўра у Ўз.Р ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга Ўз.Р ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмига асосан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1021-моддасига кўра, маънавий  зарар  уни  етказувчининг  айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан  қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 28.04.2000 йилдаги 7-сонли “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорининг 13-бандига кўра маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда судлар жабрланувчининг унга етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, зарар етказувчи ва жабрланувчининг айб даражалари ва зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларини ҳисобга олишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 999-моддасига кўра фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахслар ва фуқаролар (транспорт ташкилотлари, саноат корхоналари, қурилишлар, транспорт воситаларининг эгалари ва бошқалар) ошиқча хавф манбаи етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмасалар, тўлашлари шарт.

Иш ҳужжатларида мавжуд маълумотлардан аниқланишича жавобгар Ф.Р томонидан “Нексия-3” русумли 85О112МА давлат белгили автомашинада содир этилган йўл транспорт ҳодисаси фуқаро Ш.Тга тегишли автомашинада содир этилган бўлиб, судда аниқланган ҳолатларга кўра Ш.Т автомашинасини Ф.Рга ихтиёрий равишда ташлаб кетган, ишда автомашина эгасининг тасарруфидан ғайриҳуқуқий тортиб олингани бўйича далил исботлар мавжуд эмас.

Юқорида қайд этилган қонун талабларига кўра суд даъвони қисман қаноатлантиришни лозим топди.

Жавобгар Р.Фдан даъвогар Ю.Мнинг фойдасига етказилган моддий зарар учун 2.200.000 сўм, жавобгарлардан даъвогар Ю.Мнинг фойдасига етказилган маънавий зарар учун 50.000.000 сўм товон солидар тартибда ундиришга қарор қабул қилинди.

Бир сўз билан айтганда жавобгарнинг эҳтиётсизлиги шундай оғир оқибатларга олиб келганлигидан бошқалар ҳам хулоса чиқариши, автоуловни бошқарганда ўз тақдирига ҳам бошқалар тақдирига ҳам бефарқ бўлмаслиги керак деб ҳисоблаймиз.

 

Бабақулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси