Ёндашув самарасиз қолмади
Республикамизнинг барча ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида “Яраштириш комиссия”лари фаолият юритади. Зарафшон туманлараро фуқаролик суди раиси А.Шукуров комиссиянинг фуқароларни оила ва маҳаллаларда тинч-осойишта, ҳамжиҳатликда яшашига кўмаклашиш, оилавий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини миллий ва маънавий қадриятларимизга таянган ҳолда кенг тарғиб этиш каби асосий вазифасига кўмаклашиш мақсадида маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари билан учрашди.
Хусусан, “А.Навоий” МФЙ, “Кончилар” МФЙ, “Наврўз” МФЙ ва “Геолог” МФЙда ажрим ёқасидаги оилалар аниқланиб, Оила ва хотин -қизлар бўлими бошлиғи, Дин ишлари буйича имом хатиб ва отинойилар жалб қилинган ҳолда мазкур оилалар билан учрашилди. Уларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди буюртмасига биноан ҳаётий воқеалар асосида суратга олинган “Фарзанд омонат” номли қисқа метражли фильм намойиш қилинди.
Фильмда ота-онанинг фарзанди олдидаги мажбуриятларини унутиб қўйганлиги оқибатида, норасида болаларнинг сояда қолаётган тақдирининг аянчли оқибатлари муҳокама қилиниши ўз самарасини бермасдан қолмади, натижада 4 та оила яраштирилган бўлса, 2 та оилага ярашиш учун муҳлат берилди”-дейди Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Л.Турсунова.
Зеро, оилада эру-хотин фарзанд тарбиясида бирдек масъуллигини англаши, келиб чиқадиган низоларни тинч йўл билан келишган ҳолда бартараф этиш, оилани сақлаб қолишнинг барча чораларини кўриш келажакда келиб чиқадиган янги низоларни олдини олишга хизмат қилади.
Анвар Шукуров
Зарафшон туманлараро фуқаролик суди раиси