“Ўзбекистон-2030” тараққиёт сари янги қадам

Суд тизимининг босқичма-босқич демократлаштирилиши, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш самарадорлигини ошириш ҳар бир қабул қилинаётган қонунларнинг асосий мезонига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этишда назарда тутилган ислоҳотлар авваламбор, Конституция ва қонунларнинг устуворлигига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга хизмат қилади. Хусусан, 4-мақсад қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишга бағишланган бўлиб, унда қонун устуворлигини таъминлаш борасида қуйидаги устувор мақсадлар қамраб олинган.

Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш. Бу мақсадни амалга ошириш борасида, аҳоли пунктларида икки ва ундан ортиқ полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини (тугмали) светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга оширишга қаратилган самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган.

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш. Таъкидлаш жоизки бу мақсадга, маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш, маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш орқали эришилади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш. Бу борада, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш, суд тизимини бошқаришга судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш, жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш, бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш орқали амалда бажарилиши назарда тутилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш. Мақсаднинг муҳим йўналишлари, ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш, далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқларни жорий қилиш орқали тўлиқ рақамлаштириш, суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизини хусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш, жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтириш, 100 фоиз жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлашни ташкил этади.

Адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш хусусидаги мақсад, адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигини таъминлаш, адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш, адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш каби йўналишларни ўз ичига қамраб олган.

Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттиришга қаратилган мақсадга «Transparency International» халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга эришиш, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробарга камайтиришга эришиш, давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш 100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш орқали эришилади.


Анвар Исоков

Навоий вилоят судининг судьяси,

 

Бобир Имомов

Навоий вилоят судининг судьяси.