Қарздорлик ундириши белгиланди, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири ҳисобланади.

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди томонидан Нурота туман адлия бўлими даъвогар “Young Ideal” масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, жавобгар Нурота туман ободонлаштириш бўлимидан 85.781.150 сўм етказиб берилган товарлар қийматини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, тарафлар ўртасида 2023 йил 25 декабрь куни 14-сонли, 2023 йил26 декабрь куни 11-сонли, 2023 йил 25 декабрь куни 15-сонли олди-сотди шартномалари тузилган.

Бироқ, тарафлар ўртасида тузилган шартномалар Нурота туман ғазначилик бўлимининг маълумотига кўра ғазначиликдан рўйхатдан ўтказилмаган.

Даъвогар томонидан жавобгарга 85.781.150 сўмлик товарлар етказиб берилган. Мазкур ҳолатлар ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришлари, ишдаги ёзма далиллар, хусусан, шартнома, ҳисоб-фактура, таққослаш далолатномаси ва бошқа ҳужжатлар билан ўз исботини топган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинги ўринларда ФК деб юритилади) ФК 234-моддасига кўра, мажбурият фуқаровий ҳуқуқий муносабат бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳаказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.  

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 203-сонли Пленум Қарорининг 8-бандига кўра, судларга тушунтирилсинки, агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги кўрсатилган.

ФКнинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Шунга кўра, Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъвогар “Young Ideal” масъулияти чекланган жамияти фойдасига, жавобгар Нурота туман ободонлаштириш бўлимидан 85.781.150 сўм етказиб берилган товарлар қиймати ундиришни лозим деб топди.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг (кейинги щринларда БК деб юритилади) 122-моддасига кўра, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлари бўйича товарларни етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар, шунингдек уларга киритилган ўзгаришлар ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлимларидан рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга кириши белгиланган.

БКнинг 187-моддасига кўра, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини уларни олиш (улардан фойдаланиш) шартларига мувофиқ бўлмаган мақсадларга молия йили давомида йўналтириш бюджет интизомини бузиш деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддасига кўра, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Шу боис суд, суд муҳокамасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларида давлат идораларининг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаркатсизлиги)ни ижтимоий хавфлилик хусусиятини фақатгина қўшимча текшириш, дастлабки терговолди суриштирув ишларини олиб бориш орқали аниқлаш мумкинлиги сабабли, иш бўйича хусусий ажрим қабул қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаб Нурота туман прокуратурасига мазкур ҳолатга қонуний баҳо бериш учун хусусий ажрим киритди. Киритилган хусусий ажримга асосан айбдор шахсларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди. 

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, қонун талаби қатъий, унга амал қилмаслик қонунбузилиш ҳолатларини келтириб чиқаради, қонунбузилишга нисбатан эса ҳар доим жазо муқаррар эканлигини унутмаслигимиз лозим.

 

 

 Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси.