Қарздор корхона фаолияти тикланди
Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва рақобатни ошириш бўйича кенг кўламли, ўта муҳим чора-тадбирлар ва ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бунинг натижасида юртимиз иқтисодиёти янада мустаҳкамланиб, аҳоли даромади ошиб бормоқда.
Албатта, замонавий дунёда мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлашда тадбиркорликнинг ривожланганлиги ўта муҳимдир.
Тадбиркорлик таваккалчиликка асосланган фаолият тури бўлганлиги сабабли ҳам бизнес режалар ва мақсадларни кўзланган муддат ва миқдорларда амалга ошириш имкони бўлавермайди. Бу ҳолат, албатта, шартнома тарафларининг ўз мажбуриятларини ўз вақтида тўлиқ бажариб бориши, чет мамлакатлардаги иқтисодий вазиятларнинг жиддий ўзгариши, турли кўринишдаги форс-мажор ҳолатлар ва бошқа шу каби омилларга боғлиқдир.
Бунинг натижасида эса тадбиркорлик субъектлари турли хилдаги қийинчиликларга, тўловга қобилиятсизликка дуч келиб, иқтисодий ночорлик ҳолатига тушиб қолиши мумкин.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) айнан шундай аҳволга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имкон бериш орқали иқтисодиётга ижобий таъсир ўтказмоқда.
Хусусан, кредитор Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, қарздор “Поток траде Азия” масъулияти чекланган жамиятини соддалаштирилган таомил бўйича тўловга қобилиятсиз деб топишни сўраган.
Суднинг 2023 йил 6 январдаги ҳал қилув қарори билан қарздор корхона тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш бошланган.
Тугатиш ишлари жараёнида қарздор корхонанинг молия-хўжалик фаолияти доимий равишда таҳлил қилиб борилиб, ўз фаолиятини қайта тиклаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилган.
Бунинг натижасида қарздор бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалардан 37.707.437 сўмлик, давлат божидан 900.000 сўмлик, почта харажатидан 24.000 сўмлик кредиторлик қарзини тўлаб бериб, ўз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш истагини билдирганлиги, қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги сабабли суд томонидан тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш юритишни тамомлаш ва қарздор фаолиятини тиклаш лозим деб топилган.
Зеро, Қонуннинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга келган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Қонуннинг амалга киритилиши тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини ошириш имконини беради.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.