Қонунчилик талабини бузиш оқибати ёхуд қарс икки қўлдан чиқади

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК)нинг 9-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилиб, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари кераклиги белгиланган.

Албатта, бу қайсидир маънода фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг асосий мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирган нормалардан биридир.

Бугунги кунда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ривожлангани ва кенгайиб боргани сари унда ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ҳамда субъектив мажбуриятларини ўз вақтида тўлиқ бажариш билан бир қаторда шартномавий муносабатларни тўғри, ўз вақтида расмийлаштиришда ҳуқуқ ва қонун талаби бузилиши ҳам ортиб бормоқда.

Хўш, бунга қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

Бош Қомусимизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олиниши, давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритиши белгиланган.

Алоҳида эътибор беришимиз керакки, субъектларнинг жойлашиш кетма-кетлиги бўйича мазкур Конституциявий нормада фуқаролардан кўра давлат органлари ва унинг мансабдор шахсларининг Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритиши муҳимроқ этиб белгиланган.

Бироқ, суд амалиётида кўрилган айрим ишлар таҳлилидан давлат органлари ва муассасаларида қонунчиликнинг мазкур талабларига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги, натижада қонунчилик ҳамда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилаётганлигини кўриш мумкин.

Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси «O.E» масъулияти чекланган жамияти манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Навоий давлат университетидан 464.588.186 сўм бажарилган ишлар қийматини ундиришни сўраган.

Ишдаги материаллардан ва суд муҳокамасида аниқланишича, жавобгарнинг биноларида даъвогар томонидан қурилиш-монтаж ишлари бажарилганлиги юзасидан жами 464.588.186 сўмлик далолатномалар расмийлаштирилиб, ушбу сумма доирасида қарздорлик мавжудлиги юзасидан икки томонлама тасдиқланган солиштирма далолатнома тузилган.

Мазкур даъво аризасига даъвогар томонидан 2024 йил 23 сентябрдаги 74.970.000 сўмлик В1043885-сонли шартнома илова қилинган бўлсада, ушбу шартнома тарафларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланмаган, шунингдек жами 464.588.186 сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажариш юзасидан шартнома тузилмаган.

Зеро, ФКнинг 108-моддасида юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари оддий ёзма шаклда тузилиши кераклиги белгиланган.

Шунингдек, жавобгар бюджетдан маблағ олувчи ташкилот бўлганлиги боис тарафлар ўртасида қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши юзасидан тегишли тартибда шартнома тузилиши ва у Ғазначиликда рўйҳатга олиниши лозим эди.

Аммо, Навоий вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси томонидан тарафлар ўртасида 2024 йил 23 сентябрдаги В1043885-сонли шартнома Ғазначилик бошқармасида рўйҳатдан ўтказилмаганлиги маълум қилинган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмига кўра, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Қайд этилган ҳолатлардан хулоса қилиш мумкинки, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг Ғазначиликда рўйҳатдан ўтказилмаганлиги, бунинг оқибатида ушбу битим кучга кирмаганлиги ва тузилмаганлиги сабабли мазкур шартнома доирасида жавобгарнинг тўловларни амалга ошириш мажбурияти юзага келмаган.

Натижада Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг 2025 йилнинг 16 июль кунидаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 200-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Шунга кўра, суд мазкур иш доирасида юқоридаги каби ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини батафсил ўрганиш мақсадида Навоий давлат университети масъул ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан хусусий ажрим чиқариб, хусусий ажримда кўрсатилган ҳолатлар бўйича масъул ходимларнинг хатти-ҳаракатларида ҳужжатларни сохталаштириш ёки қалбакилаштириш, давлат мулкини талон-тарож қилиш ёхуд бошқа қонунсиз ҳолатларга йўл қўйилганлиги ёки йўқлигига қонуний баҳо бериш учун хусусий ажрим Навоий вилоят прокуратурасига юборилган.

Хусусий ажрим ижроси юзасидан тақдим этилган маълумотда Навоий давлат университети масъулларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1758-моддасининг биринчи қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, мазкур иш кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судига юборилганлиги маълум қилинган.

Албатта, суднинг хусусий ажрим чиқаришдан асосий мақсади кимнидир жазолаш эмас, балки қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва унга келгусида йўл қўймасликдир.

Ҳолбуки, суднинг вазифаси нафақат корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, балки қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан ҳам иборатдир.

Мақола сўнгида кўтарилган долзарб масаланинг нозик хусусиятига тўхталмоқчиман, хўш суд амалиётида кўрилган ва юқорида келтириб ўтилган низонинг келиб чиқишига аслида ким айбдор ?!!

– қонун талабига амал қилмаган давлат муассасасими ёки унинг маъмурий жавобгарликка тортилган мансабдорларими, нега улар қонунчилик талабига риоя қилишмади?

– ёхуд қурилиш ишларини бажаришдан олдин уни бошлаш учун барча зарур тартиб-таомиллар бажарилганлигига, ҳужжатлар, хусусан шартномалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда Ғазначиликда рўйхатга олинганлигига, шартнома доирасида қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятга эга эканлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина ишларни бажаришга киришиши шарт бўлган, аммо бунга амал қилмаган тадбиркорми, ахир бу борада аксарият қурулиш-таъмирлаш ихтисослигидаги тадбиркорларнинг кўп йиллик тажрибаси мавжудку?

Низолашаётган икки тарафнинг қонун талабларини четлаб ўтишга бўлган уринишлари мазкур низони келтириб чиқаргандир, балки …

Мақолада иш ҳолатларини кенгроқ ёритишдан асосий мақсад даъвогар ёки жавобгарнинг ишчанлик обрўсига путур етказиш эмас, балки кўтарилган ушбу масала ижтимоий тармоқларда кенг ёритилганлиги, турли баҳс-мунозара ва эътирозларга сабаб бўлаётганлиги инобатга олиниб, қолганлар ҳам ушбу ҳолатардан ўзларига тегишли хулосалар чиқаришини ва сабоқ олишларини таъминлашдир.

Ваҳоланки, улар ҳам қонун талабини бажармасдан, уни четлаб ўтиб, ўз режаларини амалга ошириш ниятида юрган бўлишлари мумкин. Бу эса уларнинг келгусида зарар кўришларига ва жавобгарликка тортилишларига олиб келиши мумкинлиги юқорида келтирилган мисол орқали тушунтириб ўтилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, ҳуқуқимиз бузилишининг олдини олиш учун, энг аввало, ҳар биримиз, айниқса давлат хизматчилари амалдаги қонунларимизга нисбатан ҳурматда бўлиш, унга амал қилиш ва фақатгина қонунга мувофиқ иш юритиш талаб этилади.

Зеро, қонун уни бузиш учун эмас, балки амал қилиш учун қабул қилинади.

 

Тимур Абдраманов,

Навоий вилоят суди раиси ўринбосари

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси