Қонун билан киритилган далилларнинг янги тури
Далилларга доир нормалар муайян жараёнлар таъсирида ривожланиб борган бўлиб одат ҳуқуқи ва кейинчалик шариат нормалари амал қилган вақтларда ҳам далиллар масаласи суд ишларини юритишда энг муҳим ҳал қилувчи аҳамият касб этган.
“Далиллар” тушунчаси, уларга қўйиладиган талаблар, далилларни тўплаш тартиби, манбалари ва усулларининг замон талаблари асосида такомиллаштирилган кўринишлари пайдо бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 65-моддасининг биринчи қисмига кўра, иш бўйича далиллар ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган фактлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар асосида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг арз қилинган талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди.
Кодекс ушбу моддасининг 2024 йил 21 ноябргача бўлган таҳририга кўра, далиллар – ёзма ва ашёвий далиллар иборат эди.
Ҳозирги замонда рақамли технологияларнинг жадал суратда кириб келиши ва улардан кенг равишда фойдаланиш, далилларнинг янги турини жорий этилишига олиб келди.
Шунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 65-моддасининг биринчи қисмига ўзгартириш киритилиб, қонуннинг ушбу нормаси билан далилларнинг янги тури Кодексга киритилди. Яъни, далиллар нафақат, ёзма ва ашёвий, балки “рақамли далиллар”дан ҳам иборат бўлиши қонунда белгиланди.
Қонунга қиритилган ушбу ўзгартириш, рақамли далилларга таъриф беришни тақозо этишлиги сабабли, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси “Электрон маълумотлар” деб номланувчи 751-модда ва “Рақамли далиллар” деб номланувчи 752-модда билан тўлдирилди.
Қонунда берилган таърифга кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллардир.
Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.
Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далиллар мустасно.
Суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио – ва видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни билан далилларга оид янги нормалар нафақат Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига, балки бошқа процессуал Кодексларга ҳам киритилган бўлиб, қонунга киритилган бундай ўзгартириш судлар томонидан қонуний ва асосли қарорлар қабул қилиш билан бирга, юридик ва жисмоний шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини одил судлов йўли орқали тиклашга хизмат қилади.
Муродов Акмал,
Навоий вилоят маъмурий судининг раиси