Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири туради
Аҳолининг эртанги кунга ишончи ортиши ва бугундан розилик ҳисси билан яшашини таъминлашда мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда юзма-юз мулоқотларнинг самараси бўлакча.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сайёр қабуллар ўтказиш бўйича иш режасига асосан Олий суд, Бош прокуратура ҳамда қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳнинг Навоий вилоятидаги уч кунлик сайёр қабуллари бунинг ёрқин ифодасидир.
Хусусан, мазкур тадбир давомида Олий суд мутахассислари томонидан жами 347 нафар фуқаронинг дарду ташвишлари тингланиб, уларнинг 141 таси жойида ижобий ечимини топди. 27 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал этиш учун қабул қилинди ва ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди. Қолган мурожаатлар бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Сайёр қабулнинг дастлабки кунида Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳақли талаблар жойида қаноатлантирилди.
— Зарафшон шаҳрида ўтказилган ушбу қабулда 67 нафар фуқаро мурожаат этган бўлса, шуларнинг 44 тасини жиноят ишлари, 18 тасини фуқаролик, 4 тасини маъмурий ва биттасини иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатлар ташкил этади, — дейди Олий суд раиси ўринбосари Б. Исаков. — Ушбу мурожаатларнинг 29 таси ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди. Шунингдек, 4 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида кўриш учун қабул қилиниб,тегишли судлов ҳайъатига ўтказилди. Сайёр қабулда жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди томонидан 2, жиноят ишлари бўйича Томди туман суди томонидан 1, жами 3 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. 25 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари енгилроғи билан алмаштирилди.
— Тўртта ҳудудда ўтказилган сайёр қабулларда жами 35 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, — дейди Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. — Шунингдек, 30 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари енгилроғи билан алмаштирилиб, 66 нафар шахсга нисбатан ўташ учун тайинланган жазо умумий тартибли колониядан манзил колонияда ўташи белгиланди. 3 та жиноят иши эса тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро ҳамда Учқудуқ туман суди томонидан 10 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан, шунингдек, Учқудуқ туман суди томонидан 14 нафар шахсга нисбатан иш ҳақини ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, фуқаролар фойдасига жами 91.881.897 сўмлик иш ҳақини ундириш юзасидан ижро ҳужжатлари тайёрланди.
Сайёр қабулнинг иккинчи кунида Навоий шаҳри ҳамда Кармана туманларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Шу ернинг ўзида Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси Акбар Хамидов томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, аризачи Навоий вилоят давлат солиқ бошқармасининг жавобгар «Хатирчи пилла хазинаси» МЧЖга нисбатан 94.721.527 сўм миқдорда молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги даъвоси кўриб чиқилди.
Сайёр суд мажлисида тадбиркор тушунтириш бериб, импорт операциялари бўйича дебитор қарздорлик тўлиқ бартараф этилган бўлсада, солиқ идораси томонидан унга нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисида ариза киритилганини маълум қилиб, аризани қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Суд тарафларнинг тушунтиришларини ҳамда ишдаги мавжуд ҳужжатларни атрофлича ўрганиб, солиқ органи томонидан асоссиз ариза берилгани сабабли уни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди. Яъни тадбиркорлик субъектига нисбатан 94.721.527 сўм миқдордаги молиявий жарима қўлланилиши рад этилди.
Сайёр қабулларда иқтисодий судлар томонидан 15 та ишлар суд мажлисларида кўрилиб, шундан тадбиркор(даъвогар)лар фойдасига жами 6.162.306.122 сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди.
Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди томонидан 2022 йил апрель ойининг ўтган даврида «Табиатни биологик ҳимоя қилиш» масъулияти чекланган жамияти фойдасига жами беш нафар хўжалик юритувчи субъектлардан етказиб берилган маҳсулотлар учун тўланмаган 92.169.793 сўмлик қарздорликлар ундириб берилди.
Сайёр қабулда судлар томонидан ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор 3 та оила яраштирилди.
Таъкидлаш жоиз, сайёр қабулдаги мурожаатларнинг барчаси ҳам жўяли эмас. Бироқ 170 га яқин мурожаатнинг ижобий ечим топгани ушбу тадбир туфайли шунча хонадондан ташвиш ариб, қувонч кирди, деганидир. Зотан, фуқаронинг мурожаат ортидаги ташвишини чуқур ўрганиш, ечимини топиш суд идораларига халқнинг ишончини ҳам белгилайди. Шунингдек, у жамиятда адолат барқарорлигининг гарови ҳамдир.