Қидирув:

СУД ТАРТИБИДА ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШ ЁХУД БОЛАНИНГ ОТАСИ КИМ?

Оила –башарият яратган бебаҳо, ноёб маънавий қадриятдир,қалбнинг иймонли ва рахмонлиги ёки , аксинча, бағиртошлик ва иблислик ҳам оилада шаклланади.Оиланинг мақсад ва вазифаси фарзандларини жисмонан баққувват, руҳан, тетик интелектуал салоҳияти баланд комил инсонлар қилиб тарбиялашдан иборат

Одам боласи — ажиб хилқат: фарзанд кўрмаса, кўнгли ўксийди, аксинча, боласи бўлса ҳам нолийди. Ўғли бўлса, қиз сўрайди, қизи бўлса, ўғил тилайди. Иссиғига ҳам, совуғига ҳам чидамаслик шу бўлса керак. Умуман, одамлар ота-оналик неъматига кўра тўрт турли бўлади:

  1. Аллоҳ кимгадир фақат ўғил фарзанд беради.
  2. Қай бирига фақат қиз беради.
  3. Яна бирига қиз ва ўғилни баравар беради.
  4. Бошқа бирини фарзанд неъматидан бенасиб қилади.

Аввалги уч турли одамлар ато этилган фарзанд неъматининг ўзларига омонат эканини баъзан англайди, баъзан эса йўқ. Аслида, омонатга хиёнат қилинмайди – гуноҳ бўлади. Бола туғилгач унинг отаси ва онаси зиммасига маълум мажбуриятлар юкланади. Улар: чиройли исм қўйиш, ақиқа қилиш, гўзал одоб ўргатиш, илм бериш, вояга етганида уйлаб қўйиш.

Инсон ҳаётида насл-насаб энг муҳим шахсий масала ҳисобланади.У шахснинг жамиятдаги ўрни,халқ орасидаги обру –эътибори,шунингдек оила ришталарини боғлаш  масалаларига таъсир қилмай қолмайди.Инсоннинг насл-насабини белгилашдаги энг муҳим занжир унинг қайси ота-онадан туғилганлигини аниқлашдир.

Оталикни белгилашда энг муҳим омиллардан бири оталикни тан олишдир.Оталикни тан –боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг болани ўзини боласи сифатида эътироф этишидир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 62-моддаси 1-қисмига асосан ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, ушбу Кодекснинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.

 

2020 йил, 2021 йил ва 2022 йил 1-чорак мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан оталикни белгилаш билан боғлиқ кўрилган ишлар статистикаси

 

Йиллар

Жами кўрилган

Шундан

қаноатлантирилган

рад қилинган

Иш юритиш тугатилган

кўрмасдан қолдирилган

Навоий вилояти

1

2020

63

50

1

1

11

2

2021

60

51

2

 

7

3

2022 йил 1-чорак

16

11

 

 

5

 

Жами

139

112

3

1

23

 

Бундай тоифадаги ишларни судда кўришга тайёрлашда авваламбор, судларга тааллуқлик қоидаларига эътибор бериш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси  34-моддасининг 3-қисмига кўра оталикни  белгилаш тўғрисидаги даъволар жавобгар ёки даъвогар ўзи яшаб турган жойда жойда ҳам тақдим этилиши мумкин. Оталикни белгилаш ФХДЁ органларида, агар оталикни бегилаш билан боғлиқ низо мавжуд бўлган тақдирда оталик суд томонидан амалга оширилади.

Агар боланинг ота-онаси қандайдир сабабларга кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига унинг келиб чиқиши (насл-насаби) тўғрисида биргаликда ариза бермаган бўлсалар, оталик суд томонидан белгиланади.

Оталикни белгилаш ҳақидаги ариза суднинг иш юритувига фақат бола туғилганлиги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилганидан сўнг ва отаси ҳақидаги ёзув Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси  207-моддасининг 3-қисмига мувофиқ амалга оширилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда қабул қилиниши мумкин. ФХДЁ органларида боланинг туғилганлиги қайд этилмаган бўлса, суд аризани қабул қилишни рад этади. Бундай ҳолда суд манфаатдор шахсга туғилишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.

Амалиётга оталик билан боғлиқ қуйидаги талаблар учрайди:

Оталикни белгилаш;

Оталик фактини белгилаш тўғрисидаги;

Оталикни тан олиш фактини белгилаш тўғрисида;

Оталикка эътироз билдириш тўғрисида;

Оталик ҳақидаги қайдга эътироз билдириш тўғрисида.

Боланинг отаси тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилган ёзув бола унда кўрсатилган шахсдан келиб чиққанлигини тасдиқловчи далил ҳисобланиши туфайли, туғилиш тўғрисидаги далолатнома ёзувида Ўзбекистон Республикаси ОКнинг  207-моддасининг 1 ва 2-қисмига мувофиқ боланинг отаси сифатида бошқа аниқ шахс кўрсатилган ҳолда ҳам суд аризани қабул қилишни рад этади.

Оталикни белгилаш ҳақидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

– боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси;

– тарафларнинг биргаликда яшаб, умумий хўжалик юритганлиги тўғрисидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома;

-тарафларнинг ёзишмалари;

-жавобгарнинг пул юбориб турганлиги ва бошқа моддий ёрдам бериб турганлигини тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатлар.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик мақсадида тарафларнинг илтимосномасига кўра оталикни белгилаш ҳақидаги иш ёпиқ суд мажлисида кўрилади.

Даъвогар ва жавобгар билан суҳбат ўтказиш орқали улар ўртасидаги ҳақиқий муносабатларни аниқлаш чораларини кўриши, низони тарафларнинг ўзаро розилиги билан ҳал этиш имкониятини аниқлаши, зарур ҳолларда, ОК 62-моддасида кўрсатилган шартларни тасдиқловчи далилларни  талаб қилиб олиши лозим.

Оталикни белгилашни сўраб судга мурожаат қилишга ваколатли шахслар қуйидагилар;

Ота-онадан бири

Боланинг васийси;

Бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахс;

Бола вояга етганидан кейин унинг ўзи.

Агар суҳбат давомида жавобгар боланинг отаси эканлигини тан олса, суд тарафларга оталикни ОК 61-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига биргаликда  ариза бериш орқали ихтиёрий расмийлаштириш имкониятини тушунтириши ва шу мақсадларда тарафларга муайян муддат бериши лозим.

Оталик тарафларнинг биргаликдаги аризасига асосан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланган ва боланинг туғилганлиги ҳақида гувоҳномаси тақдим этилганда, суд ФПК 100-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ иш бўйича иш юритишни тугатади. Агар оталикни белгилаш ҳақидаги даъво билан бир пайтда алимент ундириш тўғрисида талаб қўйилган бўлса, ишнинг шу қисми суд томонидан умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.

Оталик тарафларнинг биргаликдаги аризасига асосан ФХДЁ органи томонидан белгиланган ва боланинг туғилганлиги ҳақида гувоҳномаси тақдим этилганда , суд Ўзбекистон Республикаси  ФПК 100-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ иш бўйича иш юритишни тугатади. Агар оталикни белгилаш ҳақидаги даъво билан бир пайтда алимент ундириш тўғрисида талаб қўйилган бўлса, ишнинг шу қисми суд томонидан умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.

Оталикни белгилаш шартлари, тартиби ва ҳуқуқий оқибатлари қонун билан белгиланганлиги сабабли, суд бундай иш бўйича келишув битимини тасдиқлашга ҳақли эмас.

Суд давогарнинг даъводан воз кечиши ҳақидаги талабини муҳокама қилишда даъвогарнинг даъвосидан воз кечишининг ихтиёрийлигига асосланганлигига, иккинчидан бу боланинг манфаатларига мос бўлишига ишонч хосил қилиши керак. Агарда даъводан воз кечиш қонунга ҳилоф ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қилса, суд бундай воз кечишни қабул қилмасликка ҳақли. Бундан ташқари суд даъвогарга даъводан воз кечишнинг оқибатларини тушунтириши ва такроран бундай даъво талаби билан судга мурожаат қилишга йўл қўйилмаслигини тушунтириши лозим.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда қуйидагилар эътиборга олиниши лозим.

Тарафлар биргаликда яшаганми ёки умумий рўзғор юритишганми, деган масалани ҳал этишда суд алоҳида олинган ҳар бир ҳолда ишнинг муайян ҳолатларидан ва тарафлар ҳаётининг ҳаётининг объектив шарт-шароитларидан келиб чиқиши лозим.

Бола туғилгунга қадар тарафлар ўртасида бундай муносабатларнинг тугатилиши, ўз-ўзидан оталикни белгилаш тўғрисидаги даъвони рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди, улар ҳомиладорлик бошлангунга қадар тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

Болани биргаликда тарбия қилиш боланинг онаси ва жавобгар билан бирга яшаганлигида ёки жавобгарнинг бола билан муносабатга киришиб, унга нисбатан оталарча ғамхўрлик ва эътибор кўрсатганлигидан намоён бўлади.

Боланинг биргаликда таъминлаб турилиши деганда, бола онаси ва жавобгарнинг қарамоғида бўлганлиги ёки жавобгар томонидан бола таъминоти учун муттасил ёрдам кўрсатилиб келинганлиги, бундай ёрдам миқдоридан қатъий назар, тушунилиши лозим.

Жавобгар томонидан оталик тан олинганлигини тасдиқловчи бошқа далиллар сифатида суд ишончли деб топган ҳар қандай фактик маълумотлар (хатлар, телеграммалар, фотосуратлар, анкеталар, турли инстанцияларга ёзилган аризалар), у боланинг отаси эканлигини тан олганлигини тасдиқловчи бошқа ҳаракатлар, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатувлари бўлиши мумкин. Бундай иқрорлик онанинг ҳомиладорлиги даврида ҳам (Масалан, болалик бўлишни хоҳлаш, бўлажак боланинг онаси ҳақида ғамхўрлик), бола туғилганидан сўнг ҳам ифода этилиши мумкин.

Даъвогар Д. жавобгар Шга нисбатан 2021 йил 11 август куни тўғилган И.Д исмли фарзандига нисбатан оталикни белгилашни ҳамда Шдан ўзининг фойдасига вояга етмаган 2021 йил 11 август куни туғилган И. исмли фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириб бериш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган.

Даъвогарнинг фарзандига жавобгарнинг оталиги белгиланган;

Иш материалларидан кўринишича, тарафлар шаърий никоҳ асосида бирга яшаган.

Даъвогар Д. 2021 йил 11 август куни фарзанд кўрган.

Вояга етмаган И.нинг туғилганлиги тўғрисида  ФҲДЁ бўлими томонидан 2021 йил 13 август куни 1-2101-21-00496-сонли далолатнома ёзуви қайд этилган.

Ушбу туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада даъвогарнинг фарзандининг отаси графасида  жавобгар  кўрсатилган.

МФЙнинг  далолатномасида даъвогар билан жавобгар қонуний никоҳдан ўтмасдан, шаърий никоҳдан ўтиб, эр-хотин бўлиб бирга яшаганлиги маълум қилинган.

Биринчи инстанция суди даъвони муҳокама қилиб, тарафлар бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликларини инобатга олиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

Суд қароридан норози бўлиб, судлов ҳайъати мажлисида тушунтириш берган жавобгар , ҳақиқатан даъвогар билан қонуний никоҳдан ўтмасдан 2020 йил 30 июнь кунидан 2020 йил 6 ноябрь кунига қадар бирга яшаб келганликларини, 2020 йил 22 октябрь куни даъвогар “УЗИ” аппаратига тушган ташхисида унинг ҳомиладор эмаслиги кўрсатилганлигини, 2020 йил 6 ноябрь куни даъвогар унинг уйидан чиқиб кетганлигини, унинг фарзанди эса 2021 йил 11 август куни туғилганлигини, даъвогарнинг фарзандининг отаси эканлигига шубҳа қилишини, шу сабабли иш бўйича ДНК экспертизаси тайинлашни сўраган.

Даъвогар дастлабки судлов ҳайъати мажлисида жавобгар билан 2020 йил 30 июнь куни тўйлари бўлиб ўтганлигини ва шаърий нокоҳ асосида эр-хотин бўлиб бирга яшай бошлаганликларини, жавобгар билан 2020 йил 6 ноябрь кунига қадар бирга яшаганлигини, ўзаро келишмовчилик сабаб у ота-онасининг уйига кетганлигини, бу вақтда у ҳомиладор эканлигини билмаганлигини, бу ҳолат унга кейинчалик маълум бўлганлигини, 2021 йил  11 август куни фарзанди туғилганлигини, фарзандини муддатидан ўтиб, операция йўли билан дунёга келтирганлигини, жавобгар билан ўрталарида қонуний никоҳи расман қайд этилмаганлиги сабабли фарзандига ўзининг фамилиясини берганлигини, жавобгар уни ва фарзандининг ҳолидан умуман хабар олмаслигини, фарзандини моддий жиҳатдан таъминламаслигини, агарда жавобгар фарзандини тан олмаса ДНК эспертизаси ўтказилишига қарши эмаслигини ҳақида тушунтириш берган.

Тарафларнинг ДНК экспертизаси ўтказиш тўғрисидаги талабига асосан судлов ҳайъати томонидан суд биологик экспертизаси тайинганган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси маркази томонидан 2022 йил 13 январдаги тақдим этилган 29/13(180)29.1Z/472-сонли экспертиза хулосасига кўра, текширилган локуслар бўйича  Шнинг Ига нисбатан биологик оталиги тасдиқланмаганлиги, текширилган локуслар бўйича Ининг Ига нисбатан биологик оналиги 99,9999823601797% эҳтимоллик даражаси тенглиги кўрсатилган.

Бундан кўринадики, жавобгар Ш. вояга етмаган И.нинг отаси эмас ва унинг моддий таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини олмайди.

Шу сабабли апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб,даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида хулосага келган

Даъвогар томонидан даъво талабида кўрсатилган ҳолатлар жавобгар томонидан тан олинмаганда ва боланинг отасини белгилаш учун етарли асослар келтирилмаган ҳолатда суд боланинг келиб чиқишини (масалан, ҳомила пайдо бўлиш вақтини, уруғлантириш қобилияти бор-йўқлигинива ҳ.к) аниқлаш мақсадида ОК 62-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинлаши мумкин.

Суд исботлаш воситасининг мустақил шакли бўлган эксперт хулосаси, фуқаролик иши қўзғатилгандан сўнг фақатгина қатъий қонун талабига мувофиқ тайинланган ва ўтказилган суд экспертиза натижалари бўлиши мумкин.

Эксперт тадқиқоти объектини талаб қилиб олиш, суднинг эксперт ихтиёрига қўшимча материалларни тақдим қилиш таклифи ишда иштироу этувчи ҳар бир шахснинг ўзлари асос қилиб кўрсатаётган факт ва ҳолатларни исботлаш мажбуриятлари билан бевосита боғлиқ.

Тарафнинг узрсиз сабабларга кўра тадқиқот предметини экспертга топширишдан ёки экспертиза ўтказишда шахсан иштирок этишдан бош тортиши, низолашилаётган хулосага нисбатан қарама-қарши хулосага асос борлигидан гувоҳлик беради.

Суд тарафнинг экспертиза ўтказишдаги иштирок этишдан бош тортишини уни қасддан ёки тортишувлик процессида иштирок этишни ҳоҳламаслиги деб баҳолаши мумкин.

Шунга кўра, қайси тараф узрсиз сабабларга кўра экспертизадан бўйин товлаётганлигига, шунингдек, бу ҳолат у учун қандай аҳамиятга эга эканлигига қараб, суд экспертиза тайинлаш билан аниқланадиган фактни белгилаши ёки рад қилиши мумкин.

Суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси хулосалари исботлаш воситаларидан бири ҳисобланади ва шу сабабли улар иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи бўйича баҳоланиши лозим.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида оталикни белгилашни қайд қилиш учун зарур бўлган маълумотлар (отанинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг туғилган куни, ойи, йили ва туғилган жойи, миллати, доимий яшаш ва иш жойи) кўрсатилиши лозим.

Бундай ишлар ўта мураккаб ишлар тоифасига кирмаслиги сабабли судлар мазкур даъволар бўйича фуқаролик ишини судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриши лозим.

Шунингдек, оталик биологик ота томонидан тан олинмаганда ёки боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс  ўзини боланинг биологик отасиман, деб тахмин қилса-ю она бу нарсага розилик бермаса оталик даъвоси билан судга мурожаат қилиш мумкин. Бундай вазиятда судда оталикни белгилашда далилларнинг уч даражасини ажратиш мумкин.

Биринчи даражали муҳим далил бу – жавобгарнинг боланинг отасилигини тан олиш бўлиб, бундай ҳолатда, агар тахмин қилинаётган ота ўзини боланинг отаси эканлигини тан олса, суд иш ҳолатларини мазмунан текширмасдан, оталикни белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради.

Оталикни белгилашдаги иккинчи даражадаги далил – тахмин қилинаётган отанинг бола туғилишига қадар онаси билан бирга яшаганлиги, умумий рўзғор юритганлиги,  болани биргаликда тарбиялаганлиги ёхуд таъминлаб турганлиги, шунингдек, боланинг отасилигини тасдиқловчи бошқа далилларнинг мавжудлигидир.

Учинчи даражадаги далил бу – тахмин қилинаётган ота билан боланинг қариндошлигини тасдиқловчи тиббий экспертизалар.

Боланинг юридик отаси биологик отаси эмаслиги ҳолатлари бу муаммо эмас. Боланинг биологик отаси ҳисобланмаган шахсларнинг болага нисбатан юридик оталиги вужудга келишига уларнинг розилиги муҳим ўрин тутади, бунда икки хил вазиятни кузатиш мумкин, биринчиси боланинг биологик отаси бўлмаган шахснинг мазкур болага де-юре (қоидага кўра, расмиятчилик учун) ота бўлишида унинг ва бола онасининг эрки муҳим аҳамият касб этадиган ҳолатлар. Ва аксинча, биологик ота бўлмаган шахснинг де-юре боланинг отасига айланишида унинг эркидан ташқари ҳолда оталик белгиланиши мумкин бўлган ҳолатлар. Хусусан, бола туғилганда аёл билан қонуний никоҳда бўлган бироқ, у билан яшамаётган шахс мазкур презумпцияга асосан, боланинг отаси деб ҳисобланади ва белгиланади. Шунинг учун ҳам амалда бузилган ва тарафлар амалда бошқа шахслар билан “оилавий муносабатлар”га киришганда никоҳларни ортиқча тўсиқларсиз бекор қилиш мақсадга мувофиқ.

 

 

Гулнафис  Худайбердиева

Навоий вилоят суди судьяси

СУД ВА ЁШЛАР

 

Навоий Давлат кончилик ва технологиялар Университетида тоғ-кон саноат ихтисослиги бўйича 1700 га яқин талабалар таълим олмоқда.

Жорий йилнинг 27 апрель куни Навоий вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судьялари И.Шоймардонова ва Н.Расулов мазкур даргоҳда таълим олаётган талабалар билан учрашди.

Уларга мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирда қабул қилинган юзасидан тушунтиришлар берилди.

Судья И.Шоймардонова сўзга чиқиб, талабаларга қарз муносабатларининг ҳуқуқий асослари, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти тўғрисида маъруза қилди.

Мулоқот давомида ёш авлоднинг жамиятимизда рўй бераётган ўзгаришларга бефарқ эмасликлари яққол кўзга ташланиб турди.

Университет маъмурияти ва судьялар бундай тартибдаги тадбирларни яна давом эттириш, талабаларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ишларини янада жадаллаштириш масалалари тўғрисида келишиб олишди.

 

 

Нодир Расулов

Навоий вилояти суди судьяси

Ер участкаларидан ижарага фойдаланиш ҳуқуқи тушунтирилди

 

Маълумки, 2021 йил 23 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришда дехқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ ер майдолари электрон танлов асосида ғолиб бўлган фуқароларга топширилиши кўзда тутилган. Ушбу ерлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилмоқда. Бунда асосий мезон – ердан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари этиб белгиланди.

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди раиси Шереали Тогоев томонидан Кармана тумани Дегарон МФЙда яшовчи унумдор ерларни ижарага олган фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Мулоқотларда ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари борасида тушунчалар берилди.

Суд раиси шартноманинг мазмуни, ердан фойдаланиш ҳуқуқи ва мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумотлар берар экан, ер эгаларини бу имкониятдан самарали фойдаланишга чақирди. Учрашув мобайнида ер эгаларига суд томонидан тайёрланган ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича методик қўлланма топширилди.

 

Шерали Тогаев

Фуқаролик ишлари бўйича

Кармана туманлараро суди раиси

ЗЎРАВОНЛИК НИМА? БУНИ БИЛИШИМИЗ ВА УНИНГ ҚУРБОНИ БЎЛМАСЛИГИМИЗ ШАРТ

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор бўлиб, кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган муқаддас оиланинг ўрни, роли беқиёсдир.

Зеро, Оила замирида ҳикмат кўп бўлиб, айнан шу оилада меҳр-муҳаббат, катталарга ҳурмат, поклик, ҳақгуйлик, виждонлилик, одоблилик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, инсон қадр-қиммати каби кўплаб инсонийлик хислатларни шакллантириш асносида мукаммал инсон шаклланади.

Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни ана шу оиладан, қолаверса ўзимиздан бошласак уни илдизи билан қуритиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Конституциянинг 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Шунингдек, оилавий зўравонликка қарши кураш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болаларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётган, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун кенг кўламли ишлар қилинаётган бир вақтда, мазкур соҳадаги ишлар таҳлили оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашда қатор камчилик ва тўсиқлар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.

Чунки, зўравонликнинг барча турлари бизнинг жамиятимизда ҳам ўз соясини яратиб бўлди.

 

Зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик).

Жисмоний ва руҳий зўрлик деган таъсирларнинг маъносини шарҳлашни истадик.

Жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шаклидир.

Руҳий зўравонлик — хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик) да номоён бўлади.

Оиладаги зўравонлик — бу ўзларининг яқинлари (асосан аёллар ва болалар) устидан ҳукмронлик ва назорат қилиш мақсадида, одатда айнан бир шахсга нисбатан жисмоний ва руҳий зўрлик қилишда намоён бўлади.

Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда зўравоннинг жисмоний ва руҳий зўрлиги натижасида хотин-қизлар томонидан ижтимоий хавфли қилмиш содир этиши ҳоллари ҳам кузатилмоқда.

Инсоннинг ҳар қандай қилимиши ҳар доим онгли ва ақл-иродаси билан содир этилади.

Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаган ёки ҳаракатларинии бошқара олмаган шахснинг ҳаракатлари, ҳатто ижтимоий-хавфли оқибатларга олиб келган тақдирда ҳам жиноят ҳисобланмайди.

Зўравонликка учраган аёллар енгиб бўлмайдиган жисмоний куч ёки руҳий зўрлик таъсири остида қонун билаи қўриқланадиган ижтимоий муносабатга хавф солувчи қилмиши ва унинг оқибати учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Зўравонлик доимо таҳдид кўринишида намоён бўлади. Таҳдидлар эса қуйидагича бўлиши мумкин: моддий таъминламаслик, яъни пул бермаслик (моддий таъминламаслик), уйдан ҳайдаш, болаларини олиб қўйиш ёки уларни кўриш имкониятидан маҳрум қилиш билан қўрқитиш, баданига шикаст етказиш ёки ўлдириш билан қўрқитиш ва ҳоказо. Зўравонлар таҳдидлар билан бир қаторда қуйидаги ҳаракатлар орқали ҳам ўзларининг ҳукмронлигини намойиш қилишга уринишлари мумкин: телефонинин олиб қўйиш, кийимларини йиртиш ёки шахсий буюмларини синдириш, уйга қамаб қўйиш, муштини кўрсатиш орқали қўрқитиш ва ҳоказо.

Зўравонлар асосан қуйидаги жиноятлардан бирини содир этиш орқали ўзининг кучини намойиш этади: қасддан баданга оғир (ЎзР ЖКнинг 104-моддаси), ўртача оғир (105-модда) ёки енгил (109-модда) шикаст етказиш, қийнаш (110-модда), ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), жиноий равишда ҳомила тушириш (114-модда), аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш (115-модда) хавф остида қолдириш (117-модда), номусга тегиш (118-модда), жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-модда), аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (122-123-моддалар), никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (1251-модда), тиланчилик қилиш (1271-модда), одам савдоси (135-модда), аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда) ва ҳоказо.

Мазкур хатти-ҳаракатларни содир этган шахс Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жавобгарликка тортилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эгаки, буни барча фуқароларимиз, қолаверса хотин-қизларимиз билишлари шарт:

-ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

-махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

-ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

-содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Ибодат Шоймардонова

Навоий вилоят суди судьяси

Сайёр суд мажлиси ўтказилди

 

Навоий вилояти Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси А.Хамидов томонидан жорий йилнинг 26 апрель куни “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ биносида Хатирчи туман адлия бошқармасининг даъвогар фермер хўжаликлари манфаатларида киритган даъво аризалари юзасидан сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Даставвал, суд раиси А.Хамидов сайёр суд муҳокамасини бошлашдан олдин судга чақирилган тарафлар вакиллари, яъни Ҳудудий электр таъминоти корхонаси, вилоят Ғазначилик бошқармаси, Хатирчи туман адлия бўлими, Хатирчи туман қишлоқ хўжалиги бўлими ва туман ирригация бўлимилари масъул ходимлари ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари иштирокида коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-хуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шу билан бирга янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Йиғилишда иштирок этаётганларнинг асосий эътибори коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган зарурий чора-тадбирларга қаратилиб, бу борада содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлиги тўғрисида мисоллар келтирган ҳолда маълумотлар берилди. 

Шу билан бирга судларда фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиниши борасида кўриб чиқилаётган низолар ҳақида ҳам тўхталиб, бу борада юртимизда кейинги йилларда катта ўзгаришлар рўй бериб, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилаётганлиги алоҳида таъкидланди ҳамда мамлакатнинг иқтисодий қудрати, аҳоли фаровонлиги тадбиркорлик соҳаси ривожига боғлик эканлиги, мазкур субъектларнинг эркин фаолият кўрсатиши ва уларнинг ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда давлатнинг муҳим органи ҳисобланган судларнинг асосий вазифаси эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинган Фармонлари, Иқтисодий процессуал кодексига киритилган янги ўзгаришлар ҳамда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан маърузалар қилинди.

 

Акбар Хамидов

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси

Одам савдоси-давр муаммоси

 

Одам савдоси иллати жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган
жиддий муаммолардан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бермоқда.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлар балки ҳалқаро ташкилотлар ҳам манзилли ишларни амалга оширмоқда.

Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра, бутун дунёда 21 миллион киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади.

Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 7 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш жабрдийдаларнинг ҳимояси жиноятларни таъқиб этиш ва ушбу йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

2013 йил 30 июль куни БМТ томонидан Бутун  жаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинди.

Бугунги кунда кўплаб ҳалқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган. 2008 йилда эса “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Аммо бу хотиржам бўлишимиз учун етарли эмас. Шу боис, Ўзбекистонда одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар қабул қилинмоқда.

Қонунга мувофиқ, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш-одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш ҳамда чек қўйиш, унинг оқибатларини миниммаллаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятингиз ичига олади.

Шунингдек, қонунга мувофиқ Республикамизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Идоралараро комиссиянинг вазифаларидан бири бу давлат органларини одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади.

Олиб борилаётган ушбу ишлар замирида ўсиб келаётган келажак авлоднинг ватанга бўлган муҳаббати, илм-маърифатга қизиқиши билан бир қаторда, аср муаммосига айланган жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш ётади.

 

Акмал Курбонов

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси

Маъмурий судлар – фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳимоячиси

 

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий бўғинларидан бири бўлган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жамият ҳаётида айниқса муҳим аҳамият касб этмоқда. Нимагаки, жамиятнинг демократик тамойилларга қай даражада асосланганлиги бевосита судларнинг мустақиллигига, тўғрироғи адолатнинг ҳеч бўлмаганда суд биносида қарор топишига боғлиқ десак муболаға бўлмайди.

         Бу борада фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, қолаверса, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари билан фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш учун 2017 йилда маъмурий судлар ташкил этилган эди. Олиб борилган давомий ислоҳотлар натижасида 2021 йилга келиб маъмурий судлар фаолияти қайта ташкиллаштирилди. Натижада вилоят марказларида туманлараро маъмурий судлари ва вилоят маъмурий судлари ўз фаолиятини бошлади.

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 29 январда қабул қилинган ПҚ-107-сонли қарори маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни ўзида мусажжамлаштирган, аниқ мақсадлар кўзда тутилган ҳужжат бўлди.

Зеро унинг биринчи бандида, маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш эканлиги белгиланди.

Бундан ташқари, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишни ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ва тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғида фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш; маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш; оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш тарзидаги ўзгаришларни қонунчиликка киритиш назарда тутилган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш айниқса бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Қарорнинг 4-бандида Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш; маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш; бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш сингари таклифларини  маъқуллаш белгиланди.

Бундан келиб чиқадики, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш тўғрисидаги таклиф юзасидан қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга, шунингдек, судга бўлган ишончнинг ортишига замин яратади.

 

 

Нигора  Кенжаева

 

Навоий туманлараро

маъмурий судининг судьяси

Учқудуқ туман суди раислари  “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди

 

Фуқароларнинг муаммоларига ижобий ечим топиш мақсадида суд раислари томонидан жойларда учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Шу жумладан, Учқудуқ туман суди раислари “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли билан мулоқотда бўлди.

Даставвал, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланганлиги таъкидланиб, мазкур қарорнинг мазмун- моҳияти тушунтириб ўтилди.

Сўнгра фуқароларнинг жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, фуқаролик ва иқтисодий масалалар юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди, шунингдек тегишли тартибда судга мурожаат қилиш тартиби юзасидан тушунтиришлар берилди.

Мурожаатларнинг жойида ҳал этилиши одамларда судларга ҳурмат ҳиссини кучайтиришга  хизмат қилади.

Тадбирда қатнашган фуқаролар мулоқот давомида ҳуқуқий тушунчаларга эга бўлишди.

 

Акмал Қурбонов

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Навоийда 55 кишига нисбатан қўйилган айблов қайта малакаланган

Навоий вилояти судида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида судлар томонидан 2022 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.

 

Унда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар)судлари томонидан жами 493 нафар шахсга нисбатан 405 та жиноят иши тамомланган бўлиб, ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 181 та ёки 80,8 фоизга ошганлиги қайд этилди.

 

Ҳисобот даврида 149 нафар шахсга нисбатан 131 та иш, жумладан, 142 нафар шахсга нисбатан 130 та жиноят иши ЖК 661-моддасига асосан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 48 нафар аёлга нисбатан 43 та, 204 ёшга нисбатан 176 та, 11 нафар 60 ёшдан ошган шахсга нисбатан 11 та жиноят иши судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал этилган.

– Навоий вилоят судлари томонидан жорий йил давомида кўриб тамомланган ишлар юзасидан жами 55 нафар шахсга нисбатан 40та жиноят иши бўйича дастлабки айбловда қўйилган айблар ўзгартирилиб, қайта малакаланган ҳолда суднинг якуний қарорлари чиқарилган, – деди вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. – Айблов ўзгартирилган ишлардан биттаси Давлат хавфсизлик хизмати тергов бўлинмаси томонидан, 6 таси прокуратура органлари томонидан, 33 таси ички ишлар органларининг тергов бўлимлари томонидан тергов қилинган ишлар ҳисобига тўғри келмоқда. Ўтган давр давомида жами 3 та жиноят иши бўйича 7 нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 1 та иш бўйича 1 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 2 та жиноят иши бўйича 6 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланган.

Брифингда Навоий вилоят фуқаролик судлари томонидан амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, 1-чорак давомида 4325 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган. Шундан 2074 таси ёки 48 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Кўрилган ишларнинг 200 таси алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, 811 таси оила низолари, 2749 таси битимлар билан боғлиқ ишларни ташкил этган Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1200 тага кўпайган.

Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан эса 1097 та иш кўриб чиқилиб, уларнинг 735 таси ёки 67 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. 65 та суд мажлиси видеоконференция алоқа режимида ўтказилган ва 131 нафар вакиллар ўз ҳудудларида иштирок этиб, уларнинг қарийб 36 миллион сўм маблағлари тежалган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 тага ёки 4,3 фоизга камайган.

Ҳал этилган ишлар бўйича 47 миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Шундан хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларнинг фойдасига 7 миллиард 30 миллион сўм ундирилган.

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан эса 2022 йилнинг 3 ойи мобайнида 198 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган бўлиб, уларнинг 170 таси қаноатлантирилган, 16 таси рад қилинган, 6 таси иш юритишдан тугатилган, 6 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

1-чорак давомида мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 50 та иш кўриб тамомланган бўлса, мансабдор шахсларнинг ҳаракат-ҳаракатсизлигини қонунга хилоф, деб топиш билан боғлиқ 148 та иш кўриб чиқилган.

Бирифинг сўнгида Навоий вилояти суди, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш вилоят маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Унга кўра, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига қайтариш ва бошқа бир қатор масалалар биргаликда ҳал этилади.

Ер- халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси

Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва аҳолини турмуш даражасини ошириш ҳар доим ҳам давлатимизнинг диққат эътиборидаги масала бўлиб келган, бугунги кунда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган бўлиб, бунга бир мисол сифатида давлатимизнинг аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун, 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага бериш амалиётини жорий этилганлиги, бунинг натижасида аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминланаётганлигини кўрсатиш мумкин.

Навоий вилоят суди судьялари томонидан тегишли мутахассислар билан ҳамкорликда танловлар орқали ер олиб, деҳқончилик қилаётган миришкор деҳқонлар билан бевосита жойларда учрашиб, уларга соҳани юритишда тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши билан биргаликда, бу соҳада асосий мезон ердан самарали фойдаланган ҳолда даромад олиш ва қўшимча иш ўринларини яратиш орқали ишсизликни камайтариш эканлиги, шундан келиб чиқиб ердан умуммиллий бойлик, халқ ҳаёти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги, у қонунлар асосида давлат томонидан муҳофаза қилиниши, жумладан олинган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш, сотиш ёки уни бошқача тарзда тасарруф этиш, ундан асосий мақсадини ўзгатирган ҳолда фойдаланиш, мазкур ер участкасига ўзбошимчалик билан иморат қуриш каби ҳаракатлар содир этиш қонунлар асосида тақиқланиши, олинган ер участкасидан табиатни муҳофаза қилиш талабларига ва ер унумдорлигини сақлаш ва уни ошириш чора тадбирларини амалга оширган ҳолда фаолият юргазиш лозимлиги, ер участкасига оид қонунчилик талаблари бузилган ҳолларда ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилиниши ва амалдаги қонунчиликда ер қонунчилигини бузганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида тегишли тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, аҳоли билан ўтказилган учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони  мазмун моҳияти ҳам тушунтирилди.

Хусусан, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалар, корхоналар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиши, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши, давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши ва қонунга мувофиқ ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш ҳуқуқи бекор қилинганлиги ҳолатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

 

Турғун  Қаҳҳоров

Навоий вилоят суди  судьяси

Skip to content