Қидирув:

Жиноят учун жазо муқаррар

Т.Бозоров (исми-шарифи ўзгартирилган) 2024 йил апрель ойларида Навбаҳор туманида жойлашган яшаш манзилгоҳидан тахминан 500 метр узоқликдан оқиб ўтувчи сув канали ёнидаги экин ерига, келгусида ўзининг истеъмоли учун бир дона “Каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парвариш қилиб, етиштирган.

Бундан ташқари, Т.Бозоров 2024 йил 8 июль куни Навбаҳор тумани марказидаги “Шох” кафесида овқатланиб ўтирган вақтида, ИИБ ЖҚБ ва ТҚКГ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида чўнтаклари холислар иштирокида текширилганда, унинг эгнидаги шортигини олд чўнтагида оқ қоғозга ўралган, судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, 1,41 граммга тенг бўлган озгинадан кўпроқ миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

“Марихуана” гиёҳвандлик воситалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрь кунги 878–сонли Қарорига асосан, гиёҳвандлик воситалари туркумига кириб, қонунга хилоф равишда сақлаш тақиқланган.

Т.Бозоровнинг жиноят иши, 2024 йил 26 август куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси ЖК 270-моддасининг 1-қисми ва 276-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖК 59-моддаси тартибида ойлик иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 (икки) йил ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

Алишер Сайдуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси.

Ер давлат мулки умуммиллий бойликдир

Даъвогар Кадастр агентлиги Навоий вилоят бошқармасининг жавобгар А.Х га нисбатан ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш ва бетон пойдеворни буздириш, ерни асл ҳолатига келтириш мажбуриятни юклатиш ҳақидаги даъвоси судда кўриб чиқилди.

Даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, унда Хатирчи туман “Боғишамол” МФЙда жойлашган туман захирасидаги 80,0 кв.метр ер майдонини фуқаро А.Х ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, бирор бир тегишли ҳужжатларсиз бетон пойдевор қуриш ишларини амалга оширгани, мазкур ҳолатни бартараф этиш юзасидан фуқаро А.Х.га Кадастр агентлиги Хатирчи туман бўлими томонидан 2024 йил 16 февралдаги огоҳлантириш хати берилишига қарамасдан ноқонуний қурилиш ишларини бартараф этмагани, шу сабабли Хатирчи туман “Боғишамол” МФЙда жойлашган туман ҳокимлиги захирасидаги 80,0 кв.метр ер майдонида қурилган бетон пойдеворни мажбурий тартибда буздириб, ер майдонидан чиқариб, ерни асл ҳолатига қайтаришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Хатирчи туман “Боғишамол” МФЙ туман захираси ҳисобидаги 96.0 кв.метр ер майдонини фуқаро А.Х ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, фундамент қуриб ўз мақсадлари учун фойдаланиб келган.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра жавобгарга ноқонуний қурилишни бартараф этиб ер майдонини туман захирасига қайтариш ҳақида огоҳлантириш берилган бўлсада, у томонидан эгаллаб олинган ер майдони тегишинча қайтарилмаган.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Суд қонун талабларига кўра ва даъво асосли бўлгани боис даъвони қаноатлантиришни, А.Х томонидан қурилган бетон пойдеворни жавобгарнинг ҳисобидан бузиб бартараф этиб, жавобгарга ер майдонини асл ҳолатига қайтариш мажбуриятини юклатишни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда ер давлат мулки умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, ер давлат томонидан муҳофаза этилади.

 

 

Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.

Судья ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида қатор ишлар амалга оширилди, ёш авлод таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз вояга етмаганлар ишларига алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлаб, жумладан, шундай деган эди: «Биз вояга етмаганлар, аёллар ва катта ёшдагиларнинг жазо тизимини қайта кўриб чиқишимиз керак… Аминманки, бу соҳада либераллаштириш жараёни ҳали давом этади. Тан олиш керак, ёшлар орасидаги жиноятчиликнинг сабаби – кўпинча биз катталар масъул бўлган уларнинг тарбиясида йўл қўйилган камчиликларнинг натижасидир».

Давлатимизда барча жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонунларининг нормаларини янада либераллаштириш юзасидан изланишлар олиб бориш, шу жумладан, вояга етмаганларнинг жиноят ишларини юритиш тўғрисидаги қонун меъёрларини янада такомиллаштириш, жиноят ишларини юритишда учрайдиган турли камчиликларга барҳам бериш бугунги куннинг талабидир.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан Навоий шаҳридаги 1-сонли умумтаълим мактабида “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари” юзасидан мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари билан учрашиб, суҳбат ўтказилди.

Ушбу суҳбатда, вояга етмаганлар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтириш ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш, ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириб, уларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар ҳақимда тўхталиб ўтилди.

Чунончи, ҳар бир давлатнинг, жамиятнинг, халқнинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк куч–униб-ўсиб келаётган ёшлардир.

Суҳбат сўнггида судьялар ўқувчиларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

 

Баҳодир Алиқулов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси.

Сайёр тарзда ўтказилган қабул ва суд муҳокамаси

Фуқароларнинг судларга бўлган мурожаатларини улар учун қулай бўлган жойда қабул қилинишини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш, шунингдек “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси остида Томди туманидаги “Шарқ” ОФЙда сайёр учрашув ташкил этилди.

Мазкур сайёр қабул жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси Д.Эргашева, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров ҳамда Томди туман прокурори О.Қурбонов томонидан ўтказилиб, аҳолининг мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, қабул жараёни ҳуқуқий тарғибот тадбирига уланиб, унда сўзга чиққан маърузачилар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш, Томди тумани ҳудудида кўпайган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик турлари, хусусан аёллар ва вояга етмаган ёшлар жиноятчилиги келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш, электр энергиясининг талон-тарож қилинишига йўл қўймаслик, ўзбошимчалик билан ерларни эгалламаслик ва ноқонуний равишда бино қурмаслик лозимлиги ҳамда бу каби хатти-ҳаракатлар учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик ва жазо чоралари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.

Шундан сўнг, сайёр суд жараёни ўтказилиб, 2 та жиноят иши ва 10 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилиб, ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.

 

Дилобар Эргашева,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси.

Суд қарорлари унинг ижроси билан аҳамиятли

Суд ҳужжатлари асосида берилаётган ижро ҳужжатларини расмийлаштириш ва уни электрон маълумотлар базасида ҳудудий мажбурий ижро бюроларига юборишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, ижро ҳужжатларининг мажбурий ижро бюроси органлари томонидан асоссиз қайтарилишининг олдини олиш ҳамда мазкур ҳолатларга келгусида йўл қўймаслик учун эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар Зарафшон шаҳар судлари ва Мажбурий ижро бюроси Зарафшон шаҳар бўлими томонидан муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда суд ҳужжатлари ижросини янада яхшилаш ва ижро жараёнида юзага келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қўшма йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси, қолдиқдаги ижро ҳужжатлари, айниқса давлат фойдасига ундирувларни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижросини таъминлаш, судлар томонидан белгиланган жарималар ва давлат божларини ундириш ҳақидаги суд ҳужжатларини ўз вақтида ижрога қаратилиши, шунингдек, бугунги кунга қадар ижроси таъминланмаган ижро ҳужжатларини туман МИБ билан ҳамкорликда кескин камайтириш масалалари муҳокама қилиниб, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Ўтказилган тадбир якунида келгусида ижро ҳужжатларининг мажбурий ижро бюроси томонидан асоссиз қайтарилишининг олдини олишга, асосли равишда қайтарилган ҳар бир ижро варақаси юзасидан алоҳида ёндашилиб, уларнинг камчиликлари тўлиқ бартараф қилингандан сўнг ижрога қаратилишига, ҳар бир қайтарилган ижро ҳужжати қатъий назоратга олинишига, ижро варақаларининг қайтарилиши сабаби чуқур тизимли таҳлил қилиниб, асоссиз қайтарилган ижро ҳужжатлари бўйича тақдимномалар киритиб борилишига жиддий эътибор қаратилиши келишиб олинди ва бу орқали фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олди олиниши назарда тутилди.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Ҳалқаро ҳуқуқда медиациянинг тан олинган тамойиллари

Тараққиёт ўзининг энг юқори чўққисига интилгани сари ҳуқуқшунослик ҳам замонга ҳамнафас равишда такомиллашиб бормоқда.

Бугунги замонавий дунёда ҳуқуқшуносликнинг нозик жиҳатларига ҳам эътибор қаратилмоқдаки, бу инсон ҳуқуқини энг олий қадрият сифатида баҳолашга, инсон қадрини улуғлашга хизмат қиляпти.

Сўнги йилларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, турли қоғозбозликнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган турли усуллар, хусусан медиация институти ва ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Иқтисодий процессуал кодексига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал этишнинг муқобил усуллари бор-йўқлигини аниқлаши, уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши лозим. Ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахслар бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси эканлиги аёнлашди ва мазкур кодексларга медиация атамалари киритилди.

Медиация институти бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида, шу жумладан АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Жанубий Корея Республикаси, Ҳиндистонда ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Медиация-бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули, медиатор эса – медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс ҳисобланади. Мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Медиация тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.

Шу ўринда, 2019 йил 1 январдан кучга кирган “Медиация тўғрисида”ги қонун ушбу институтни амалиётга кенгроқ жорий этишга замин яратганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Таҳлилларга кўра, сўнги 4 йилда фуқаролик судлари томонидан медиация тартиб-таомили қўлланилиб ва медиатив келишув бўйича кўрмасдан қолдирилган ишлар сони ошганлигини кўришимиз мумкин.

Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация-тарафлар ихтиёрий розилиги билан низони ўзаро ҳал этиш жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага киргунга қадар қўлланилиши мумкин.

Медиация низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин.

Тарафларнинг медиация жараёнларига ўз ихтиёрий билан қўшилиши, келишув имзолангунга қадар жараёндан чиқиши, келишув қандай шартлар ва усулларда бўлиши уларнинг ўзаро якдил қарорлари асосида амалга оширилади. Бунда медиатор тарафлар номидан қарор қабул қилмайди. Ушбу тамойилнинг асосий хусусияти шундаки, медиация жараёнларида ҳар бир тараф ўзига маъқул келган қарорни ўзи мустақил қабул қилади, қабул қилинган қарор ва унинг ижроси бўйича жавобгарлик тарафларнинг зиммасида қолади.

Медиация махфийлик хусусиятига эга. Тарафлар ва медиатор медиация жараёнидаги муҳокамалар махфийлигини ва унинг ошкор этилмаслигини ўзаро келишувда ифодалайдилар. Унинг ноодатийлиги шундаки, медиация жараёнида қўлланилган ўзаро қайдлар, ёзишмалар, қўлёзмалар, видео ва аудио ёзувлардан медиатор келгусида ушбу иш бўйича суд низоси вужудга келган ҳолларда фойдалана олмаслиги учун медиация жараёни тугаганидан сўнг йўқ қилиниши мумкин.

Бироқ, жаҳон харитасида давлатлар ўртасидаги низолар ҳам учраб турадики, уларни тинч йўл билан ҳал этиш зарурати пайдо бўлади.

Бунда халқаро ташкилотларнинг ўрни ва мавқеи асосий ўрин эгаллайди.

Халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларидан биридир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 2-моддаси тамойилларидан келиб чиқиб, БМТнинг барча аъзолари халқаро тинчлик, хавфсизлик ва адолатни таҳдид остига қўймаслик учун ўзларининг халқаро низоларини тинчлик воситалари билан ҳал қилишга мажбур.

Халқаро миқёсда медиация тартиб-таомилини ўтказиш давлатларнинг ҳуқуқ тизими доирасидаги медиациядан унчалик фарқ қилмайди. Воситачи низолашаётган томонларга айбдорларни қидириш ўрнига, иккала томон учун ҳам мос келадиган муросага келишни таклиф қилиши мумкин. Давлатлар ўртасида воситачилик тартиб-таомилларини ўтказиш тажрибасида асосан халқаро тижорат низоларини ҳал этишда воситачилик эътибор қаратилади.

Мисол сифатида давлатлар ўртасидаги зиддиятларни кўриб чиқиш фойдалидир.

1978 йилда Чили ва Аргентина ўртасидаги Леннокс, Пиктон ва Исла-Нуэва оролларининг эгалик ҳуқуқига доир можаро пайтида Ватикан князлиги машҳур кардиналлардан бирини воситачи сифатида таклиф қилади. Ватикан буни иккала давлат ҳам католик бўлганлиги ва улар ўртасидаги юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можарони истамаслиги каби икки сабаб билан изоҳлайди. Бошқа томондан, Рим папаси Жанубий Америкада вужудга келган айрим келишмовчиликларда доимий қатнашиб келгани учун ушбу низоли вазиятга ҳам аралашувни зарур деб ҳисоблайди. Яъни, воситачи номзодини кўрсатиш учун тарихий ва диний шартлар мавжуд эди. Кардинал Антонио Саморанинг ҳаракатлари, шунингдек, католик черковининг нуфузи туфайли муқаррар бўлиб туюлган ҳарбий можаронинг олди олиниб, тарафлар “Тинчлик ва дўстлик” шартномасини тузишга эришадилар.

Шунингдек, таъкидлаш жоизки, давлатлар, одатда йирик мамлакатлар минтақага ўз таъсирини кучайтириш учун воситачи вазифасини бажарадилар.

Собиқ Совет давлатининг 1965 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можарода иштирок этиши бунга мисол бўла олади. Собиқ Совет давлатининг ўз таъсирини сусайтиришга йўл қўйиб бўлмаслиги сабаб ярашув тартиб-қоидалари ташкил этилди. Давлат ўзи ва томонлардан бири ўртасида бирон-бир мажбуриятга эга бўлса воситачилик натижалари кўзланган самара бермайди ва ушбу манфаат низоларни ҳал қилиш жараёнига таъсир қилиши мумкин. Шу сабабдан, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Кашмирнинг ҳудудий мансублиги бўйича можарога Қўшма Штатлар ва Буюк Британия воситачи бўла олмадилар, шунинг учун воситачилик жараёнлари собиқ Совет иттифоқи томонидан амалга оширилди, чунки иккала томон билан муносабатлар ўрнатилган эди.

Медиация халқаро ҳуқуқда низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули сифатида тўлиқ музокара кўринишида намоён бўлса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда низоларни учинчи шахс ёрдамида фақат икки тарафнинг муқобил ечимига келишида воситачилик кўринишида ифодалайди.

 

Истам Турдиев,

Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.

Учқудуқда суд ва мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда суд ҳужжатлари ижроси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Сўнгги йилларда давлатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими йилдан-йилга такомиллашиб, бу борада судлар ва Мажбурий ижро бюроси органлари ўртасида ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Худдди шундай жорий йилнинг 9 сентябрь куни Учқудуқ туман судлари ва туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида судлар томонидан давлат фойдасига ундирувларни назарда тутувчи чиқарилган ва ижрога қаратилган суд қарорларининг ижросини таъминлаш ҳамда Бюро органлари томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8, 24-моддаларига асосан судларга қайтарилган ижро ҳужжатларини қайтариш асосларини ўрганиш ва келгусида ижро ҳужжатларининг асоссиз қайтарилишининг олдини олишга қаратилган ҳамкорликдаги йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда суд ҳужжатлари ижросини янада яхшилаш ва ижро жараёнида юзага келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қўшма йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси, қолдиқдаги ижро ҳужжатлари, айниқса давлат фойдасига ундирувларни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижросини таъминлаш, судлар томонидан белгиланган жарималар ва давлат божларини ундириш ҳақидаги суд ҳужжатларини ўз вақтида ижрога қаратилиши, шунингдек, бугунги кунга қадар ижроси таъминланмаган ижро ҳужжатларини туман МИБ билан ҳамкорликда кескин камайтириш масалалари муҳокама қилиниб, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Бундан ташқари, Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8, 24-моддаларига асосан судларга қайтарилган ижро ҳужжатларини қайтариш асосларини ўрганиш ва келгусида ижро ҳужжатларининг асоссиз қайтарилишини олдини олиш лозимлиги, ижро ҳужжатларини қайтармасдан, камчилиги мавжуд ижро ҳужжатларини жойида ҳал қилиш белгиланди.

Келгусида бу каби тадбир ва ҳамкорлик янада кучайтирилишига келишилди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмалар янада оширилади

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш механизми кучайтирилиб, жамиятда коррупция иллатига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Бу борада барча давлат органлари ва уларнинг тузилмаларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга чек қўйишни назарда тутувчи бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, 2024 йил 21 июнда “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-228-сонли Қарори қабул қилинганлиги ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.

Мазкур Қарорни қабул қилишдан мақсад, аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш ҳисобланиб, унинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдириш;

коррупцияга қарши курашишга масъул ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларидаги ходимларнинг билим, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб бориш;

давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини баҳолаш ва сертификатлаш ҳамда сертификат олган давлат хизматчиларининг реестрини юритиш;

коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий ва амалий ишланмалар, эришилган ютуқлар бўйича электрон маълумотлар базасини юритиш;

коррупцияга қарши курашишнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини, шу жумладан, миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш.

Шунингдек, Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси (Виртуал академия) жорий этилади.

Виртуал академияда ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан амалга оширилиши белгиланиб, Давлат органлари ва ташкилотларига мунтазам равишда ўз ходимларининг Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириб боришларини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур Қарорнинг қабул қилиниши аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини янада оширишга хизмат қилади.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.

Skip to content