Қидирув:

Кармана туманида ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Кармана тумани “Талқоқ” маҳалла фуқаролар йиғини биносида жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг тергов судьяси томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди, ўтказилган сайёр суд давомида 12 нафар шахсларга нисбатан 11 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Шунингдек, йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, ЎРҚ-1047-сонли қонун, коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

 

Обидов Лазизбек,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг тергов судьяси

КОРРУПЦИЯ – бу жамият равнақига тўсиқ

Коррупцияга қарши курашиш давр талаби, бу иллат оғир оқибатларга олиб келишини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида Кармана туман Халқ таълими бўлимида, жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг ташаббуси билан тумандаги макбаб директорлари ва уларнинг ўринбосарари иштирокида Коррупцияни олдини олиш борасида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувни ўтказишда мақсад ходимларнинг касбий маҳоратини шакллантириш, тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлаш, коррупция ҳолатига қўл қўймасликдан иборатлиги таъкидлаб ўтилди.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг ривожланишига жиддий путур етказадиган, давлатнинг қонун устуворлигини заифлаштирадиган, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг оёқ ости бўлишига сабаб бўладиган, бугунги кунда халқаро миқёсда энг кўп таъкидланаётган иллатдир. Ушбу иллатга қарши кураш олиб бориш бугунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Учрашувни ўтказишда мақсад ходимларнинг касбий маҳоратини шакллантириш, тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлаш, коррупция ҳолатига қўл қўймасликдан иборатлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонунлар қабул қилингани, шу асосда аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган давлат дастурлари амалга оширилиб келинаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

 

Имомов Бобир,

                                      Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси

“Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Коррупцияга қарши курашиш давр талаби, бу иллат оғир оқибатларга олиб келишини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари Г.Ялгашев ва жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси Б.Алиқуловлар томонидан Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ходимлари билан “Коррупция, уни олдини олиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг ривожланишига жиддий путур етказадиган, давлатнинг қонун устуворлигини заифлаштирадиган, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг оёқ ости бўлишига сабаб бўладиган, бугунги кунда халқаро миқёсда энг кўп таъкидланаётган иллатдир. Ушбу иллатга қарши кураш олиб бориш бугунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Учрашувни ўтказишда мақсад ходимларнинг касбий маҳоратини шакллантириш, тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлаш, коррупция ҳолатига қўл қўймасликдан иборатлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонунлар қабул қилингани, шу асосда аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган давлат дастурлари амалга оширилиб келинаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

 

Ялгашев Гиёсиддин,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари

 

Алиқулов Баходир,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси

Фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари лозим

Ҳар бир тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишади. Қувонч билан эътироф этиш лозимки, мазкур муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ ва сифатли адо этилади.

Аммо, мажбуриятларнинг ҳаммаси ҳам шу тарзда бажариладими?

Афсуски, айрим ҳолатларда олинган мажбурият ижро этувчи томонидан бажарилмасдан эътиборсиз қолдирилади. Натижада бу ҳолат тарафларнинг ўзаро муносабатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, энг нозик жиҳат ҳисобланган ўзаро ишончнинг йўқолишига ҳамда тарафлар ўртасида низо пайдо бўлишига олиб келади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Эътиборингизни суд амалиётида кўрилган бир низога қаратмоқчиман.

Хусусан, «IPOTEKA-BANK» OTP GROUP (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «BEKALI ISHONCH» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан жами 596.422.270 сўм кредит қарздорлигини ундиришни ва ундирувни гаров мулкига қаратишни сўраган.

Ишдаги материаллар ва суд муҳокамасидан аниқланишича, тарафлар ўртасида 600.000.000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратилиши тўғрисида кредит шартномаси тузилган.

Шартнома шартига кўра, банк томонидан жавобгарга шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериши, жавобгар эса шартноманинг ажралмас қисми бўлган тўлов графиги асосида пул суммаси (кредит)ни қайтариш ва унинг учун фоизларни тўлаш мажбуриятини олган.

Банк томонидан шартнома шартлари бажарилиб, кредит маблағлари жавобгарга ажратиб берилган бўлсада, жавобгар томонидан шартнома шартлари лозим даражада бажарилмасдан, кредитнинг асосий қисми ва фоизлари тўлов графигида белгиланган муддатларда тўланмасдан қарздорликка йўл қўйилган.

Хусусан, жавобгар томонидан кредитнинг асосий ва фоиз қисмлари 2024 йилнинг июнь, июль, август ойларида тўланмаган.

Мавжуд қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаб бериш тўғрисидаги даъвогарнинг 2024 йил 13 июндаги ва 10 июлдаги огоҳлантириш хатлари жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Натижада даъвогар жавобгарга нисбатан мавжуд кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Суд муҳокамаси давомида юқорида қайд этилган ҳолатлар инобатга олиниб, суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгардан даъвогар фойдасига мавжуд кредит қарздорлиги суммалари ундириб берилиб, даъвогарнинг манфаати суд йўли билан ишончли ҳимоя қилинди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги натижасида даъвогар фойдасига кредит қарздорлигидан ташқари ундирув гаров мулкига ҳам қаратилиб, ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Энг асосийси эса, юзага келган низо натижасида тарафларнинг ўзаро ҳамкорлигига ҳамда ишончига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин.

Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари кераклиги назарда тутилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият бажарилиши лозим. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этишида ҳамда бу орқали ўз тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишида муҳим омилдир.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

ДАВЛАТ МУЛКИ ИЖАРАСИ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛМАСЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Барчамизга маълумки, мулк ижараси тушунчасига бевосита Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) нинг 535-моддасида таъриф берилган бўлиб, унга кўра мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади деб белгилаб қўйилган.

Шу ўринда айтиш жоизки, мулк ҳуқуқини субъектларига бевосита давлат ҳам кириши, бу ҳақда ФК нинг 168-моддасида қатъий белгилаб қўйилган.

Давлат мулкини ижарага беришни ҳуқуқий асослари эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 102-сонли Қарори (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) билан тасдиқланган “Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида” Низомда тўлиқ ёритиб берилган.

Ҳозирги кунда иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиладиган низоларнинг аксарияти мулк ижараси муносабатларидан, айниқса давлат мулкини ижарага бериш қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатлари юзасидан келиб чиқадиган низолардан иборат. Шу ўринда Навоий вилоят суди томонидан кўриб чиқилган иқтисодий иш ҳақида фикр юритмоқчиман.

Даъвогар Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) Кармана туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Навоий Кон-Металлургия Комбинати” давлат корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 48.011.178 сўм ижара ҳақи ундиришни сўраган.

Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 48.011.178 сўм икки карра ижара тўлови ва олдиндан тўланган 21.600 сўм почта харажати ҳамда республика бюджетига 960.223 сўм давлат божи ундирилган.

Бундан норози бўлган жавобгар апелляция шикояти бериб, унда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда даъво талабларини рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.

Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йил 14 апрелда иш кўриб чиқилиб, судлов ҳайъати қуйидаги асосларга кўра биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

Жавобгарга тегишли 15-сонли омборхона Навоий шаҳар, Спутник қўрғони, Бунёдкор МФЙ ҳудудида жойлашган.

Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази Навоий вилоят ҳудуддий бошқармаси ходимлари 2021 йил  19 апрель куни Навоий шаҳри, Бунёдкор МФЙ ҳудудида жойлашган нотурар объектларда хатлов ўтказган ва НКМК балансидаги давлат объекти ҳисобланадиган омборхона биноси “SANDIDA TREYD” МЧЖ томонидан уч томонлама ижара шартномаси расмийлаштирмаган ҳолда фойдаланиб келаётганлиги аниқланган.

Қарорнинг 6-банди, иккинчи хатбошисида, давлат мулкини ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериш, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сони атайлаб нотўғри қайд этилганлиги, бунинг натижаси ижара тўловининг яширилишига олиб келганлиги ҳолати аниқланган тақдирда марказ бузилиш аниқланган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида, белгиланган тартибда давлат мулкидан фойдаланганлик даври учун ижара тўловини икки баравар миқдорда ҳисоблаб чиқади ва уни ундириш учун тегишли ҳужжатларни балансида сақловчига тақдим этади деб кўрсатилган.

Даъвогар қарор талабларидан келиб чиқиб, 2021 йил 1 июнда жавобгарга 2021 йил 1 январь кунидан 18 апрель кунига қадар ҳисобланган ижара тўлови суммасини икки баравари миқдорини 15 кунлик муддат ичида ихтиёрий тўлаб бериш ҳақида 05-05/95-сонли талабнома билан мурожаат қилган.

Жавобгарнинг 2021 йил 6 январдаги жавоб хатида, “SANDIDA TREYD” МЧЖга омборхона ижарага эмас, товарни омборда омонат сақлаш шартномаси асосида махсулотларини сақлаб келаётганлиги кўрсатилиб, талабномага 15-01-04/45-сонли рад жавоби берилган.

Қарорнинг 6-бандининг учинчи хатбошисида, ҳисоблаб ёзилган тўлов суммаси балансида сақловчи томонидан тўланмаган тақдирда давлат мулки жойлашган жойдаги марказ ҳужжатлар балансида сақловчига тақдим этилган санадан бошлаб ўн иш куни ўтгач ҳисоблаб ёзилган тўлов суммасини белгиланган тартибда ундириш учун материалларни судга топширади деб кўрсатилган.

Шу сабабли, даъвогар суддан ижара маркази орқали жавобгарни ижара шартномаси тузмасдан бўш турган бинони фойдаланишга топширганлиги учун икки баравар миқдорида ижара ҳақи ундиришни сўраган.

Қарорнинг 3-бандида, давлат мулки юридик ва жисмоний шахсларга марказлар орқали ижарага берилиши ҳамда 6-банди биринчи хатбошисида, давлат мулкини балансида сақловчиларнинг мансабдор шахслари уларнинг тасарруфида бўлган фойдаланилмаётган давлат мулки тўғрисидаги маълумотлар марказларга ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли берилиши учун шахсан жавоб бериши қайд этилган.

Жавобгар эса ўзининг балансида бўлган Навоий шаҳар, Спутник қўрғони, Бунёдкор МФЙ ҳудудида жойлашган 15-сонли омбор бўш турганлиги ҳақида маълумотни даъвогарга бермаган.

Бундай ҳолатда жавобгар ўзига тегишли бўлган Навоий шаҳар, Спутник қўрғони, Бунёдкор МФЙ ҳудудида жойлашган 15-сонли омбор биносини “SANDIDA TREYD” МЧЖга ҳеч қандай ҳужжатларсиз топширганлиги ўз тасдиғини топади.

Судлов ҳайъати жавобгарнинг “SANDIDA TREYD” МЧЖ га бинони омонат сақлаш шартномаси орқали берилган деган важлари билан келишмайди.

Чунки судга қадар шартнома тарафлари шартномага ўзгартириш киритиш ҳақида бир-бирига мурожаат қилмаган ва “SANDIDA TREYD” МЧЖни 15-сонли омборхонадан фойдаланиб келаётганлиги биринчи инстанция судининг дастлаб берилган даъво аризаси бўйича ўтказган сайёр суд мажлисида аниқланган ҳолатлар билан ҳам ўз тасдиғини топган.

ФК нинг 875-моддасида, Омонат сақлаш шартномаси бўйича бир тараф (омонат сақловчи) унга иккинчи тараф (юк топширувчи) берган ашёни сақлаш ва бу ашёни тўла ҳолида қайтариш мажбуриятини олади.

ФК 877-моддасининг биринчи қисмида, Омонат сақлаш шартномаси ёзма равишда тузилиши керак бўлган ҳолларда (ушбу Кодекснинг 108-моддаси) агар ашёнинг сақлашга қабул қилинганлиги омонат сақловчи томонидан юк топширувчига сақлаш тилхати, паттаси, гувоҳномасини, омонат сақловчи имзолаган бошқа ҳужжатни бериш йўли билан тасдиқланган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.

Тарафлар ўртасида тузилган омонат сақлаш шартномасида эса шартноманинг муҳим шарти бўлган ашё ҳамда  шартноманинг бошқа белгилари кўрсатилмаган.

Шу сабабли судлов ҳайъати жавобгарнинг апеллция шикоятидаги важлар билан келишмасдан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини асосли деб топиб, апелляция шикоятини рад этишни лозим топди.

Мазкур иқтисодий ишда жавобгар томонидан давлат мулкини ижарага бериш қоидаларига риоя қилмаганлиги оқибатида икки карра ижара ҳақи ундирилиб, жавобгарлик масаласи ҳал этилган.

Иқтисодий судлар томонидан мазкур тоифадаги низоларни ҳал этишда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 102-сонли Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси муҳим рол уйнайди.

 

Тошмуродов Лутфулла,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Ғофуров Шерзод,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

Skip to content