Қидирув:

Зарафшон шаҳрида ўтказилган тарғибот тадбири тафсилотлари

Зарафшон шаҳридаги “Кончилар” МФЙда жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди тергов судьяси Д.Эргашева, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуровлар томонидан ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилиб, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 30 августдаги ҳамда “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йилнинг 3-сентябрдаги қарорларига асосан судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этилиши замирида, судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имкони фуқароларга амалда яратиб берилганлиги, соҳадаги барча ислоҳотлар бир нарсага – судларда очиқлик, адолат устуворлигини таъминлашга қаратилганлиги юзасидан тушунтириш берилди.

Жумладан, ушбу ислоҳотларни давомчиси сифатида, 2025 йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли Фармони қабул қилинди.

Шунингдек, ўтказилган мазкур тадбир жараёнида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 140-сонли Фармони юзасидан батафсил маълумот берилиб ўтилди.

 

Дилобар Эргашева,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта давом эттирамиз.

Ш.М.Мирзиёев.

 

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мазкур йўналишнинг муҳим бир қисми бўлган суд тизимидаги илоҳотлардан кўзланган асосий мақсад суд ҳокимиятини чинакам мустаққилигини таъминлаш, суд тизимини такомиллаштириш, уни том маънодаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига ва адолат қўрғонига айлантириш ҳисобланади.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 30 августдаги ҳамда “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йилнинг 3-сентябрдаги қарорларига асосан судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этилиши замирида, судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имкони фуқароларга амалда яратиб берилди.

Соҳадаги барча ислоҳотлар бир нарсага – судларда очиқлик, адолат устуворлигини таъминлашга қаратилмоқда.

Ушбу ислоҳотларни давомчиси сифатида, 2025 йил йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси ПрезидентинингСудлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли Фармони қабул қилинди.

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:

-биринчидан, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;

-иккинчидан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш;

-учинчидан, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;

-тўртинчидан, Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

-бешинчидан, судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича «Кибер ҳуқуқ» йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш;

-олтинчидан, иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш;

-еттинчидан, “Рақамли суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.

Адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, мустақил, турли хил таъсирларга қарши тура оладиган юксак малакали, ҳаёт тажрибасига эга судьялар корпусини шакллантириш бугунги кун талабидир. Мамлакатимиз раҳбари ўз маърузасида суд ходимлари олдига бу борада қатъий ва адолатли мезонларни белгилаб берди, яъни судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида- поклик бўлиши кераклигини таъкидлади.

Суд ҳокимиятини чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.

 

Лутфулла Тошмуродов,

Навоий вилоят судининг судьяси

СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА ОИД ЯНГИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ФАРМОН ТИЗИМНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚАДИ

Жамиятда инсонлар ўзаро ижтимоий ва бошқа муносабатларга кирар экан, низоли масалаларга дуч келиши табиий. Бундай масалаларнинг адолатли ечими учун эса холис бир шахс, холис бир масканга зарурат туғилади. Суд-ҳуқуқ тизими айнан ана шу вазифага, яъни жамиятда қонун устуворлиги, адолат барқарорлиги учун масъул ҳисобланади.

Бинобарин, ҳар бир давлатнинг қудрати, аввало, унда барча итоат этадиган тартиб-интизом ўрнатилгани, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳар томонлама ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунларнинг мавжудлиги ва уларга изчил амал қилиш каби қатор мезонлар билан баҳоланади.

Айниқса, жамият ҳар жиҳатдан тез ўзгараётган, ривожланаётган бир даврда, хусусан, рақамли технологиялар ҳаётимизга изчил ва шиддат билан кириб келаётган шароитда бу вазифа олдимизга янги талабларни қўймоқда.

Шуни айтиш керакки, рақамлаштириш суд соҳасида ҳам катта имкониятлар эшигини очди. Судлов ишларини юргизиш самарадорлиги ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этила бошланди. Бу йўналишдаги ишлар ўз самарасини бериб, одамларнинг оворагарчилиги кескин камайди, судья ва суд ходимларининг ишлари осонлашиб, иш сифатига ижобий таъсир кўрсатгани ҳам бор гап.

Видеоконференцалоқа тизими биринчи навбатда фуқароларимизга жуда катта қулайликлар яратиб, суд мажлисларини масофадан туриб ўтказиш имконини берди. Яъни, иш бўйича тарафлар турли манзиллардан туриб суд мажлисида тўғридан-тўғри қатнашишлари мумкин. Бу аҳолининг жуда катта сарсонгарчилигининг олдини олди, вақти ва маблағини тежашга ёрдам берди.

Барча фуқаролар учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш эса судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлади.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатдики, энг мақбул сиёсат, бу ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишдир. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев демократик ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов масалаларига оид тақдимот билан танишди ва соҳага оид иккита муҳим Фармонга имзо чекди.

Улардан бири “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармондир. Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифа ва қоидалар миллий суд тизимимизда мутлақо янги давр бошланаётганидан дарак беради.

Сунъий интеллект технологиялари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам мисли кўрилмаган янгилик саналади. Бу усулдан одил судловда фойдаланиш ривожланган давлатлардагина йўлга қўйилган тажриба эканини ҳисобга олсак, уни мамлакатимиз учун улкан сиёсий ирода сифатида баҳолаш мумкин.

Фармон билан танишиб, унинг кенг қамровли эканлигига амин бўлдим. Ҳужжатдаги вазифалар аниқ белгиланган, ҳатто уларни амалга ошириш механизмлари ҳам равшан кўрсатиб берилган.

Давлат раҳбарининг янги фармонига кўра, судларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Адлия ва суд органларида кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаганлигим туфайли суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, моддий техникасини таъминлаш масаласининг қанчалик муҳим, маблағталаб ва оғир масала эканлигини яхши биламан.

Яшириб нима қиламиз, эски тизимда суд органлари келажакда тугаб кетади, деган абсурд тушунча ҳам бор эди. Шунинг учун суд органлари таъминотига деярли эътибор ҳам, маблағ ҳам ажратилмасди, ажратилгани ҳам ўз вақтида берилмасди. Судлар эски, мослаштирилган биноларда фаолият юритарди. Шу сабабли ҳам фармонда янги суд биноларини қуриш, борларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга Президентимиз алоҳида эътибор қаратгани мени жуда тўлқинлантирди. Негаки, бундай эътибор судлар учун илк бор кўрсатилмоқда.

Судьялар учун хизмат уйларини харид қилиш ва таъмирлаш масаласи ҳам фармонда ўз аксини топганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Бошқа вилоят ёки туманга бориб ишлаётган судьялар аҳолидан хонадонларни ижарага олиб яшарди. Шу боис, кўпчилиги оиласини кўчириб олиб келолмасди. Бу ҳам қанча оворагарчиликка сабаб бўларди. Судьянинг ҳар бир оворагарчилиги эса, табиийки, унинг иш сифатига таъсир қиларди.

Яна бир муҳим масала, суд тизими учун кадрлар тайёрлашнинг тубдан такомиллаштирилишидир. Ўз касбини ардоқловчи, билимли, тажрибали, фидойи ва садоқатли кадрлар ҳар қандай соҳада ҳам муваффақият гаровидир. Хусусан, одил судловни таъминлашга худди шундай кадрлар жуда зарур.

Тўғри, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган судьялар корпуси ҳақида илиқ фикрлар билдириш мумкин. Лекин жуда кўп натижаларга зўриқиш орқали эришиляпти. Айтмоқчиманки, соҳани янада ривожлантириш, такомиллаштириш орқали суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Президентимизнинг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айнан ана шу масалалар ечимига қаратилган.

Фармонга кўра, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилади. Суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантириш Фармоннинг асосий мақсадидир.

Судьялар олий мактаби негизида Академия ташкил этилишини катта ва муҳим янгилик, деб ҳисоблайман. Академия Судьялар олий кенгаши ҳузурида фаолият юритувчи, юридик шахс мақомига эга бўлган иктисослаштирилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Унга Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ректор тайинланиши ўқув муассасасининг юксак нуфузини таъминлайди.

Бу ерда малакали профессор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилади. Ўқув ишлари билан бирга илмий-тадқиқотлар олиб борилади. Хорижий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш, таълим олувчиларда судьялик касбий маданиятини шакллантиришга бутунлай янгича ёндашув белгиланди.

Айниқса, судьялик лавозимларига номзодлар, судья ва суд аппарати ходимларида замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан амалиётда фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки, юқоридаги фармоннинг ижросини талаб даражасида таъминлаш учун, аввало, судья ва суд ходимлари зарур кўникмаларга эга бўлиши лозим.

Академияда таълим жараёни “Устоз-шогирд” анъанаси асосида йўлга қўйилиши менга жуда маъқул бўлди. Устоз-шогирдлик масалаласи ҳар қандай замон ва маконда ўзини тўла оқлаган. Устоз отангдек улуғ, деган ибора бежиз айтилмаган, ахир. Ота фарзандни дунёга келтирса, устоз муайян касб маҳоратини шакллантиради, унинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам беради. Устоз кўрган шогирдлар ўз касбини тезроқ, осонроқ ва теранроқ ўрганади, нисбатан камроқ хато қилади. Шу ўринда, Академияга ишга жалб этилган судьяларнинг ишлаган вақти судьялик стажига қўшилишини оқилона ечим деб биламан.

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилиши, қабул қилиш психология, чет тиллари ва суд ихтисослиги бўйича тест синовларини ўтказиш ҳамда ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов орқали амалга оширилиши ўта жиддий жараён бўлиши билан адолатли усул ҳамдир.

Академияда судья ва суд аппарати ходимларининг мажбурий малакасини ошириш тартиби жорий этилади. Бу тартиб мукаммал ишлаб чиқилганлиги эътиборга молик.

Шу билан бирга, фаолият самарадорлиги рейтингининг паст кўрсаткичларига эга судьялар навбатдан ташқари малака ошириши, Олий суд томонидан белгиланадиган мураккаб тоифадаги ишлар бўйича малака ошириш курслари ташкил этилиши, туман (шаҳар) ва вилоят судларининг тегишли раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларнинг раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларида ўқитилишини алоҳида қайд этиш лозим.

Комил ишонч билан айта оламанки, бу икки Фармон мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги даврини бошлаб беради. Президентимизнинг соҳага катта эътибор бераётганлиги бу фармонлар ижроси учун талаб этиладиган меҳнат ва катта маблағлар ижросида кафолат бўлишига ва унинг натижалари тезда кўзга ташланишига ишонаман.

Анвар Исоков,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси.

ЯНГИ ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни барпо этиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида ислоҳотлар давом эттирилиб, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-1075-сонли қонуни қабул қилинди.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2693-моддаси билан тўлдирилиб, бу моддада жабрланувчининг аризасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритишнинг тартиблари белгиланди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
40, 41, 44, 45, 46, 461, 52-моддаларида, 612-моддасида (бундан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар мустасно), 1933-моддасида ҳамда 2022-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар жабрланувчининг ҳуқуқбузарни жавобгарликка тортиш ҳақидаги аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.

Қонунга мувофиқ, жабрланувчи ночор аҳволда бўлганлиги, вояга етмаганлиги, ҳуқуқбузарга қарам бўлганлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда ваколатли органнинг мансабдор шахси жабрланувчининг аризасисиз ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни бошлаши шарт ҳисобланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс
61-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик устав фондида давлат улуши мавжуд бўлмаган корхонага, муассасага, ташкилотга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилганда мазкур корхона, муассаса, ташкилот раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлади.

Кодекснинг 612-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик устав фондида давлат улуши мавжуд бўлмаган корхонага, муассасага, ташкилотга нисбатан содир этилганда мазкур корхона, муассаса, ташкилот раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

 

 

Козим Козиев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг тергов судьяси

 

Баҳодир Фармонов,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг девонхона мудири

Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан ўтказилган семинар тафсилотлари

Навоий вилоят суди фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъатининг семинар машғулотлари режасига мувофиқ 2025 йил 22 август куни вилоят суди судьялари И.Шоймардонова ва А.Баҳроновлар Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимида меҳнат шартномасини бекор қилишда қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳамда меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги мавзусида семинар йиғилиш ўтказилди.

Семинар иштирокчиларига меҳнат шартномасини бекор қилишда қонунчиликни қўллаш, жумладан меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш, муддатли меҳнат шартномасини унинг муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига ҳамда иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тартиби, эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан тушунтириш берилди.

Шунингдек, семинар иштирокчиларига меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги меҳнат шартномаси тарафининг бошқа тарафга етказилган зиённинг ўрнини қоплаш мажбуриятини ифодалайдиган юридик жавобгарлиги, иш берувчи ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этишнинг барча ҳолларида у олмаган иш ҳақининг ўрнини унга қоплаши шартлиги, боқувчи бўлган ходим меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёки соғлиққа етказилган бошқа шикаст туфайли вафот этган тақдирда иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга зиённинг ўрнини қоплаши шартлиги, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда ҳар бир кечиктирилган кун учун фоизлар ҳисобланиши юзасидан тушунтиришлар берилди.

Семинарда масъул ходимлар томонидан берилган ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

 

Азизжон Бахронов,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Ибодат Шоймардонова,

Навоий вилоят судининг судьяси

Навоий вилоят судида ўтказилган семинар тафсилотлари

Бугунги кунда республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳоли учун муносиб ва сифатли ҳаёт тарзи яратишдир. Бунда эса коммунал хизматларнинг ўрни жуда юқори. Шунинг учун соҳа фаолиятини тўғри ташкил этиш, кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда вужудга келадиган муаммоларни олдини олишга алоҳида эътибор бериш талаб этилмоқда.

Бошқарув сервис компаниялари томонидан электрон тартибда судларга аризалар билан мурожаат қилиш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, бунда судларда ташкил этилган “Адолат” ахборот тизимлар комплекси имкониятлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўнги йилларда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан Бошқарув сервис компанияларининг уй-жой мулкдорларидан дебиторлик қарздорликни ундириш юзасидан кўрилаётган ишлар сони ортиб бормоқда.

Бироқ судларга киритилаётган айрим  даъво аризаларда кўп квартирали уйдаги хонадон мулкдори (жавобгар еки қарздор) билан қонун талаби бўйича бошқарув шартномаси тузмасдан кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулк ва унга туташ ер участкасини сақлаш билан боғлиқ ҳаражатларни тўлаш талаб этилмоқда.

Бу эса, суд ҳужжатлари юзасидан фуқароларнинг эътирозига (ижтимоий тармоқларда норозилик билан чиқишларига) сабаб бўлмоқда.

Шунга кўра Навоий вилоят суди томонидан прокуратура органлари ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ҳамкорлигида жойлардаги Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя қилиш, хусусан шартномалар тузиш ва дебиторлик қарздорликларни ундириш ва бу борада суд буйруғи бериш ҳақида ёки даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш тартиби, аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати, суд харажатларини ундириш ва шу каби бошқа масалаларни ҳал қилишга бағишланган семинар машғулоти ташкил қилинди.

Семинарда иштирокчиларга Қонуннинг мазмуни ва моҳияти тушунтирилиб, судларда ушбу тоифадаги ишларнинг таҳлил натижалари етказилиб, қизиқтирган масаларига соҳа мутахассислариинг тушунтиришлари берилди.

 

Касимов Ихтияр Уралович,

Навоий вилоят суди раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Навоий вилоят судлари ҳамда Навоий вилоят маъмурий судида “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда

Ҳашар халқимизнинг энг хайрли ва эзгу амалларидан бири саналади. Зотан, айнан ҳашар йўли билан амалга оширилган кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва тозалик ишлари боис шаҳару қишлоқларимиз ўзгача чирой ва тароват касб этади.

Бугун эрта тонгдан судья ва суд ходимлари ҳам озодалик ва поклик тадбирларида иштирок этиб, юртимиз ободлигига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 516-Ф-сон фармойиши ижросини таъминлаш ҳамда суд органларида ободонлштириш тадбирларини амалга ошириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитар-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш мақсадида Республикамизнинг барча ҳудудларида, давлат ва жамоат ташкилотларида бўлгани каби Навоий вилояти, туманлараро, туман (шаҳар) судларида ҳам “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Меҳнаткаш халқимиз тозалик ҳамда ободонлаштириш ишларига азалдан алоҳида эътибор қаратиб келади. Шу боисдан ҳам ҳашар меҳр-оқибат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайдиган восита ҳисобланади.

Аҳилликда, жамоавий меҳнатда ўзгача шукуҳ бор, шижоат бор. Ўзи ишлаб турган идоранинг ободлиги учун меҳнат қилиш кишига сурур бағишлайди. Шунинг учун ҳашарда барча судья ва суд ходимлари дилдан, фаол иштирок этди.

Ҳашар давомида судлар ҳудудини, ён-атрофи ва ҳовлисини, ариқлар, кўча ва йўлакларни тартибга келтириш, кўчатлар экиш, дарахтларни оқлаш ва бутлаш, хизмат хоналарида санитария-гигиеник ишларини амалга оширилди.

Эътиборлиси шундаки, ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфиятда ўтган ҳашарда жамоанинг ҳар бир аъзоси фаол иштирок этиб, сидқидилдан меҳнат қилди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш имкониятини яратишнинг афзалликлари

Ҳурматли Президентимизнинг таъбири билан айтганда- “Барча ислоҳотларимиз негизида, энг аввало, инсон қадри, тадбиркорларимизнинг манфаатлари ётибди”.

Жорий йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқоти ўтказилди. Ушбу мулоқотда тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган 15 мингта мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечими юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди. Ўз навбатида, шу куннинг ўзида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонда тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида банк, солиқ соҳаси ва бошқа соҳалар билан бирга суд-ҳуқуқ тизимида ҳам тегишли ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди. Хусусан, Фармоннинг 15-бандида Олий суд Бизнес-омбудсман билан биргаликда 2025 йил якунига қадар тадбиркорлик субъектларига иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш имкониятини яратиш бўйича қонун лойиҳасини киритиши тўғрисида тегишли вазифа қўйилди.

Шу ўринда, “Судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш дегани нима ўзи, бундан қандай ижобий натижа бўлиши мумкин?” деган савол туғилиши табиийдир.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 32-моддасига кўра, фуқаронинг ёки юридик шахснинг аризаси (шикояти) қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга тақдим этилади.

Судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилишда эса, ариза (шикоят) маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга эмас, исталган ҳудуддаги судга тақдим этилиши мумкин бўлади. Судларга бундай мурожаат қилиш тартиби амалдаги процессуал кодексларимизда мавжуд бўлмаганлиги сабабли, бу албатта Президентимиз томонидан илгари сурилган, суд тизимидаги янги амалиёт ҳисобланади.

Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, Қозоғистон Республикасининг 2021 йил 20 декабрдаги 84-VII-сонли қонунига асосан Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига экстерриториал судловга тегишлилик тушунчаси киритилган бўлиб, Кодекснинг 32-моддасига кўра тарафлар ўзаро келишувга биноан мазкур иш учун экстерриториал судловга тегишлиликни танлашлари мумкин бўлади. Ушбу нормани амалга ошириш мақсадида Қозоғистон Республикаси Олий суди томонидан ишларни экстерриториал судловга тегишлилик бўйича тақсимлашнинг Алгоритми (тартиби, қоидалари) ишлаб чиқилган. Унга кўра, фуқаролик иши электрон ахборот тизимининг автоматик тақсимланишига қўйилади ва шу куннинг ўзида ахборот тизими танлаган судга юборилади.

Аслида олганда экстерриториал тамойили фуқаролар ва тадбиркорларимиз учун бегона жумла эмас. Чунки, 2021 йил 23 март куни ҳурматли Президентимизнинг “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6191-сонли Фармонлари қабул қилинган бўлиб, Фармон билан давлат хизматлари кўрсатиш тизимида бир қатор янгиликлар, шу жумладан экстерриториал тамойили амалиётга жорий қилинди. Яъни, 2021 йил 1 июндан бошлаб, фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар туғилиш, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажратишни қайд этиш бўйича исталган ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиш мумкин бўлди.

Судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш тартибининг жорий этилиши тадбиркорлик субъектларига нисбатан афзалликлар олиб келиши билан бирга, суд тизимида коррупциявий ҳолатларни олдини олишга, судга бўлган ишончнинг ортишига, ишни кўраётган судьяга нисбатан ҳар хил шубҳа-гумонлар бўлмаслигига, ишлар тенг тақсимланиб, иш юкламаси юқори бўлган судларнинг иш юкламасини камайишига олиб келади.

 

Муродов Акмал Анварович,

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси

Учқудуқ туманида сайёр суд ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди

Учқудуқ туманидаги ёшлар маркази биносида жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Комил Пирматов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси

 

Шерали Хомидов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг тергов судьяси

Оналик ҳуқуқи кафолати

Оналик ҳуқуқи кафолати

 

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи  туман судининг сайёр суд мажлиси Хатирчи туман “Учқара” МФЙ биносида бўлиб, унда даъвогар А.Бнинг жавобгар В.Дга нисбатан фарзандини ўз тарбиясига олиб бериш ҳақидаги даъвоси бўйича фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Суд ишда иштирок қилган тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, иш материаллари билан танишиб, уларни муҳокама қилиб, қуйидаги хулосага келди:

Фуқаролик ишида мавжуд бўлган ҳужжатлар ва иш бўйича тарафларнинг тушинтиришларидан маълум бўлишича, даъвогар А.Б ва В.Д 2020 йил 13 январь куни Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимида қайд этилган қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган, турмушларидан икки нафар фарзандлари бор.

Тарафлар ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабабли 2024 йил август ойидан бери бирга яшамасдан, уларнинг 26.11.2020 йилда туғилган И.М исмли фарзанди отасининг, 26.10.2024 йилда туғилган С.М исмли фарзанди онасининг қарамоғида қолган.

Даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилиб жавобгардан 26.11.2020 йилда туғилган И.М исмли фарзанди ўзининг тарбиясига олиб беришни сўрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 73-моддага кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.

Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга.

Ота-она болаларининг қонунчиликда белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 65-моддасига кўра ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга, бола манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустаснодир.

Иш ҳужжатларида мавжуд Хатирчи туман Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбасининг 2025 йил 04 август кунидаги №07-05/01-07/1585-сонли хулосасида, тарафларнинг вояга етмаган 26.11.2020 йилда туғилган И.М исмли фарзандини отаси В.Днинг тарбиясида қолдириш мувофиқ деб ҳисобланган.

Суд мазкур ҳолатда Хатирчи туман Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбасининг 2025 йил 04 август кунидаги хулосаси билан қуйидаги асосларга кўра келишмайди:

Судда аниқланган ҳолатларга кўра даъвогар ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраётган фарзанди И.М ҳали энди 4 ёшдан ошган.

Унга онасининг тарбияси ва парвариши зарур бўлиб, боланинг онаси қарови ва ғамхўрлиги остида яшаш ҳуқуқи мавжуд.

Шунингдек даъвогар А.Б оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган, унинг фарзандлари билан она-бола муносабатлари узилмаганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 1998 йил 11 сентябрь кунидаги 23-сон қарорининг 3-бандида кўрсатилишича,  суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, даъвогар А.Бнинг яшаб турган уй жойи ва яшаш шароитида бола парвариши ва тарбияси учун етарли шароит мавжуд бўлиб, болаларнинг нормал яшаши учун тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд эмас.

Шунингдек суд тарафларнинг икки нафар фарзандини бир биридан ажратиш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлайди. 

Суд юқорида қайд қилинган қонун талаблари, Олий суд Пленуми қарори тушунтириши ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъвоси асосли эканлиги боис, вояга етмаган И.М ҳали ёшлиги, унга онасининг тарбияси ва ғамхўрлиги муҳим эканлиги, даъвогарнинг фарзандларини тарбиялаш ҳуқуққа эга эканлигини эътиборга олиб, тарафларнинг икки нафар фарзандини бир биридан ажратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги боис, шунингдек вояга етмаган болаларнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда, даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни, вояга етмаган И.Мни жавобгар В.Ддан даъвогар А.Бнинг тарбиясига олиб беришни, вояга етмаган И.Мнинг яшаш манзили Хатирчи туман “Учқара” МФЙ, онаси А.Б яшаб турган уй-жой манзили бўйича белгилашни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда суд қарорига асосан оналик ҳуқуқи қонуний кафолатлари таъминланди. 

 

Баходир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

 

Шохрух Каримов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг судьяси

Skip to content