Коррупцияга қарши кураш – давр талаби

Маълумки, бугунги кунда маълум бир ҳудуд танламайдиган коррупцияга бутун дунё миқёсида ўз ечимини излаётган глобал муаммо сифатида қаралмоқда.

Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган бўлиб, буни 2017 йил 3 январь куни қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун негизида кўришимиз мумкин. Мазкур қонун малакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатилган бўлиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш шулар жумласига киради.

Президетимизнинг 2020 йил 27 майдаги “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган. Мазкур фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди ҳамда Давлат дастурига мувофиқ коррупциянинг олдини олишга қаратилган бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди ва амалиётга татбиқ этилди.

Мазкур чора-тадбирлар ва амалга оширилган ислоҳотлар, албатта, мамлакатимизда коррупциянинг йўқолишига ва фуқароларнинг турли кўринишдаги сарсонгарчиликларини олдини олишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ижтимоий ҳаёт ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса саналган коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида аҳамият қаратишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Жумладан, коррупция ислоҳотлар йўлидаги жиддий тўсиқ ва давлатимизнинг миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланади. Ўзбекистонда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишларни янада кучайтириш, ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўриш муҳимдир.

Давлат ва жамият тараққиётига раҳна соладиган жиноятчиликка қарши кураш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда барча бирдек масъулдир.

 

Лайло Шарипова,

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарафшон туманлараро суди судьяси