Мулк ҳуқуқини юксакликка кўтарган ФАРМОН

Инсоният яралибдики ўз манфаатлари ва эҳтиёжлари йўлида бошқа шахслар билан турли муносабатларга киришиб келади. Вақт ўтиши, замон ривожланиши ва инсонларнинг такомиллаша бориши боис мазкур муносабатлар оддий ва содда кўринишдан мукаммал ва мураккаб мазмунга эга бўлиб бормоқда.

Давлатчилик ташкил бўлиб, унинг тузилмалари ташкил этила бошлангандан ҳамда иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик фаолияти кенгайиб боргани сари инсонлар нафақат бир-бири билан, балки жисман мавжуд бўлмаган, аммо ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлган юридик шахс мақомидаги ташкилот, муассаса ва корхоналар билан ҳам турли муносабатларга кириша бошлади. Таъкидлаш ўринлики, мазкур муносабатлар ичида энг муҳим ва ҳаётийларидан бири фуқаролик-ҳуқуқий ҳамда мулкий муносабатлардир.

Албатта, ўзаро ишончга асосланган мазкур муносбатларда шартлашилган талаблар кўпчилик ҳолларда ўзаро ихтиёрий ва инсофли равишда бажарилди ва шу боисдан ўрнатилган ҳамкорлик янада мустаҳкамлана бориб, тараққиёт тез фурсатларда ўсиб бормоқда.

Аммо, айрим ҳолларда, муносабтга киришган шахсларнинг шартлашилган талабларни бажаришга инсофсиз ва эътиборсиз қараши, олинган мажбуриятларни бажаришда турли кўринишдаги кўзда тутилмаган ҳолатларнинг юзага келиши, мулкдор мулкига нисбатан турли тажовуз ва давлат тузилмаларининг турли қонунсиз хатти-ҳаракатлари ва қарорлари қабул қилиниши оқибатида мулк ҳуқуқи ҳамда мулкдор ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳуқуқий ҳимоя қилиш эҳтиёжи юзага келди.

Албатта, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари халқаро ҳуқуқда бўлгани каби миллий қонунчилигимизда ҳам назарда тутилган.

Авваламбор, мулкий ҳуқуқ ҳимоясига доир энг асосий манба Бош қомусимиздир.

Конституциямизнинг 53-моддасида, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши назарда тутилган.

Бош қомусимизнинг 54-моддасида, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши қайд этилган.

Албатта, қабул қилинган қонунчилик кейинги муносабатларни ўрнатиш ва тартибга солиш функциясини бажаради.

Мамлакатимизда мулкий ҳуқуқлар ҳимоясига доир бир қатор қонунлар, хусусан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарори ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини мисол қилиб келтириш мумкин.

Аммо, шахслар ўртасидаги муносабатларни такомиллашиб бориши, инсонлар ҳаётига замонавий ахборот технологияларнинг кириб келиши ва турли ўзгаришлар мавжуд қонунчиликни такомиллаштириб бориш заруратини юзага келтирмоқда.

Шу боисдан мулкий ҳуқуқларнинг кафолатига доир ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ПФ–198-сон, 24.08.2022 йил) қабул қилиниши мулкий ҳуқуқлар ҳимоясига доир муҳим қадам эканлигини ишонч билан таъкидлаш жоиз.

Мазкур Фармон билан ерга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишда ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келишига асос бўлган ҳужжатларни бекор қилиш орқали ерга бўлган ҳуқуқни тугатиш, ердан ихтиёрий воз кечишни Ҳукумат ёки ҳокимлик қарорлари билан расмийлаштириш (ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ҳуқуқни бекор қилиш учун асос бўлади), юридик шахс тугатилиши билан унинг ерига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш, ерни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлатнинг бошқа кўчмас мулкини бериш (бунда кўп квартирали уйлардаги турар жой берилиши мумкин), турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаганларни доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 3 йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш 2022 йил 1 сентябрдан бекор қилиниши назарда тутилди.

Хўш, Фармонда белгиланган мазкур нормалар мулк эгалари учун қандай қўлайликларни ва кафолатларни юзага келтиради?

Таъкидлаш жоизки, амалиётда мулкка бўлган ҳуқуқни қайсидир орган томонидан (простест асосида ҳам) олдин қабул қилинган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш ҳолатлари кўп учрар эди, эндиликда мазкур масала фақат суд тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги Фармон билан белгиланмоқда.

Сўнгги 2,5 йилда ҳокимларнинг қарорлари билан берилган 2,5 мингдан ошиқ ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар уларнинг ўзи ёки юқори турувчи органлар томонидан, шу жумладан прокурор протестлари асосида суд қарорисиз бекор бўлганлиги Фармонда белгиланган мазкур талабнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, сўнгги 2,5 йилда 20 543 та ер участкаси “ердан ихтиёрий воз кечилгани ҳақидаги ариза”га асосан қабул қилинган ҳоким қарори билан захирага қайтарилган. Эндиликда Фармон билан мазкур талабнинг белгиланиши, мулкдорнинг ўз мулкий ҳуқуқларини ихтиёрий, ўз хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб белгиланиши учун асос бўлади.

Шу билан биргаликда, сўнгги 2,5 йилда фуқаролик ишлари бўйича судларга шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 954 та даъво аризалари киритилган, шундан 7 311 таси қаноатлантирилганлиги ҳам мулкдорларнинг бу борадаги турли оворагарчиликларининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек Фармонда, кўчмас мулк бўйича давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида унга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарар (Торренс тизими) ҳамда турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида унинг ҳақиқий эгасига етказилган зарар қопланиши, бу мақсадда махсус жамғарма фаолият юритиши, судларда фуқароларга нисбатан мулкий даъволар киритишда давлат божи тўлашдан озод қилинганлиги билан боғлиқ давлат органларининг сони қисқартирилиши, шахсга нафақат ўзининг ҳаётини, балки ўз мулкини ҳам ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилиши, терговдаги шахснинг мулкини хатлаб қўйиш ҳам судлар ваколатига берилиши назарда тутилганлиги мулк ҳуқуқини олий қадрият сифатида давлат органлари тизимида тўлиқ амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиб, мулкий ҳуқуқларнинг давлат томонидан кафолатланишига бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг самарали амал қилишига ва халқ фаровонлигининг ўсишига имконият яратувчи ҳар қандай шаклдаги мулкчилик бўлишига рухсат берилади. Мулкчиликнинг ҳамма шакллари дахлсиз бўлишига ва уларнинг ривожланиши учун тенг шароит яратилишига қонун кафолат беради.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси