Алимент ундириш асослари қандай
Ўзбекистон Республикси Конституциясининг 63-моддасига кўра оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Бу қоидадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, жамиятнинг асосий бўғини бўлган оила никохланувчи эр-хотиннинг ўзаро ихтиёрий розилиги асосида ташкил топади ва шундан сўнг давлат мухофазасига олинади. Қонунда кўзда тутилганидан бошқача тарзда тузилган никохлар ҳақиқий эмас деб эьтироф этилади.
Давлат ва жамият болани оилада баркамол ва етук бўлиб ўсишидан манфаатдордир.Шундай экан Ўзбекистон Республикасида оталик, оналик ва болалик ҳам давлат мухофазасида бўлади.
Конституциямизда белгиланишча, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Худди шундай вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ҳам ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Айнан мана шу қоида яьни вояга етган фарзандларнинг ўз ота-оналарига ғамхурлиги борасидаги масьуллиги бошқа ривожланган давлатлар асосий қонунларида учрамайди. Бундан кўринадики Ўзбекистон Республикасида инсон қадри устувор ва давлат ҳимоясида бўлади.
Биз шу ўринда бола манфаати нуқтаи назаридан суд томонидан алимент ундириш масласи ҳақида тўхталмоқчимиз.
Алиментлар Оила кодексида белгиланган тартибда эр-хотиннинг ўзаро келишуви ёки суд ҳужжати (ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи) асосида ундирилади. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафлар ўртасида ёзма шаклда тузилиши ва албатта нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақаси кучига эга бўлади.
Алимент ундириш тўғрисидаги талаб даъвогарнинг танлови бўйича судга тегишлидир. Яьни даъвогар ўзи яшаётган ёки жавобгар яшаётган ёхуд ўзи вақтинча бўлиб турган ҳудуддаги судга алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли.
Оила кодексининг 99-моддасига кўра агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Алимент ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ижро этилади.
Алимент бола таъминоти асоси сифатида у вояга етгунга қадар ҳар ойда ундириб борилади. Вояга етмаган бола таъминоти учун алимент тўламаслик қонунларга кўра жавобгарликки сабаб бўлади.
Алимент ундириш тўғрисидаги талабларга даъво муддати жоорий қилинмайди.Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Алимент судга мурожаат қилинган пайтдан ундирилади. Агарда алимент олувчи алимент олиш учун барча чораларни кўрган бўлса ва алимент тўлаши шарт бўлган шахс алимент тўлашдан бош тортган ва инсофсизлик билан ҳаракат қилган бўлса суд бундай ҳолатда ўтган давр учун судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида алимент ундириши мумкин.
Алимет тўланиши борасида оила кодексига киритилган сўнггги ўзгартиришлардан бири бу вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун бир йўла пул маблағини бериш йули билан ёки кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкинлиги ҳақидаги қоидани мустаҳкамланганлигидир.
Вояга етмаган болалар учун тўланадиган алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтиришга тарафлар (эр-хотин) ўзаро келишув тузишга ҳақли эмаслар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтмоқчимизки вояга етмаган болани тарбиялаб вояга етказиш ота-онани қонуний бурчи ҳисобланади. Унутмаслик лозимки ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эгадир.
Ғайрат Якубов
Фуқаролик ишлари бўйича
Навбахор туманлараро суди судьяси