Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги Қонуннинг мазмун-моҳияти очиқ мулоқотда муҳокама қилинди
Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси биносида 2022 йил
9 ноябрь куни Кармана туманлараро иқтисодий суди ва Навоий вилоят суди судьялари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси, Навоий вилоят давлат активларини бошқариш бошқармаси, шунингдек Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда, Навоий шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ва Навоий вилоятида фаолият кўрсатувчи суд тугатиш бошқарувчилари иштирокида очиқ мулоқот учрашуви ўтказилди.
Ушбу тадбирни ташкил этишдан мақсад, асосан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади)нинг қисқача мазмун моҳиятини тушунтириш ҳамда “Тўловга қобилиятсизлик” ишлари бўйича тугатиш (суд) бошқарувчилари томонидан тугатишга оид ишларни олиб боришда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга бағишланганлигини, қарздорни соддалаштирган тартибда “тўловга қобилиятсиз” деб топиш тўғрисидаги аризалар билан асосан солиқ идоралари судга мурожаат қилишини, мазкур Қонун талабларини бажаришда эътибор берилиши лозим бўлган ҳолатларга тўхталиб ўтиб, қарздорни соддалаштирган тартибда “тўловга қобилиятсиз” деб топиш тўғрисидаги аризалар қаноатлантрилганда, суд томонидан тугатиш ишларини олиб боришга масъул бўлган суд тугатиш бошқарувчиси тайинланишини, суд тугатиш бошқарувчилари тугатиш ишларини олиб боришида айрим муаммолар юзага келаётганлигини, бу муаммоларни масъул идоралар билан бирга ечимини топиш лозимлигини билдирди.
Йиғилишда иштирок этаётган суд тугатиш бошқарувчилари тугатиш ишларини олиб боришда юзага келаётган муаммолар ҳақида ўз фикрларини билдиришди, хусусан банкрот деб топилган корхоналарни расмий газеталарда чоп эттиришда молиявий қийинчиликлар борлиги, айрим давлат идораларидан банкрот бўлган корхоналарнинг мол-мулки ва бошқа молиявий хўжалик фаолияти билан боғлиқ ахборотларни олиш учун мурожаат қилинганда, ушбу ахборотлар ўз вақтида берилмаётганлиги ёки тўлов қилиш лозимлигини айтишаётганликлари, банкрот бўлган корхоналардан солиқ идоралари инкассо топшириқномаларини олмаётганликлари, тижорат банклари махсус тугатиш ҳисоб рақамини очиб бермаётганликлари ва шунга ухшаш фикрларини билдиришди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари сўзга чиқиб, суд тугатиш бошқарувчиларининг тугатиш ишларини олиб боришида юзага келадиган ҳар қандай муаммоларини қонун доирасида ҳал қилишга ёрдам беришини маълум қилишди.
Шунингдек, тадбир давомида суд тугатиш бошқарувчиларидан тушган саволларга ҳуқуқий тушунчалар берилди.