Президент мурожаатномасида белгиланган вазифалар барча судья ва суд ходимлари иштирокида муҳокама қилинди

Барчамизга маълум куни кеча 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон халқига мурожаатномаси йўлланди.

Ана шу мурожаатномадан келиб чиқиб, бугун Навоий вилоят судида белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасидаги устовор вазифалар ижроси юзасидан катта тадбир бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлган ушбу мурожатнома юзасидан ўтказилган тадбирда вилоятда фаолият олиб бораётган барча судья ва суд ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда одил судловни амалга ошириш борасида тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар ва мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида асосий йўланиш сифатида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилганлиги, ушбу соҳа доимий равишда давлатимиз раҳбарининг диққат эътиборида эканлигидан далолат бериши, бу эса судья ва суд ходимларига катта масъулият ҳам юклаши таъкидлаб ўтилди.

Йиғилиш якунида мурожаатномада Президентимиз томонидан белгилаб берилган суд-ҳуқуқ соҳани ислоҳ қилиш борасида қилиниши лозим бўлган вазифалар бирма-бир муҳокама қилиниб, келгусида бажарилиши зарур бўлган ишлар юзасидан керакли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ушбу белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш учун, судья ва суд ходимлари ҳам бор куч-ғайратини сафарбар қилишлари лозимлиги бод-бод таъкидланди. Зеро – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари биз учун олий қадриятдир.

 

Навоий вилоятнинг суди матбуот хизмати