“Гаров (ипотека) шартномалари билан боғлиқ қонунчиликни бир хилда қўллаш, бу соҳадаги амалиёт, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида семинар йиғилиши бўлиб ўтди
Навоий вилоят суди ташаббуси билан жорий йилнинг 23 декабрь кунида кредит (қарз) шартномалари ҳамда мажбурият таъминоти сифатида гаров ва ипотека шартномаларини тузиш ва уни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ қонунчиликни бир хилда қўллаш, бу соҳадаги амалиёт, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан судьялар, нотариуслар, тижорат банклари, давлат хизматлари маркази ҳамда кадастр идораси ходимлари иштирокида семинар машғулоти ўтказилди.
Йиғилишда вилоятда фаолият кўрсатаётган нотариуслар, тижорат банклари ходимлари ва ҳуқуқшунослари, давлат хизматлари маркази, кадастр идораси ходимлари ҳамда иқтисодий суди судьялари иштирок этишди.
Даставвал маърузачилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди. Президентимиз томонидан барча соҳалар бўйича келгуси 2023 йилдаги устувор йўналишлар шу жумладан, суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилганлиги таъкидланди.
Семинар йиғилишида кредит (қарз) шартномалари, мажбурият таъминоти сифатида гаров ва ипотека шартномаларини тузиш ва уни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ қонунчиликни бир хилда қўллаш, бу соҳадаги суд амалиёти, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан йиғилиш иштирокчиларига батафсил тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари семинар йиғилишида судларда кўрилган кредит шартномалари билан боғлиқ низолар юзасидан суд статистикасига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилиниб, кредит шартномалари, гаров билан боғлиқ битимларни тузишда, уларни нотариал тасдиқлашда, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда, низо келиб чиққанда эса судда кўриб чиқиш жараёнларида мазкур муносабатларни тартибга солувчи қонунларни тўғри қўллаш ва мулк ҳуқуқини бузилишига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, семинар йиғилишида маърузачи судьялар томонидан йиғилиш иштирокчиларининг мавзуга оид саволларига батафсил тушунтиришлар берилиб, бу борада амалиётда вужудга келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида фикрлар билдирилди.
Турғунбой Қаххоров
Навоий вилоят судининг судьяси