Эссиз, оғу томган ёшлик!
Санжар Носиров ( барча исм-шарифлар ўзгартирилган) – 2003 йилда Навоий шаҳрида туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, Москва давлат юридик университети талабаси. Абдулла Тошев – 2003 йилда Навоий шаҳрида туғилган, маълумоти ўрта-махсус, муқаддам жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2021 йил 24 сентябрдаги хукмига кўра, айбли деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган. Жамшид Султонов – 1999 йилда Олтинкўл туманида туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, Андижон давлат тиббиёт институтининг 5-босқич талабаси. Алишер Очилов – 2004 йилда Булоқбоши туманида туғилган, маълумоти тугалланмаган ўрта, Булоқбоши туманидаги 1-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси. Азиз Болтаев – 2003 йилда Булоқбоши туманида туғилган, маълумоти ўрта, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланган.
Ҳали ҳаётнинг довонларига дуч келмаган, аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, қийинчиликларини бошидан ўтказмаган ғўр ёшдаги бу йигитларнинг барчаси ўзимизнинг қоракўзлар, ўзимизнинг фуқаролар, ўзимизнинг қон-қариндошлар.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида ўз умрини увол қилган, гулдек умрини темир панжара ортида ўтказишга маҳкум бўлган ана шу “оғу сотувчи”ларининг иши кўриб чиқилди.
Ичкиликка ва гиёҳвандликка ружу қўйишнинг оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамаслигини йилларнинг аччиқ сабоқлари аллақачон исботлаб бўлган. Бу иллат жамиятнинг энг оғриқли ва энг хавфли фожиаларидан саналишини, ўз домига тортган одамни хароб қилиши мумкинлигини барчамиз жуда яхши биламиз.
Энг ачинарлиси, улар орасида вояга етмаган йигитнинг борлиги, мактаб ўқувчиси гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланаётганидир Ундан ҳам афсусланарлиси, Москва давлат юридик университетида таҳсил олаётган ва Андижон давлат тиббиёт институтининг 5 – босқич талабалари борлиги. Бўлажак ҳуқуқшунос, қонун ҳимоячисининг ўзи қонунбузар, жиноятчи бўлса, додингни кимга айтасан. Ёки шифокорлик қасамёдини қабул қилишига бир қадам қолган бўлажак саломатлик посбонининг ҳам ниятлари тоза эмаслиги қанчалар аччиқ бўлмасин ҳақиқат. Улар орасида муқаддам судланган, жазоланган, аммо бундан тегишли хулоса чиқармасдан қайта жиноят содир этганларнинг борлиги ҳам кишини ранжитади.
Бу йигитлар жиноят устида қўлга тушиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганида уларнинг ота-оналари, яқинлари қандай аҳволга тушганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ахир ҳеч бир ота-она фарзанди ортидан лаънат эшитишни, маҳалла –кўй олдида юзи шувут бўлишини истамайди. Аммо ҳозир истакнинг ўзи камлик қилади. Ўғли ёки қизи тунлари саёқ юришини оддий ҳолга йўядиган, уларга барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб, ҳисобини сўрамайдиган, хато қилса ҳам уларни осонгина кечирадиган ота-оналарнинг кўнгли бўшлиги ана шундай фожиаларга сабаб бўлаётгани ва қимматга тушаётганини ҳам тан олишимиз керак, албатта.
Яхшиямки, ҳуқуқ тартибот идоралари ҳушёр. Навоий вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Навоий шаҳар ички ишлар бўлими жиноят-қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Навоий ҳамда Андижон шаҳарлари ҳудудида ўтказилган “Назоратли харид тадбири” тезкор-қидирув тадбири давомида, гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадини кўзлаб, “гашиш” гиёҳвандлик моддасини сотаётганда ушланган “қаҳрамон”ларимиз қонун олдида жавоб берди. Судда уларнинг қай бири гиёҳвандлик моддасини ўзи истеъмол қилишини, кимдир вояга етмаган йигитнинг ёшлигини билмасдан унинг ҳаётини заҳарлаганини тан олиб, қилмишининг оқибатини тушуниб етганини, айбига иқрор ва пушаймонлигини, ёшлигини инобатга олишларини сўраган.
Начора, қилмиш-қидирмиш деган гап бекорга айтилмаган. Кимгадир 2 йилу 6 ой, кимгадир 2 йилу 1 ой, кимгадир 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Вояга етмаган А. Очилов эса 1 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилди. Пушаймондан эса энди фойда йўқ. Елларга совурилган қимматли ёшликнинг темир панжара ортидаги хазонли йиллари бу ёшларга, қолаверса, бу воқеадан хабардор бўлган замондошларимизга сабоқ бўлса ажабмас!
Дилобар ПАРДАЕВА
жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси