Фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятлари кенгайди
Ўтган йил давомида мамлакатимизни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш, айниқса суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди. Мазкур йўналишни амалга оширишда 2023 йилнинг охирида яъни 25 декабрида 889-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Барча мақсадлар инсон қадрини улуғлаш қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб,эндиликда суд қарорлари устидан шикоят қилишнинг янги тартиби жорий этилди.
2024 йилнинг 1 январидан қуйидагилар:
– вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишларни тафтиш тартибида кўриш босқичи;
– ишлар тафтиш тартибида Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Олий суд Раёсатида кўрилиши;
– юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилиниши ва улар томонидан иш якуни бўйича якуний қарор қабул қилиниши;
– ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлиги;
– ишни тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда, шунингдек ишни юқори турувчи суд томонидан тафтиш тартибида қайта кўришда иштирок этиши мумкин эмаслиги;
– процессуал муддатни тиклаш ҳақидаги ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкинлиги;
– келишув битими апелляция ёки кассация, тафтиш инстанцияси суди томонидан тасдиқланган тақдирда, ажрим чиқарилиб, иш бўйича илгари қабул қилинган барча суд ҳужжатлари ушбу ажрим билан бекор қилиниб, иш юритиш тугатилиши;
– кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 6 ой ичида берилиши мумкинлиги;
– тафтиш тартибидаги шикоят ёки протест, ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ҳарбий суд номига йўлланиши, лекин ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилиши;
– Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда уни ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шартлиги;
– тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 1 йил ичида берилиши;
– тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати қуйи инстанция судлари томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши, яъни яна қўшимча уч ойлик муддат ичида берилиши;
– Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига Олий суд раисининг, Бош прокурорнинг протести тегишли шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай киритилиши;
– Суд қарорлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва шикоят (протест) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари судья (суд) томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Азиза Рўзиева,
Навоий туманлараро маъмурий суди судьяси