Ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ва ноқонуний қурилишларни олдини олишга қаратилган ҳамкорликдаги танқидий учрашув

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Ер билан боғлиқ қатъий қонуний чоралар ердан оқилона фойдаланишга қаратилган конституциявий тамойилларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади. Зеро, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлигини таъминлашда, юртимизнинг иқтисодий салоҳияти юқсалишида ернинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Бироқ, суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жисмоний ва юридик шахслар томонидан ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва унда ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолати кўпайиб бормоқда.

Бу эса, энг авваламбор, ер қонунчилиги устидан назоратни амалга оширувчи мутасадди идоралар томонидан келгусида ўз фаолияти ва хизмат вазифаларини виждонан, ўз вақтида ва сифатли бажаришга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатиб туради.

Айни шу мақсадда Зарафшон шаҳар ҳокимлиги биносида судлар, шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, қурилиш бўлими, кадастр агентлиги ва кадастр палатаси раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашувда ер қонунчилиги устидан назоратни амалга оширувчи мутасадди идораларнинг йўл қўяётган хато-камчиликлари суд амалиётидаги мисоллар билан бирма-бир қайд этилиб, ер соҳасига оид қонунчилик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил

20 ноябрдаги 28-сонли “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори талабларига қатъий риоя қилиш лозимлиги тушунтириб ўтилди.

Семинар давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга судьялар томонидан тегишли тушунтиришлар бериб ўтилди.

 

Турғун Қаҳҳоров,

Навоий вилоят судининг судьяси.