Педагоглик фаолияти қонун ҳимоясида!!!

Даъвогар Ю.Ш.нинг жавобгар И.З га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвоси 2024 йил май ойининг 07 куни кўриб чиқилди.

Аниқланишича даъвогар Ш.Ю судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар И.З 2023 йил 16 январда мактаб директори лавозимига тайинланган кунидан буён иш фаолиятига турли йўллар билан тўсқинлик қилиб жамоада нотинчлик келтириб чиқаришга уриниб келгани, жумладан 2023 йил декабрь ойида “Маданият” МФЙ Бозоржой қишлоғининг 22 нафар фуқароси томонидан юқоритурувчи давлат ташкилотларига унитарафбозликда, ўта қўполликда, андишасизликда, муомала маданияти йўқлигида, беҳурматликда, ўз мансабини суиистеъмол қилишда ва бир қатор асоссиз уйдирма ва бўҳтонлар билан шикоят аризаси ёзиб, маҳалла ва жамоа ичида қадр қимматини, аёллик шаъни, раҳбарлик обрўйини синдиришга урингани, бу ҳолат унга айни дамгача соғлигига қаттиқ таъсир қилиб келгани,бу вақтлар оралиғида бир неча марта шифокорга мурожаат қилгани, касалхонада ётиб даволангани, жавобгар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилиши билан биргаликда маънавий зарар етказганлигини, ўзига етказилган маънавий зарарни 20.000.000 сўм деб баҳола жавобгар И.Здан 20.000.000 сўм маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича жавобгар З.И 2023 йил 16 январь кунидан бошлаб 25-сонли мактаби директори лавозимида ишлаб келаётган Ю.Шнинг меҳнат фаолиятидан норози бўлиб, 21-сонли умумтаълим мактаб жойлашган “Маданият” МФЙ “Бозоржой” қишлоғи аҳолиси номидан турли давлат ташкилотларига шикоят аризаси ёзиб, шикоят аризасига 21-сонли умумтаълим мактабига қайта ишга кирмоқчи эканлигини айтиб, қишлоқ аҳолисига имзо қўйдириб, давлат ташкилотларига юборгани ҳолати бўйича жавобгар З.Ининг ҳаркатларида даъвогар Ю.Ига нисбатан туҳмат қилингани аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2024 йил 06 февраль кунидаги қарорига асосан жавобгар И.З.Ўз.Р МЖтКнинг 40-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга Ўз.Р МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, яъни 3.400.000сўм жарима жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021-моддасига кўра, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар, қуйидаги ҳолларда қопланади, агар: зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса; зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф тарзда қўлланиш, қонунга хилоф тарзда маъмурий жазо қўлланиш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш натижасида етказилган бўлса; зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса; қонунда назарда тутилган бошқаҳолларда.

Юқоридаги ҳолатлар ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужатлардан келиб чиқиб даъвогарнинг даъвоси асосли бўлганлиги сабабли, даъвогар Ю.Шнинг жавобгар И.Зга нисбатан етказилган маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвоси қисман қаноатлантирилиб, даъвогар Ю.Шнинг фойдасига етказилган маънавий зарар учун 1.500.000 сўм товон ундириш белгиланди.

Қисқа қилиб айтганда, мазкур даъво аризаси кўриб чиқишда дастлаб Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 06 январь кунидаги “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 52– моддасида педагог ходимлар — касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар юзасидан давлат божидан озод этилган деган нормани инобатга олиб, даъвогардан давлат божисиз даъво аризаси қабул қилиниб, унга етказилган маънавий зарар учун товон пуллари ўз вақтида ундириб берилиши таъминланди.

 

Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.