Коррупцияни олдини олиш йўлидаги муҳим қадам
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунининг имзоланиши ҳам сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижаларидан бири десак муболаға бўлмайди. Ушбу Қонуннинг мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади. Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан ушбу Қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади. Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чораларни ўз ичига олиши, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг ва (ёки) унинг бевосита раҳбарининг (айрим ҳолларда, унинг ўринбосарининг) ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши керак. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбар ходими ҳамда махсус бўлинманинг раҳбари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш учун масъул ҳисобланади. Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар таркибий бўлинмасининг раҳбари мавжуд манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ўз ваколатлари доирасида кўрилган чоралар тўғрисида махсус бўлинмага бир иш куни ичида ахборот тақдим этиши шарт. Махсус бўлинма кўрилган чораларнинг етарлилиги (тўғрилиги) тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун ахборотни уч иш куни ичида одоб-ахлоқ комиссиясига тақдим этади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинганлиги ёки битим тузилганлиги натижасида олинган фойда битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмаган ҳолда, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади. Бунда ҳақиқий эмас деб топилган бундай битимнинг ижроси билан боғлиқ харажатларнинг ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахснинг ҳисобидан қопланади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилганлиги натижасида жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга етказилган зарар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг айбдор ходимларидан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорлар устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи ташкилотга, махсус ваколатли давлат органига ёки судга шикоят қилишга ҳақли .
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларининг коррупциянинг олдини олиш ва коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича масъулияти оширилишига, ижтимоий-иқтисодий, фуқаровий муносабатларда коррупциявий омилларнинг камайишига, давлат хизматида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.