Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузиш оқибати

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан фуқаро ва тадбиркорлар учун қулай шартларда бўш турган объектларни ижарага бериш тартиби кенг жорий қилинмоқда.

Бино-иншоотга эга бўлмаган тадбиркорларни жой билан таъминлаш орқали қўшимча иш ўринлари яратилиб, бу тадбиркорлик ва иқтисодиётни ривожлантириш имконини бермоқда.

Суд амалиётидан кузатиш мумкинки, давлат мулкини ижарага бериш соҳасида давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномасини тузмасдан ижарага бериш, ижарага олинган давлат мулкини қабул қилиб олишда, ижара муносабатларининг объекти ҳудудига киришда ва ундан фойдаланишда ижарага олувчига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижарага берилаётган давлат мулкининг параметрлари ва сонини ижара шартномасида нотўғри кўрсатган ҳолда давлат мулкини ижарага бериш ҳолатлари мавжуд.

Бу эса тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун муайян бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатларни юзага келтириб, иқтисодиёт ривожланишига, давлат бюджетига тушумлар тушушининг камайишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда.  

“Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабти билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимичалар киритиш ҳақида”ги  2024 йил 19 июндаги ЎРҚ–933-сонли Қонунининг қабул қилиниши қайд этилган салбий ҳолатларни олдини олишга ва тегишли мансабдор шахслар жавобгарлигининг янада ортишига ҳуқуқий асос бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2158-моддасига кўра, давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномасини тузмасдан ижарага бериш, ижарага олинган давлат мулкини қабул қилиб олишда, ижара муносабатларининг объекти ҳудудига киришда ва ундан фойдаланишда ижарага олувчига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижарага берилаётган давлат мулкининг параметрлари ва сонини ижара шартномасида нотўғри кўрсатган ҳолда давлат мулкини ижарага бериш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

         Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, давлат мулкини ижарага бериш соҳасига масъул бўлган ҳар бир шахс қонунчилик талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўз хизмат вазифаларини ҳалол-пок ва юқори профессионаллик билан бажаришлари лозим, албатта.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.