Мажбурият бажарилиши мажбурий(ми)?

Ҳар бир тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишади. Қувонч билан эътироф этиш лозимки, мазкур муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ ва сифатли адо этилади.

Аммо, мажбуриятларнинг ҳаммаси ҳам шу тарзда бажариладими?

Афсуски, айрим ҳолатларда олинган мажбурият ижро этувчи томонидан бажарилмасдан эътиборсиз қолдирилади. Натижада бу тарафларнинг ўзаро муносабатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, энг нозик жиҳат ҳисобланган ўзаро ишончнинг йўқолишига ҳамда тарафлар ўртасида низо пайдо бўлишига олиб келади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Эътиборингизни суд амалиётида кўрилган бир низога қаратмоқчиман.

Хусусан, «Н.Л» хусусий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «О.Ш» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 66.827.000 сўм асосий қарз, 33.413.500 сўм пеня, жами 100.240.500 сўм ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 2021 йил 14 январда 8-сонли ҳамда 2021 йил 12 апрелда 73-сонли темир бетон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларини бажариш мақсадида тегишли ҳисоб-фактуралар билан темирбетон маҳсулотлари жавобгарга етказиб берилиб, шартномавий мажбуриятлар даъвогар томонидан лозим даражада бажарилган бўлсада, шартномада белгиланган мажбуриятлар жавобгар томонидан қисман бажарилиб, қабул қилиб олинган маҳсулотлар учун 152.600.000 сўм тўлов амалга оширилиб, 66.827.000 сўмлик қарздорлик тўланмасдан қолинган.

Ваҳоланки, шартноманинг 4.4-бандига кўра, олдиндан тўлов шартнома қийматининг 15 фоизини ташкил этиши, қолган тўлов маҳсулот қабул қилиб олинган кундан 5 банк кунида амалга оширилишига келишилган.

Қарздорлик суммасини тўлаб бериш юзасидан даъвогарнинг талабномалари жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Натижада даъвогар томонидан жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилинган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгардан даъвогар фойдасига мавжуд қарздорлик суммалари ундириб берилиб, даъвогар тадбиркорнинг манфаати суд йўли билан ишончли ҳимоя қилинди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги натижасида даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари, тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Энг асосийси эса, тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка путур етди, ўзаро ишонч йўқолди.

Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари кераклиги назарда тутилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият бажарилиши шарт. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этишида ҳамда бу орқали ўз тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишида муҳим омилдир.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.