МАЪМУРИЙ СУДЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШДА ФУҚАРОЛАРУЧУН ЯРАТИЛГАН ҚУЛАЙ ШАРОИТЛАР
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Маъмурий судларнинг вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
“2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришнинг асосий мақсадларидан бири сифатида маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш назарда тутилган.
Инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди. Мазкур стратегияда 5 та устивор йўналиш ва 100 та мақсад белгиланган бўлиб, 4-устивор йўналиш “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” деб номланди.
Ўз навбатида, мазкур устивор йўналишнинг 4.2-бўлими, “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар” деб номланиб, ундаги асосий мақсадлардан бири сифатида Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш эканлиги белгиланди. 2030 йилгача маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, ушбу мақсадга эришишнинг самарадорлик кўрсаткичи сифатида белгиланди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-897-сонли Қонунига асосан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 10-моддасининг биринчи қисми 11-банд билан тўлдирилди. Унга кўра, жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод қилинди.
Бу билан фуқароларнинг маъмурий судларга мурожаат қилишларига қулайлик яратилиб, уларнинг судга мурожаат қилишларига тўсқинлик қилаётган омил бартараф этилди.
Акмал Муродов,
Навоий вилоят маъмурий судининг раиси.