Фуқаролик ишлари бўйича судларда прокурор иштироки
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2024 йилнинг 30 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сон Қонун қабул қилинди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 50-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.
Прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Ушбу Қонун қабул қилингунга қадар, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин эди.
Эндиликда эса киритилган ўзгартиришга мувофиқ, прокурор айнан қандай тоифадаги ишларда иштирок этиши мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилди.
Ушбу қабул қилинган Қонун жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Анвар Жумаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.