Бола ҳуқуқлари қонун ҳимоясида
Маълумки, ўзбек халқи учун оила муқаддас даргоҳ саналади. Унинг мустаҳкамлигини сақлаш жамиятимиз ва давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Давлатимизда оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, айниқса боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг асосий кафолатларини мустаҳкамлаш уларини ҳимоя қилиш борасида бугунги кунда тўлақонли қонунчилик асослари яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган бўлиб унга кўра, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти экани белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 7 январдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига кўра, ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги, ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Давлат: болага нисбатан эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олиш, шунингдек уларнинг содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, эксплуатация ва зўравонликка дучор бўлган болаларга зарур педагогик, психологик, тиббий, юридик ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўриши, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бола ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган кўплаб халқаро ҳужжатларга қўшилган бўлиб, 1992 йили мамлакатимизда БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси ратификация қилинган. 2008 йилда эса бу борада алоҳида Қонун, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 829-сонли Қонунига мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш нормаси билан тўлдирилиши, бу борада уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига янада хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, бола ҳуқуқларининг ҳимояси учун барчамиз масъул ҳисобланамиз.
Дилшод Турдиев,
Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси.