Учқудуқда суд раислари олис ҳудудларга ташриф буюрди
Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Учқудуқ туман судлари раислари томонидан туман марказидан 70 км узоқликда жойлашган “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Ушбу манзилга бориш бежиз эмас албатта. Чунки “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғини туманнинг олис ҳудудларидан бири ҳисобланиб, у ерда яшаб келаётган фуқароларнинг туман марказига келиб, муаммоларини билдириши учун етарлича вақт ва куч сарфланади. Мақсад эса мазкур ҳудуддаги фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича мурожаатларини жойида ваколат доирасида кўриб чиқиш ҳисобланади.
Ўтказилган тарғибот тадбирида “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган фуқароларга бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судларнинг вазифаси, судлар томонидан қандай тоифадаги ишлар кўрилаётганлиги ҳамда аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этиш, уларга ҳуқуқий кўмак бериш борасида атрофлича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, овул аҳолисига янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз, унда белгиланган фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, сайёр учрашувда туман ҳудудида сўнгги вақтларда содир этилаётган жиноятлар, уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тегишли чоралар, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва преференциялар, оилаларда ажримни олдини олиш ҳамда алимент ундириш билан боғлиқ масалалар бўйича сўз юритилди.
Шу билан бирга, ўтказилган сайёр қабул давомида овул фуқаролар йиғини аҳолисига ўзларини қизиқтирган барча масала ва мурожаатлар юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Келгусида бундай учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб бориш тўғрисида келишиб олинди.
Дилшод Турдиев,
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси