Навоий вилояти судлари томонидан яна бир яшил макон барпо этилди

Инсон соғлом бўлиши учун аввало, табиат соғлом, ҳаво мусаффо бўлиши керак. Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 мартдаги 144-F-сонли Фармойишида жорий йил баҳор ва куз мавсумларида вилоят судлари томонидан манзарали, мевали ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган бўлиб, ушбу фармойиш ижросини таъминлаш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини доирасида Навоий вилояти судларининг барча судья ва суд ходимлари томонидан Навоий шаҳар “Ёшлик” МФЙ ҳудудида 300 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Дастлаб кўчат экиш тартиби ва сирлари мутахассислар томонидан батафсил тушунтириб берилди. Шундан сўнг судья ва суд ходимлари кўчат ўтқазишга киришдилар. Мазкур манзарали дарахт кўчатларининг парвариши бўйича ҳам масъулиятни ўз зиммаларига олишди.

Дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинди. Энди улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.

Она ватан тақдирига бефарқ бўлмасдан, уни тобора ободлик ва кўркамлик касб этишида камарбаста бўлиш – бугун ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётий маслагига айланиши лозим. Зотан, барпо этаётганимиз яшил майдонларнинг мамлакатимиз экологияси ва халқимиз саломатлигидаги аҳамияти беқиёс бўлиб, бугун эзгу ниятлар билан қадалган ниҳоллар эса жонажон Ўзбекистонимизнинг, ҳар биримизнинг ортимиздан униб-ўсиб келаётган авлоднинг улуғ манфаатлари учун хизмат қилади.

Мазкур лойиҳа доирасида дарахт экиш акцияси вилоятимиз экологиясини тозалаш билан бирга атроф-муҳитни соғломлаштиришга хизмат қилади.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати