Олис ҳудудга суд раисларининг ташрифи
Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Учқудуқ туман судлари раислари томонидан Учқудуқ туманидаги “Алтинтау” овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Дастлаб тадбирда сўзга чиққан суд раислари томонидан, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, судларнинг вазифаси, судлар томонидан қандай тоифадаги ишлар кўрилаётганлиги борасида атрофлича тушунтиришлар берилди.
Хусусан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.
Тадбир иштирокчиларига ўтган қисқа даврда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тарихий ўзгаришларга қўл урилганлиги, мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланганлиги, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгиланганлиги борасидаги фикрлар айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, сайёр учрашувда суд раислари томонидан туман ҳудудида сўнгги вақтларда содир этилаётган жиноятлар, кредит ва солиқ қарзини ундириш бўйича кўрилган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.
Тадбир якунида овул фуқаролар йиғини аҳолисига ўзларини қизиқтирган барча саволлар юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Анвар Жумаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси