Конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг гаровидир
Барчага маълумки, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги конституцияси қабул қилинди.
Ўзбекистонда 2023 йилда янги тахрирда Конституция қабул қилиниши масаласи кўтарилганда, унда инсон ҳуқуқларини янада кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш механизмини, инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат маъсулиятини кучайтириш зарурати мавжудлигидан келиб чиқилди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг муқаддимасида “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз” деб кўрсатилиши, Конституциянинг асосий мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини англатади.
Дарҳақиқат, Конституциядаги нормаларга диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, унда инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун қўйилганлигини кўришимиз мумкин бўлади.
Биргина мисол, Конституция 20-моддасининг бешинчи қисмида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деб кўрсатиб ўтилди. Бу қоида баъзи бир ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун нормаларида келтирилган бўлса-да, бошқа қонун нормаларида назарда тутилмаган эди. Бундай қоиданинг Конституцияга киритилиб, Конституциявий норма сифатида қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаати ҳамма нарсадан устун эканлигини англатади.
Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари анча кенгайтирилди. Янги ҳуқуқлар ва қоидалар белгиланди. Буни аввалги “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” боби, “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” деб ўзгартирилганида ҳам кўриш мумкин. Аввалги Конституцияда инсон хуқуқлари учун 23 та модда ажратилган бўлса, янги тахрирдаги Конституцияда 34 та модда мавжуд бўлди. Инсон ҳуқуқларига тааллуқли моддалардаги нормалар 37 тадан 98 тага кўпайди. Бу дегани фақат янги моддалар қўшилиб қолинмай, янги нормалар билан ҳам бойитилди.
Ўлим жасоси тақиқланиши, инсонни шаъни ва қадр-қиймати дахлсиз эканлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган холда хибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки уни озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги, уни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш сабаблари тушунтирилиши шартлиги, айбсизлик призумцияси аниқ белгиланганлиги, айбсизликка оид барча шубхалар, уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса айбланувчи, судланувчи ёки махкумнинг фойдасига ҳал қилиниши, хар ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувохлик беришга мажбур эмаслиги агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ва жазоланиши мумкин эмаслиги каби нормаларнинг конституцияга киритилганлиги инсонпарвар давлат йўлидан бораётганимизни англатади.
Конституциянинг 54-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.
Давлат инсон ҳамда фуқарониниг Конституция ва қонунларида мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” – деб мустаҳкамланганлиги, давлатнинг ўз зиммасига катта маъсулиятни олганлигини англатади. Бу норма давлатнинг мақсади асосида, маъсулиятини Конституциявий даражада мустаҳкамлайди.
Конституция 55-моддасининг учинчи қисмида, “Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади” деб кўрсатилган бўлиб, ушбу норма ҳам конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг гарови эканлигидан далолат беради.
Муродов Акмал,
Навоий вилоят маъмурий судининг раиси