Одам савдоси қилмиши учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик

Инсон, шубҳасиз, энг олий мавжудот. Биз инсон деганда, энг аввало ота-она, устоз, фарзанд, ёру дўст каби улуғ зот ва неъматларни тушунамиз. Уларнинг борлиги ҳаётимиз мазмунидир, йўқлигини эса тасаввур ҳам қилаолмаймиз.

Минг афсуски, тараққиёт ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилгани сари жамиятимиздаги айрим қўштирноқ ичидаги одамларнинг онг ва маънавиятсизлиги ўзининг энг тубан ва жирканч нуқтасига яқинлашиб, ҳатто ўтиб ҳам кетмоқда. Бундай салбий даражадаги баҳога лойиқлар инсон дейишга ҳам арзишмайди. Чунки бундай тоифадагиларнинг маънавият ва инсонийлик даражаси бўлганида улар инсонга “товар” сифатида қарашмаган, бозорда сотиладиган маҳсулот каби жамиятнинг энг олий ва бебаҳо мавжудоти – инсонни бошқаларга пуллашмаган бўлар эди.

Албатта, Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Бош қомусимиз – Конституциямиз билан кафолатланади.

Одам савдоси иллати нафақат мамлакатимизни, балки жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ХХI асрнинг жиддий муаммоларидан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бермоқда.

Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

2013 йил 30 июль куни БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.

Бугунги кунда кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган. 2008 йилда эса “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Миллий қонунчилигимизда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлигининг конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра, одам савдоси деганда, одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади.

Мазкур моддадаги қилмишлар содир қилинганлиги учун ушбу кодексда уч йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.

Юқорида келтирилган чора-тадбирлар, бизни ҳотиржам бўлишимиз учун етарли эмас, шу сабабли мамлакатимизда одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар кўрилиши изчил давом эттирилмоқда.

Албатта, ушбу мақоламиз орқали, кимнингдир кўнглига озор бериш ёки уни камситиш ниятимиз йўқ.

Фақатгина одам савдоси, хусусан ҳимоясиз бола ва ожиза аёлни ушбу иллат қурбони бўлиши инсонийликка хос бўлмаган иллат эканлигини яна бир бора тушунтириш, барчани огоҳликка чақириш, бундай жиноятларни олдини олиш учун ўз маънавиятимиз ва инсонийликка ҳос бўлган эзгу туйғуларимизни шакллантириб бориш, билиб-билмай бу қабиҳ йўлга кирмоқчи бўлганларни тўғри йўлга бошлаш, одам савдоси каби жирканч жиноят билан шуғулланиб юрганларни аниқлаш, уларга қатъий қонуний жавобгарлик ва жазо чораларини кўрилишини таъминлашда эса биргаликда курашишимиз кераклигини таъкидлаш мақоламизнинг бош мақсадидир.

 

Ғофуров Шерзод

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси