Навоий вилоят судида ташкил этилган очиқ мулоқот мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби вакиллари, вилоят суди раҳбарияти ҳамда жиноят ишлари бўйича судьялари, тергов судьялари, прокуратура ва ИИБ терговчилари, Солиқ ҳамда Божхона органларининг суриштирувчилари, адвокатлар иштирок этишди.
Қайд этилганидек, мазкур фармон билан 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби йўлга қўйилади.
Бугунги кунда, жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Бу ўз ўрнида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда фаолият юритаётган бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юкламоқда. Бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.
2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича ҳудудий судларда иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқади.
Очиқ мулоқотда охирги пайтлар жойлардаги сайёр қабулларда ҳам аҳоли томонидан билдирилаётган мурожаатларни кўриб чиқишда учраётган муаммолар эндиликда бартараф этилиши айтиб ўтилди. Судьялар ва йиғилиш иштирокчилари фармон юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Янги киритилаётган ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириши, судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишида кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.
Навоий вилоят суди матбуот хизмати