Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилмоқда

Мамлакатимизда сўнги йилларда мажбуриятлар бажарилиши таъминоти сифатида берилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини такомиллаштириш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди.

Аммо амалиётда кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятларни қарздор томонидан ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган талаблари қондирилишини, суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратишни, гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётган эди.

Шу сабабли, ушбу муаммоли ҳолатларни бартараф қилиш мақсадида жорий йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, “Гаров тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

·                   Жумладан, “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддаси ҳамда Фуқаролик кодексининг 279-моддасига қуйидаги қўшимча киритилиб, унга кўра гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланиши белгиланди:

1) агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса;

2) агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса.

·                   Бундан ташқари, “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддаси ва Фуқаролик кодексининг 281-моддаларига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

– агар мол-мулк бир нечта кредитор олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминласа, гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағлари мазкур мажбуриятларни қонунда белгиланган навбат бўйича бажаришга йўналтирилади;

– гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин;

– гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва гаровнинг дастлабки қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда баҳолаш билан боғлиқ барча харажатлар мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган тараф томонидан қопланади.

·                   Бундан ташқари, Фуқаролик кодекси 7461-модда билан тўлдирилиб, унга кўра, кредитни муддатидан олдин суд тартибида ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилади. Бунда агар қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаган тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

·                   Бундан ташқари, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилиб, уларга кўра,

– гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган мажбуриятларни ижро этишда ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулк суд томонидан мажбурий тарзда баҳолашдан ўтказилади ҳамда ушбу кимошди савдосидаги бошланғич реализация қилиш нархи суд қарори билан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда аниқланган миқдорда белгиланади (54-модда);

– қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган мол-мулк ушбу мол-мулк билан таъминланган қарзни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича реализация қилинмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувчига мол-мулкни такрорий аукцион савдоларидаги ёки савдо ташкилотлари томонидан қайта реализация қилиш чоғидаги бошланғич сотиш нархидан 25 фоиз камроқ суммада баҳоланган ҳолда ўзида қолдиришни таклиф қилади (56-модда);

– иқтисодий суднинг қарздор юридик шахсни банкрот деб топиш ва тугатиш ишини юритишни очиш тўғрисидаги қарорининг кўчирма нусхаси олинганда давлат ижрочиси ижро иши юритишни тамомлайди, бундан ундирувни гаров билан таъминланган мол-мулкка қаратиш ҳақидаги, мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги, мол-мулкни ўзга шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги, асоссиз орттирилган бойликни қайтариш ҳақидаги, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги ижро иши юритишлар мустасно (62-модда).

·                   Бундан ташқари, “Ипотека тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларга кўра,

– ипотека тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, даврий тўловлар билан бажариладиган мажбуриятни таъминлаш учун ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга, ушбу тўловларни тўлаш муддатлари кетма-кет уч ойдан ортиқ муддатга бузилган тақдирда, йўл қўйилади (36-модда);

– қарз тўланмаган тақдирда, ипотекага олувчининг қарздор томонидан асосий мажбуриятнинг бажарилишига доир талаби суддан ташқари тартибга солиш тугалланганидан кейин, қарздор мажбуриятининг қопланмаган қисмини қарздорнинг бошқа мол-мулки ҳисобидан қоплашга бўлган ҳуқуқ ипотека олувчида сақланиб қолади (37-модда);

– агар ипотека билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли ипотекага олувчи талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига аниқ мос келмаса, ундирувни ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш рад этилиши мумкин, бундан ушбу Қонун 36-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол мустасно.

Ипотека билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланади:

1) агар ипотека билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси ипотека қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса;

2) агар ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича даврий тўловларни тўлаш муддатларининг бузилиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса (38-модда).

·                   Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 248-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра агар гаров билан таъминланган мажбуриятни бажариш учун кредитор томонидан олинган мол-мулк бўйича ушбу Кодекснинг 266-моддасига мувофиқ солиқ ҳисобга олинмаган бўлса, ушбу мол-мулк реализация қилинганда солиқ солинадиган база солиқ суммасини ўз ичига оладиган, мол-мулкни реализация қилиш нархи ва мазкур мол-мулкнинг мажбуриятни бажариш учун кредит ташкилоти балансига олиш чоғидаги қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади.

Ушбу Қонунга асосан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига яна бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, бу кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилиши назарда тутилмоқда.

 

Хамидов Акбар,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Саъдуллаев Хамидулло,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси