Низони судгача ҳал этиш тартибига риоя қилмаслик оқибати
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)да
даъво тақдим этиш, иш қўзғатиш асослари, даъво аризасининг шакли ва мазмуни,
даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини
юбориш, даъво аризасига тегишли ҳужжатларни илова қилиш юзасидан нормалар
мавжуд бўлиб, ушбу қонунчилик талабларига даъво аризаси билан судга мурожаат
қилаётган тараф, албатта, риоя қилиши лозим.
Хусусан, ИПК 148-моддасининг иккинчи қисмига кўра,
агар қонунда муайян тоифадаги низолар учун судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш)
тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, фақат
тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини
кўрганларидан кейингина судда иш қўзғатилиши мумкин.
Бироқ, айрим ҳолларда мазкур норма талабларига амал
қилинмасдан иқтисодий судга даъво аризаси бериш ҳолатлари учраб турмоқда.
Ушбу мақоламиз орқали эса суд амалиётида кўрилган бир
иқтисодий иш мисолида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолати ва унинг оқибатига
тўхталмоқчимиз.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти
ҳудудий бошқармаси «Агробанк» АТБ (бундан буён матнда даъвогар ёки банк деб
юритилади)нинг манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
«SHAXOBIDDIN HUNARMAND 2022» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади)дан жами 105.095.000 сўм кредит қарзини ундиришни
сўраган.
Зарафшон
туманлараро иқтисодий судининг 4-2103-2501/1847-сонли иши бўйича қабул қилинган
2025 йилнинг 18 июль кунидаги ажрими билан даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.
Мазкур даъво аризасини
кўриш жараёнида даъвогарнинг масъул
ходими томонидан ўз меҳнат фаолиятида
бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги, бунинг оқибатида қонунчилик
талаблари бузилганлиги, даъвогар манфаатларига зарар етганлиги ва келгусида
мазкур ҳолатларни олдини олишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги аниқланган.
Хусусан, тарафлар ўртасида 31.07.2024 йилда кредит
линияси очмасдан кредит бериш тўғрисида 6572-сонли шартнома тузилган.
Шартноманинг
9.4-бандига кўра, низони судгача ҳал қилишда талабнома юбориш тартибига амал
қилиниши, қарз олувчи кредит шартномаси бўйича кредитнинг асосий суммасини
қайтариш ва фоизларни тўлаш муддатларини бузганда, Банк қарз олувчининг банкка
маълум бўлган манзилига почта орқали (ёки мавжуд электрон манзилига) низони
судгача ҳал қилиш юзасидан ўз талабномасини юбориши, Банк йўллайдиган
талабномада қарзни тўлаш муддати 10 кун, талабнома юборилган (почтага
топширилган) кундан бошлаб 10 кун ичида қарз олувчи унда кўрсатилган талабларни
лозим даражада бажармаганда, Банк тегишли талаб билан судга даъво ариза билан
мурожаат қилишга ҳақлилиги келишилган.
Бироқ,
палата ва даъвогар томонидан ушбу талабга риоя қилинмаган.
Зеро, иш
ҳужжатларида мавжуд почта жўнатмаси (квитанция)сидан кўринишича, банк олдидаги
муддати ўтган қарздорликни 10 банк иш куни ичида тўлаб бериш тўғрисидаги
даъвогарнинг огоҳлантириш хати 15.05.2025 йилда жавобгарнинг манзилига жўнатиш
учун почта алоқа тармоғига топширилган ва айнан шу куни 06-04/8878-сонли даъво
аризаси расмийлаштирилиб, 16.05.2025 йилда иқтисодий судга тақдим қилинган.
Бу билан
даъвогар ажратилган кредит бўйича шартномавий мажбуриятларни лозим даражада
бажариш учун жавобгарга шартноманинг 9.4-бандида белгиланган муддатларни
бермасдан, огоҳлантириш хати жавобгарга жўнатилганидан сўнг 10 кун ўтишини
кутмасдан, низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш)нинг шартномада
белгиланган тартибига риоя этмаган ҳолда судга даъво аризаси тақдим этилган.
Ваҳоланки,
ИПК 107-моддаси биринчи қисимининг 5-бандига кўра, даъвогар низони судгача ҳал
қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги
низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса иш
кўрмасдан қолдирилиши белгиланган.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси
Қонунининг 18-моддасида, давлат божининг тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин
бўлган ҳолатлари қайд этилган бўлиб, мазкур ҳолатлар орасида даъво аризаси
ИПКнинг 107-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра кўрмасдан қолдирилганда
давлат божи қайтарилиши мумкинлиги белгиланмаган.
Шу боис, суднинг ажрими билан даъво аризаси кўрмасдан
қолдирилиб, 37.500 сўм почта харажати, 2.101.900 сўм давлат божи ҳамда 93.750
сўм видеоконференцалоқа харажатини тўлаш даъвогар зиммасига юклатилган.
Бу эса даъво аризасини расмийлаштириш ва судга тақдим
этишда юқорида қайд этилган қонунчилик талаблари даъвогар масъул ходими
томонидан бузилганлиги ва риоя этилмаганлиги оқибатида даъвогар манфаатларига
зарар етказилишига олиб келган.
Натижада суд томонидан юқорида ҳолатлар бўйича
қонунбузилишга йўл қўйилганлигини батафсил ўрганиш ва олдини олиш мақсадида
хусусий ажрим чиқарилган.
Ваҳоланки, ИПК 200-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишни кўриш
вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор
шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги
аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим
чиқаришга ҳақлидир.
Албатта, қайд этилган ҳолатларга кўра,
таъкидламоқчимизки, ўз ҳуқуқларимизни бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига, жамият ва
давлат манфаатларига зарар етказмаган ҳолда амалга ошириш, мажбуриятларимиз
мавжудлигини унутмаган ҳолда уни тўлиқ, қонун талабларига мувофиқ ва ўз вақтида
бажариш, қонунларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳуқуқий маданиятнинг энг
муҳим шарти бўлиб, ҳар биримизни жамиятимизнинг интизомли аъзоси бўлишини
таъминлаган ҳолда бизни жавобгарликдан, ўрни келганда қонуний жазодан асраб
туради.
Шерзод
Ғофуров,
Зарафшон
туманлараро иқтисодий суди раиси