Қидирув:

Кармана туманида судлар тадбиркорлар билан учрашув ўтказди

Барчамизга маълум Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2019 йил 19 июлдаги “Жиноят ишлари бўйича республика судларининг 2019 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари ҳамда келгусидаги вазифалари тўғрисида” ги РС-44-19-сонли қарорининг 14-бандида барча судларда ҳар ҳафтанинг жума куни “Тадбиркорлар куни”, ҳар ҳафтанинг шанба куни эса, “Очиқ эшиклар куни” деб белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан ташкил этилган бу галги учрашувда ҳам юртимизда тадбиркорлар учун яратиб берилаётган имкониятлар ва шарт-шароитлар юзасидан сўз юритилиб, уларнинг ҳуқуқий соҳага доир муаммолари ўрганилди.

Йиғилишда иштирок этган тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ва учрашув учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси давлат божхон қўмитаси Навоий вилояти бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилиши, тадбиркорлик суб’ектларини қуллаб-қувватлашга қаратилган бир қанча дастурлар амалга оширилмоқда.

Мазкур дастурларни ижросини та’минлаш мақсадида Кармана туман адлия бўлими, Жиноят ишлари буйича Кармана туман суди раиси, давлат солиқ инспексияси раҳбари, давлат хизматлари маркази ва Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси Кармана туман раҳбари билан ҳамкорликда тумандаги Маликробот маҳалласида жойлашган Навоий халқаро аеропорти биносида тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларнинг қонуний ҳал этилишини та’минлаш юзасидан сайёр қабул ўтказилди.

Тадбирда бугунги кунда тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар ҳамда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти тушунтирилди ҳамда тадбиркорларнинг қийнаб келаётган масалаларга жойида тушунтиришлар берилди.

 

Жаҳонгир Каримов,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси. 

Қарздор корхона фаолияти тикланди

Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва рақобатни ошириш бўйича кенг кўламли, ўта муҳим чора-тадбирлар ва ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бунинг натижасида юртимиз иқтисодиёти янада мустаҳкамланиб, аҳоли даромади ошиб бормоқда.

Албатта, замонавий дунёда мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлашда тадбиркорликнинг ривожланганлиги ўта муҳимдир.

Тадбиркорлик таваккалчиликка асосланган фаолият тури бўлганлиги сабабли ҳам бизнес режалар ва мақсадларни кўзланган муддат ва миқдорларда амалга ошириш имкони бўлавермайди. Бу ҳолат, албатта, шартнома тарафларининг ўз мажбуриятларини ўз вақтида тўлиқ бажариб бориши, чет мамлакатлардаги иқтисодий вазиятларнинг жиддий ўзгариши, турли кўринишдаги форс-мажор ҳолатлар ва бошқа шу каби омилларга боғлиқдир.

Бунинг натижасида эса тадбиркорлик субъектлари турли хилдаги қийинчиликларга, тўловга қобилиятсизликка дуч келиб, иқтисодий ночорлик ҳолатига тушиб қолиши мумкин.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) айнан шундай аҳволга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имкон бериш орқали иқтисодиётга ижобий таъсир ўтказмоқда.

Хусусан, кредитор Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, қарздор “Поток траде Азия” масъулияти чекланган жамиятини соддалаштирилган таомил бўйича тўловга қобилиятсиз деб топишни сўраган.

Суднинг 2023 йил 6 январдаги ҳал қилув қарори билан қарздор корхона тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш бошланган.

Тугатиш ишлари жараёнида қарздор корхонанинг молия-хўжалик фаолияти доимий равишда таҳлил қилиб борилиб, ўз фаолиятини қайта тиклаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилган.

Бунинг натижасида қарздор бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалардан 37.707.437 сўмлик, давлат божидан 900.000 сўмлик, почта харажатидан 24.000 сўмлик кредиторлик қарзини тўлаб бериб, ўз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш истагини билдирганлиги, қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги сабабли суд томонидан тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш юритишни тамомлаш ва қарздор фаолиятини тиклаш лозим деб топилган.

Зеро, Қонуннинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга келган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.      

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Қонуннинг амалга киритилиши тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини ошириш имконини беради.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Суд соҳасидаги ислоҳотларнинг барчаси инсон қадри учун

Сўнги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб бориш мақсадида ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган.

Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, шунингдек, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли та’минлаш чораларини кучайтириш мақсадида 2024-йил 10-июн куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғриси”да Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санксия бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судялар — тергов судялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судяси лавозимини киритиш, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судяси томонидан процессуал қарорларга берилган санксиялар фақатгина апелляция инстансиясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш, тергов судяларига ма’мурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш, тергов судялари томонидан кўриб чиқиладиган ма’мурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстансияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш назарда тутилган.

Тергов судясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санксиялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилган:

а) қуйидагилар бўйича санксиялар:

қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома;

паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;

телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;

мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

б) қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:

айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;

шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;

айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;

ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;

в) прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий да’вогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.

Шунингдек Фармоннинг 3-бандида тергов судяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган:

қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш;

қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини та’минлаш;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш.

Бундан ташқари тергов судяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги, тергов судяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофик, амалга оширилиши, тергов судясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилиши белгиланган.

 

Шерали Хомидов,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.

Жиноятлар у содир этилган жойнинг ўзида муҳокама қилиниши муҳим

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг навбатдаги сайёр суд мажлисида ана шундай яна бир жиноят содир этилган жойнинг ўзида уни содир этган ва жиноят содир этилишига бефарқ бўлиб турган шахслар ўртасида ташкил этилди.

Навоий шаҳар тиббиёт коллежида ўтказилган сайёр суд мажлисида И,С ва Р.Мга нисбатан бўлган жиноят иши музокара қисми кўриб чиқилиб, уларга нисбатан ҳукм ўқилди.

Шунингдек, сайёр судда бир қатор муаммоли  ҳолатлар бутун жамоатчилик ўртасида муҳокама  қилиниб,  жиноят иши юзасидан келиб чиққан оқибатларни, уларни олдини олиш чоралари ҳақида, келгусида шахсларнинг ушбу хатти-ҳаракати учун тегишлича жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши тўғрисида тўхтатилиб ўтди.

Бу каби сайёр суд мажлисларини омма олдида ўтказилишидан кўзланган асосий мақсан, қонун устуворлиги ва қилмиш учун жавобгарлик муқаррарлигини кўрсатган ҳолда келгусида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини доимий равийда амалга оширилишини таъминлашдан иборат.

 

Баҳодир Алиқулов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси.

Тарбия аввола мактабгача таълим даргоҳидан бошланади

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимида ўтказилган сайёр суд мажлисида 4-сонли мактабгача таълим муассаси тарбиячиларининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иши кўриб чиқилди.

Таълим соҳаси мутасаддилари иштирокида мазкур мактабгача таълим муассаси ходимлари билан ўтказилган йиғилишда ҳар бир таълим муассасасида, аслида, бирлик, ҳамжиҳатлик ва бир-бирига ўзаро ҳурмат, деган тушунчалар устувор бўлиши кераклиги, халқ фарзандларига маънавий ва маданий билимлар ўргатишлари лозимлиги тўғрисида тўхтатилиб ўтди.

Шунингдек, йиғилганларга бу каби ҳуқуқбузарликларнинг давомли содир этилиши жиноят иши билан якунланиши, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш барчамизнинг бирдек бурчимиз эканлиги таъкидланди.

 

Баҳодир Алиқулов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси.    

Тергов судьяси ! у қандай лавозим ?

Суд ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида 10 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-89-сонли фармони билан 2025 йилнинг 1 январидан Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

Фармонга кўра тергов судьяси зиммасига Ўзбекистон Республикаси ЖПКда кўрсатилган ишни судга қадар юритиш жараёнида  суднинг қарори (ажрими) талаб қилинадиган процессуал ҳаракатлар бўйича суд ваколатларининг барчаси ўтказилиши, шунингдек тергов судьялари маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиши белгиланмоқда.

Фармонга мувофиқ, тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади:

-Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

-Қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;

-Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатнинг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

-мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

-почта телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

-тинтув ўтказиш ҳақидагиилтимоснома;

-телефонлар ва бошқа телекомуникация қурилмалари орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома

-мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

Бундан ташқари бир нечта мажбурлов чоралари билан боғлиқ илтимосномаларни кўриб чиқади.

“Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди” – дейилади фармонда.

Уларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, шунингдек судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади, ташкилий фаолиятларига Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари раҳбарлик қилади.

 

Акмал Курбонов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.        

Тадбироклар билан очиқ мулоқот ташкил этилди

Нурота тумани “Истиқлол” маҳалласида Навбаҳор туман судлари раислари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг сайёр қабули ҳамда давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу сайёр қабул ва давра суҳбати давомида суд раислари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сайёр учрашувда суд ҳуқуқ соҳасида қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига маърузалар қилинди.

Учрашув давомида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023-йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 292-сонли қарори ҳамда  “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳияти тушунтирилди.

Жумладан, киритилган ўзгартишларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:

Кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши белгиланганлиги тушунтирилди.

Шунингдек, учрашув давомида судларга даъво аризаси киритиш тартиби, илова этиладиган ҳужжатлар ҳамда давлат божи миқдори, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби, қандай ҳолларда давлат божи тўламасдан судга даъво аризаси киритилиши бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

 

Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси. 

Судья ёрдамчисининг масъулияти

Сўнги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аввало, бундан кўзланган асосий мақсад фуқаро ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш, адолатли одил судловни амалга ошириш ҳамда судга бўлган ишончни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Ушбу мақсадларга эришишда адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлмиш судьяларимизга меҳнат фаолиятида ўз кўмаги билан яқиндан ёрдамлашиб келаётган судья ёрдамчисининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим деб ҳисоблайман.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.02.2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4966-сонли фармони билан суд мажлиси котиби лавозими тугатилиб, судья ёрдамчиси лавозими жорий қилинди. Айнан мазкур фармон судья ёрдамчисининг масъулиятини янада ортишида тарихий ва муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Қайд этиш ўринлики, судья ёрдамчиси ўз хизмат вазифаларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги Қонуни, Олий суд раиси буйруқлари ва фармойишлари, Касб ва одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда суд ходимларининг фаолиятини тартибга солувчи бошқа низом, қўлланмалар ва йўриқномаларда белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда амалга оширади.

Судья ёрдамчисининг хизмат вазифаларига судья томонидан иш юритишга қабул қилинган даъво ариза (ариза)лар бўйича иш жилдларини очиш (давом эттириш) ва расмийлаштириш, ишда иштирок этувчи шахсларга суд мажлиси тайинланган вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш, судда кўрилаётган ишларда суд мажлиси котиби сифатида қатнашиш, суд мажлиси баённомасини ҳамда амалга оширилган алоҳида процессуал ҳаракатлар бўйича баённомани тузиш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш кабилар киради.

Судья ёрдамчиси ўз навбатида улкан масъулият ҳам демакдир. Чунки, одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасида судья ёрдамчисидан ҳуқуқий билим, тажриба ва юқори профессионаллик талаб этилади. Бу эса фуқароларнинг турли норозичиликларининг олдини олишдаги муҳим жиҳатдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, судья ёрдамчиси ўзига билдирилган ишончни шараф билан адо этиши, ҳар жиҳатдан мукамалликка эришиш мақсадида доимий изланишда бўлиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали ҳал этиши, номига доғ тушиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан тийилиши, хизмат сирини сақлаши, қўйингки, ўз мақомни ҳеч қанақасига суиистеъмол қилмаслиги шарт.

Судья бўлишни орзу қилмаган суд ходими бўлмаса керак. Таклифим шундан иборатки, судья ёрдамчиларига муайян бир процессуал ҳужжатларни, хусусан кўрилаётган ишни мазмунан ҳал этмайдиган суд ҳужжатларини ўз номидан имзолаш ваколатини бериш лозим. Бу билан ушбу лавозим эгаларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги масъулиятини янада оширишга ҳамда ўзларини бўлажак судья сифатида ҳис қилиш туйғусини шакллантиришга эришган бўламиз.

 

Шоҳбоз Бахронов,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси.

Навоий вилоят суди ходимларининг яқин-қариндошлари билан учрашув ўтказилди

Учрашув кун тартибидан Олий суд Раёсатининг 2024 йил 27 январдаги «Республика судларининг 2023 йилда одил судловни амалга ошириш ва суд тизимини янада такомиллаштириш борасидаги фаолияти ҳамда келгусидаги вазифалари тўғрисида» ги РС 06-24 сонли қарорининг 13-банди юзасидан очиқ мулоқот шаклида очиқ ва самимий мулоқот ўрин олди.

Жумладан, суд ходими ўз хизмат фаолиятида ва хизмат доирасидан ташқарида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя қилиши, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, унинг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Олий суд раисининг буйруқлари ва фармойишларида белгиланган юриш-туриш қоидаларига амал қилиши, хизмат вазифалари билан боғлиқ ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган чеклашлар ва тақиқларга риоя этиши, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз қадр-қимматини сақлаши, ўз шаънини қадрлаши, суд ҳокимияти нуфузини тушириши, суднинг обрўсига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар бир нарсадан ўзини тийиши шартлиги таъкидланди.

Суд аппарати ходими фуқародан таъмагирлик қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, шахсий, оилавий, ижтимоий ёки бошқа муносабатлар унинг хизматдаги хулқ-атворига, у томонидан қабул қилинаётган қарорларга таъсир этишига йўл қўймаслиги керак дея сўзини давом эттирди вилоят суди раиси А.Аллаев.

Ҳақиқатдан ҳам Суд ходими ўз хизмат мавқеидан шахсий фойда олиш ёки бошқа шахслар манфаатини қаноатлантириш мақсадида фойдаланиши мумкин эмас.

Суд аппарати ходими ўз хизмат вазифаларини мансаб йўриқномасига мувофиқ юқори профессионал даражада ҳалол ва виждонан бажариши лозим. У хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ муайян ҳаракатларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиши, бунда мустақиллик, юқори даражада ташкилотчилик, талабчанлик ва принципиаллик намоён этиши керак.

 

 

Вилоят суди матбуот хизмати

Ер майдонига бўлган ҳуқуқ бекор қилинди ҳамда ер майдонини олиб қўйиш белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири ҳисобланади.

Навбаҳор туман прокуратурасининг даъвогар Навбаҳор туман ҳокимлиги манфаатини кўзлаб,  жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамияти туман ҳокимининг 17.09.2020 йилдаги Қ-431-сонли қарори билан ажратилган 2.5 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини олиб қўйишни сўраган.

Жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига туман ҳокимининг 17.09.2020 йилдаги Қ-431-сонли қарори билан “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини “Янги йўл” худуди қишлоқ хўжалик ер харитаси бўйича 68-контуридан 2.5 гектар ер майдони интенсив боғ барпо этиш учун 10 йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг (кейинги ўринларда ЕК деб юритилади) 20-моддасига кўра, ер участкалари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан давлат органларига, муассасаларига ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилади. Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

ЕКнинг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ер майдонига бўлган ҳуқуқ 2021 йил 25 октябрда рўйхатдан ўтказилган.

ЕКнинг 36-моддаси биринчи қисмининг 10-бандига кўра, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, 6-бандига кўра, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда, 7-бандига кўра, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, жавобгар томонидан ажратилган ер участкасидан лозим даражада фойдаланмаган, томчилатиб суғориш усули асосида боғ ва токзор ташкил этилмаган, агротехник тадбирлар амалга оширилмаган.

ЕКнинг 38-моддасига кўра, ушбу кодекс 36-моддаси биринчи қисмининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ер тўғрисидаги қонунчилик бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин туман, шаҳар ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади. Туман, шаҳар ҳокими тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритади. Туман, шаҳар ҳокими, зарур ҳолларда, ер участкасининг ҳолатини ҳамда ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифатини қўшимча равишда текширишни тайинлашга ҳақли.

Навбаҳор туман ҳокимлиги томонидан жавобгар томонидан ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганлиги сабабли, ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида даъво аризаси киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 20 ноябрда “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 28-сонли Қарорининг 24-бандига кўра, судлар Ер кодекси 36-моддасининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиш масаласи Ер кодексининг 38-моддасига мувофиқ, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органнинг ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огохлантирганидан кейин туман (шаҳар) ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида киритилган такдимномаси асосида туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини олиб қўйиш ҳақидаги даъво аризасига биноан суд тартибида ҳал этилишини инобатга олишлари лозим.

 Агар судга ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш (ер ижара шартномасини бекор қилиш) талаби билан бирга ер участкасини олиб куйиш талаби куйилган бўлса, ҳар икки талаб алоҳида номулкий талаб ҳисобланиши лозим. Бу тоифадаги ишларни кўришда судлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирувчи хужжат тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиб, ер участкасига булган ҳуқуқ юзага келганлигини текширишлари лозим.

Агар ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирувчи хужжат давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, судлар ҳуқуқ юзага келмаганлиги асоси билан ҳуқуқни бекор қилиш талабини рад этиб, ер участкасини олиб куйиш талабини қаноатлантириши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

ЕКнинг 40-моддасига кўра, ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори  ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслиги лозим.

Юқоридагиларга асосан суд, жавобгар томонидан ажратилган ер участкасидан уч йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланилмаганлиги сабабли  жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига туман ҳокимининг 17.09.2020 йилдаги Қ-431-сонли қарори билан “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини “Янги йўл” худуди қишлоқ хўжалик ер харитаси бўйича 68-контуридан 2.5 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқни бекор қилишни ҳамда ушбу ер майдонини олиб қўйишни лозим деб топди.

 

Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси. 

Skip to content