Қидирув:

Навбатдаги сайёр суд мажлиси тафсилотлари

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди томонидан тумандаги Мусиқа ва санъат мактаби биносида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган уюшмаган ёшлар,  Пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, муқаддам судланган шахслар, маҳалла фуқаролари, туман тиббиёт ва таълим соҳаси ходимлари ҳамда туманда иш фаолиятини олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида судланувчиларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Жумладан, ўтказилган сайёр суд мажлисида Қизилтепа туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаётган 15 нафар маҳкумлар ўтаб келаётган турли жазоларини ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан судланувчи С.И.га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчи мазкур модда билан айбли деб топилди ва унга нисбатан 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, судланувчи шу заҳоти суд залидан қамоққа олинди ҳамда жабрланувчи М.Х фойдасига етказилган 21.123.572 сўм моддий зарарни ундириш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 3-қисми “б” банди билан судланувчилар Т.Э ва А.И.га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчилар мазкур модда билан айбли деб топилди ва судланувчи Э.Т.га нисбатан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, судланувчи  И.А.га нисбатан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, судланувчилар шу заҳоти суд залидан қамоққа олинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б,в” банди билан судланувчи С.Т.га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, томонларнинг музокара сўзлари тингланиб, суд мажлисига бошқа кунга қадар танаффус эълон қилинди.

Шунингдек, сайёр суд мажлиси иштирокчиларига туман суди раиси  томонидан Коррупция, гиёҳвандлик ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбир сўнгида суд раиси томонидан фуқароларнинг ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоблар берилди.

 

 

Адиз Авезов,

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди раиси. 

Навоий давлат педагогика институтида, вилоят судининг судьялари иштирокида талаба ва ўқитувчилари билан очиқ мулоқот шаклида учрашув ўтказилар  

Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари иштирок этган ушбу учрашувда, Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ва процессуал кодексларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирилди.

Тадбирда йиғилганларга, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан текширув қўзғатиш тартиби; суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари; апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш тартиби ва бундай шикоятлар бериш ҳуқуқи кимларда мавжуд бўлиши ҳамда уни қайси суд кўриб чиқиши; шикоятларни бериш муддатлари; апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари каби мавзуларда керакли маълумотлар бериб ўтилди.

Бундан ташқари, судьялар томонидан бугунли кунда далзарб масалалардан бўлган Коррупция ҳамда Одам савдоси жиноятларининг салбий оқибатлари ҳам тушунтириб ўтилиб, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида талаба ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мавзуга оид саволларига судьялар томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

 

Анвар Исоков,

Навоий вилоят судининг судьяси.

 

Бобир Имомов,

Навоий вилоят судининг судьяси.

Учқудуқ туман Ички ишлар бўлимида янги қонунларнинг мазмун моҳияти тушунтириш юзасидан ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Курбонов Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-869-сонли Қонуни мазмун моҳияти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 01 январдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида”ги ЎРҚ-884-сонли Қонуни мазмун-моҳияти юзасидан маърузалар қилинди.

Шунингдек тадбир давомида суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш турлари, суд ҳукмларининг, ажримларининг, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида текширилиши мумкинлигини, ишни юқори инстанция суди томонидан кўриш  апелляция тартибида — ушбу Кодекснинг 497-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан, кассация тартибида — ушбу Кодекснинг 499-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан, тафтиш тартибида кўрилиши юзасидан тушунтиришлар берилди.

 

Акмал Курбонов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси. 

Адвокатлар билан ҳамкорликда ўткан семинарда суд қарорлари устидан шикоят бериш тартиби муҳокама қилинди

Навоий вилоят судининг судьялари А.Баҳронов ва Н.Умаров иштирокида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси билан “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни оммага кенг тарғиб қилиш, аҳоли ва ташкилотларнинг хабардорлигини ошириш, ташкилотлар ва фуқаролар билан ахборот тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан” чора-тадбирлар режасига мувофиқ вилоятда фаолият юритаётган адвокатлар иштирокида семинар ўтказилди.

Семинарда, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги Қонунлари билан Фуқаролик процессуал кодексига ва Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида жумладан, 2024 йил 01 январдан суд ишларини вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилиши, ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўрилиши, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланиши, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилиши юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги гапириб ўтилди.

Шунингдек, адвокатларга апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят бериш тартиби ва муддатлари, шикоятга илова қилинадиган ҳужжатлар, шикоятни қайтариш ва иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари, шикоятни иш юритишга қабул қилиш тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилди ҳамда тадбир иштирокчиларига мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган бир қатор масалаларда саволларга жавоб берилди.

 

 

Азизжон Баҳронов,

Навоий вилоят суди судьяси 

Меҳнат низолари бўйича судьялар корпусини ихтисослашуви  фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг такомиллаштириш чораси сифатида

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 55-моддасида ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқиилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузилишидан ҳимоя қилишнинг амалий таъсирчан усулларидан бири ҳам бу уларни суд орқали ҳимоя қилиши ҳисобланади.

2023 йилда Республика фуқаролик судларида жами меҳнат низоси билан боғлиқ 10.794 та (8592) та фуқаролик ишлари кўрилиб, 8.967 та ёки 83 фоиз ҳал қилув қарорлари чиқарилган.

Шундан, ишга тиклаш билан боғлиқ 2.644 (2.526) та даъволар, иш ҳақини ундиришга оид фуқароларнинг 6.252 (4.485) та даъволари кўрилиб, бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан кўпайиб бораётганлиги кузатилди.

Республика судларида 2023 йилда фуқароларнинг 111.377.002.529 сўмлик иш ҳақини ундиришга оид 9.334 та суд буйруқлари чиқарилган. Бу кўрсатгич 2022 йилда 27.880 та суд буйруғини ташкил қилган.

Навоий вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича судларида 2023 йилда фуқароларнинг меҳнат низоси бўйича 761 та ёки 80 фоиз (жами 952 та ҳал қилув қарори чиқарилган) даъволари,  ишга тиклашга оид 78 та 44,1 фоиз даъволари, иш ҳақини ундиришга оид 531 та ёки 93,2 фоиз даъволари қаноатлантирилган.

Фуқароларнинг 69.405.596.007 сўмга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришга оид 762 та суд буйруқлари чиқарилган.

Шунга кўра, ҳозирги замонавий шароитларда фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларига ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 541-моддасида меҳнат низолари тушунчасига шундай таъриф берилган, “Меҳнат низолари бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисида қонунчиликни қўллаш, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича, шунингдек янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини ўзгартириш масалалари бьўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар”.

Одатда, иш берувчи ва ҳодим ўртасида меҳнат низоси келиб чиққанида албатта иш берувчи томонидан юридик тайёргарликни кўрган вакил унинг манфаатларини ҳимоя қилади. Фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишни такомиллаштириш, бунда судларда меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш аввалом бор “инсон қадри учун” ғояси тамойилига тўла тўкис мос келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармони “Янги Ўзбекистон-янги суд” тамойили доирасида аҳоланинг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш талабидан келиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сон Фармони билан 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси 2 иловага мувофиқ тасдиқланган.

Мазкур стратегиянинг одил судлов сифатини тубдан ошириш бўлимининг 4-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мураккаблигига кўра ихтисослашувини талаб этадиган йўналишлар, жумладан меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Меҳнат низоларига ихтисослаштирилган судлар Жахон давлатларидан, Германия, Финляндия, Буюк Британия, Франция, Австрия, Бельгия, Дания, Люксембург, Испания, Португалия, Швецария, Швеция, Норвегия ва Канада, АҚШ каби давлатлар суд тизимларида мавжуд.

Жаҳоннинг кўплаб давлатларида меҳнат низоларига ихтисослашган судларнинг мавжудлиги ва муваффақиятли фаолият юритаётганлиги суд тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришнинг замон талаби эканлигини яна бир бор  тасдиқлайди.

Шунга кўра, фуқаролик ишлари бўйича судлар таркибида меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш суд тизимини тубдан ислоҳ қилишга ва мустаҳкамлашга, фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини суд орқали таъсирчан ҳимоя қилишга, судларда иш юкламаси кўплигини ҳисобга оладиган бўлсак, фақат меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган профессионал судьялар корпуси томонидан бу тоифадаги ишлар бўйича ишларни қисқа муддатларда, ҳар томонлама ва сифатли кўришга қаратилган яна бир муҳим ислоҳот бўлади.

 

 

Ихтияр Касимов,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари,

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси 

Тадбиркор мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ривожланишининг таянчи

Маълумки, тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга оширадиган, таваккал қилиб, ўзининг мулкий жавобгарлиги остида даромад олиш учун ишлайдиган шахсдир.

Бу фаолияти орқали у мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини таъминлайди.

Ўз ўрнида давлат ҳам тадбиркорга мададкор бўлиб, унга ўз фаолиятини эркин амалга ошириши учун барча шарт-шароитларни таъминлаб бериш, ҳар қандай бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасидаги вазифасини тўлақонли адо этиб, тизимли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда амалга оширилаётган Ўзбекистондаги бу ислоҳотлар самараси халқаро ҳамжамият томонидан юқори эътирофга сазовор бўлаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ўзининг тадбиркорлик фаолияти жараёнида тадбиркор ҳуқуқий нажот истаб судга юзланади.

Бош қомиусимизнинг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Шу ўринда, мисол тариқасида ўтган 2023 йил давомида биргина Зарафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан кўрилган иқтисодий низолар доирасида тадбиркорлар манфаатига жами 7 млрд 700 млн. сўмдан зиёд маблағ ундириб берилган.

Низоларнинг аксарияти шартномавий муносабатларнинг бузилганлигидан келиб чиққан.

Бу каби низоларнинг иқтисодий судда кўриш жараёнида бошқа томоннинг манфаатларига бепарволик билан қараш, ҳуқуқни суиистеъмол қилиш каби хатти-ҳаракатлар ўз ўрнида аниқланиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда ўз мажбуриятларини бузган томон айбдорлигини белгилаш орқали жамиятда қонун ва адолат устувор эканлигини таъминлашга ҳамда тадбиркорларнинг бугунги кундаги судга бўлган ишончини янада оширишга эришилмоқда.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

Зарафшон шаҳрида судьялар иштирокида янги қонунларнинг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси Д.Хонбўтайева, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси A.Шукуров ҳамда судя Л.Шариповалар томонидан Зарафшон шаҳар 12-сонли Жазони иэро этиш колониясида, Суд қарорларининг қонунийлиги асослиги адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ва просессуал кодексларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларинг мазмум-моҳиятини тушунтириш юзасидан марузалар қилинди.

Тадбирда йиғилганларга, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан текширув қўзғатиш тартиби; суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари; апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш тартиби ва бундай шикоятлар бериш ҳуқуқи кимларда мавжуд бўлиши ҳамда уни қайси суд кўриб чиқиши; шикоятларни бериш муддатлари; суд чиқимлари, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари каби мавзуларда судьялар томонидан атрофлича тушунтириш бериб ўтилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида йиғилганларнинг ҳуқуқий мавзуга оид саволларига судьялар томондан жавоб берилди.

 

Дилноза Хонбўтаева,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси 

Судлар томонидан сайёр суд мажлиси ва ҳуқуқий тарғибот табдирлари ташкил этилди

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор ва Қизилтепа туман суди томонидан Навбаҳор туманидаги Маънавият ва маърифат маркази биносида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган уюшмаган ёшлар, Пробация гуруҳи ҳисобида бўлган маҳкумлар, муқаддам судланган шахслар, маҳалла фуқаролари, туман тиббиёт ва таълим соҳаси ходимлари ҳамда туманда иш фаолиятини олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Шунингдек, сайёр суд мажлиси иштирокчиларига суд раислари томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

 

 

Алишер Сайдуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси. 

“Янги Ўзбекистон-янги суд” тамойили асосида одил судлов соҳасидаги ислоҳотлар

Мамлакатимизда кейинги йилларда суд тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолини одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш билан бирга уларнинг масъулиятини ошириш, суд қарорларидан норози бўлган тарафнинг суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Фуқаролик ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан,“Суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган ва 2024 йилнинг 1 январь кунидан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан суд қарорларини қайта кўриш соҳасида муҳим ўзгартиришлар амалга оширилди.

Қонунчиликка киритилган мазкур янгиликка кўра туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Янги тартибга кўра одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд юришига барҳам берилади. Бунда биринчи инстанция судининг қарори ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Вилоят судида ташкил этилган апелляция ёки кассация ҳамда тафтиш инстанцияларининг қароридан норози бўлинган тақдирда, суд қароридан норози бўлган тарафнинг шикояти бўйича ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Энг муҳими шундаки, эндиликда юқори турувчи судлар томонидан қўйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилди.

Қонунчиликда белгиланган аввалги тартибга кўра, апелляция  тартибида кўрилмаган иш бўйича суд ҳужжати устидан норози тарафда кассация шикояти бериш ҳуқуқи мавжуд эмас эди. Бу эса, қайсидир сабабларга кўра апелляция шикоятини бериш муддатларини ўтказиб юборган тарафни суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқини чеклаб қўяр эди.

Эндиликда суд ҳужжатидан норози бўлган тараф ўз ҳоҳиши бўйича  қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан апелляция шикояти билан, қонуний кучга киргач кассация шикояти билан мурожаат этиш  ваколатига эга бўлди.

Одил судлов соҳасига тафтиш институтининг киритилиши ва суд қарорини тафтиш тартибида кўриш ваколатларини ўрта буғин судлари ҳисобланган вилоят судлари ва унга тенглаштирилган судларга берилиши, тафтиш инстанцияси томонидан ишни кўришда қўйи судларнинг моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя этилганлиги ҳолатини тўлиқ тафтиш қилиш орқали кўриб чиқиб, суд қарорларига қонуний баҳо берилиши билан биргаликда, судда иши кўрилаётган тарафларнинг Тошкент шаҳрида жойлашган Олий судга бориши билан боғлиқ вақтини ва харажатларини ҳам тежайди.

Шу билан биргаликда мазкур институтни қонунчиликка тадбиқ этилиши орқали Олий суднинг марказлашган ваколатларини қўйи судларга ўтказилиши билан, ўрта буғин судларининг одил судловни таъминлашдаги ваколатларини кенгайтириш билан биргаликда уларга қонуний ва асосли қарор қабул қилиш каби масъулиятни ҳам юклайди.

Хулоса қилиб айтганда, одил судлов соҳасида амалга оширилган мазкур ислоҳотлар суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштириш ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Турғун Қаҳҳоров

Навоий вилоят судининг cудьяси

Сайёр суд мажлислари ҳақида

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судяси Д.Пардаева томонидан Навоий вилояти ИИБ ЖХХ Пробация хизмати биносида Навоий шаҳар ИИБ бошлигининг Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари тартибидаги киритилган илтимосномалари маҳкумлар иштирокида ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, тадбирда йиғилганларга, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан текширув қўзғатиш тартиби; суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари; апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш тартиби ва бундай шикоятлар бериш ҳуқуқи кимларда мавжуд бўлиши ҳамда уни қайси суд кўриб чиқиши; шикоятларни бериш муддатлари; апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари каби мавзуларда судьялар томонидан атрофлича тушунтириш бериб ўтилди.

Тадбир сўнгида ҳуқуқий мавзуга оид саволларга жавоб берилди.

 

 

Дилобар Пардаева

 

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг судьяси 

Skip to content