Қидирув:

Фуқаролик ишлари бўйича судларда прокурор иштироки

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йилнинг 30 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сон Қонун қабул қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 50-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу Қонун қабул қилингунга қадар, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин эди.

Эндиликда эса киритилган ўзгартиришга мувофиқ, прокурор айнан қандай тоифадаги ишларда иштирок этиши мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилди.  

Ушбу қабул қилинган Қонун жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси. 

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган тарғибот

Қонунчиликда суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатлиги назарда тутилган.

Шунингдек, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятининг юксак даражада бўлиши ҳамда шахснинг ўзга фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг одини олишдаги энг муҳим омиллардан биридир.

Айни шу мақсадда Зарафшон шаҳар судлари томонидан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Иқтисодий процессуал кодексларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмуни, судларга мурожаат қилиш тартиби, фуқароларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Зарафшон Тиббий санитария қисми ходимлари иштирокида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирида сўзга чиққан маърузачилар Зарафшон шаҳар ҳудудида кўпайган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик турлари, хусусан аёллар ва вояга етмаган ёшлар жиноятчилиги, шунингдек соғликни сақлаш тизими ходимлари томонидан содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олишда эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, бу каби қонунсиз хатти-ҳаракатлар учун белгиланган жазо чоралари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.

Тадбир давомида сўнгги вақтларда ёшлар ўртасида айниқса психотроп моддаларни тарқатиш ва истеъмол қилиш, ижтимоий тармоқларда таъқиқланган сайтларга кириш, ўғирлик, безорилик каби жиноятчилик сони ошиб бораётганлиги энг ҳавотирли ҳолат эканлиги алоҳида қайд этилиб, мазкур жиноятларни келиб чиқмаслиги учун ота-оналар фарзандлари тарбиясига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Шундан сўнг маърузачилар тадбир иштирокчиларининг саволлари ва мурожаатларига тегишли тушунтириш ва жавоб беришди.

 

Анвар Исоқов,

 

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси.

ЎЗБЕК ТИЛИ – МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗ ВА МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЧИЛИГИМИЗ ТИМСОЛИ

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Навоий вилоят суди, вилоят маъмурйи суди ҳамда вилоятдаги барча туман ва шаҳар судларида фаолият юритиб келаётган судья ва суд ходимлари иштирокида маънавий маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда судья ва суд ходимларидан ташқари она тилимиз ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётган тилшунос олимлар ва ўз касбининг фидойилари бўлган устозлар меҳмон бўлишиб, ўз маърузалари билан барчани ҳушнуд этишди.

Таъкидландики, халқнинг, миллатнинг мавжудлиги, аввало, унинг ўз тилига эгалиги билан белгиланади. 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди.

Она тили – миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этади. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демакдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, “Ўзбек тили ўзбек халқининг маънавий мулкидир” дея таъкидланиши жамоатчиликнинг ғурурига ғурур қўшди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Сўнгги йилларда юртимизда ўзбек тили масаласидаги давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг равишда олиб борилмоқда. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон пойдевори яратилаётган ушбу шиддатли кунларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ривожини таъминлаш билан бир қаторда халқимиз тафаккурининг бебаҳо хазинаси бўлмиш ўзбек тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифалардан бирига айланди. 

Бугун ҳар бир инсон ўзининг ёши, жинси, эътиқоди, касб-кори, лавозими ва яшаш жойидан қатъи назар, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Зеро, давлатимиз Раҳбари таъкидлаганидек, ўзбек тилига бўлган муносабат, мустақилликка бўлган муносабат ҳисобланади.

Ҳурматли Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида она тилимизга эътибор янада кучаймоқда. Мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлигимиз, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият – она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш барчамизнинг бурчимиздир.

Тадбирда йиғилганларга она тилимиз муқаддаслигининг ана шу жиҳатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маърифий кечада соҳа вакиллари ва таклиф қилинган меҳмонлар ўртасида шерхонлик тадбири ҳам ўтказилиб, она тилимизни матҳ қилувчи шерлар мутола қилинди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта бўлади

Навоий шаҳридаги «Жанубий» МФЙ биносида хафтанинг жума куни «Оилавий ажримларнинг олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш куни» муносабати билан ажрим ёқасида турган, низоли оилалар келишмовчиликлари юзасидан, Навоий шаҳар ҳоким ўринбосари Оила ва х.к бўлими бошлиғи Н.Рахимова,   вилоят суди судьяси И.Шаймардонова, Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьялари, Оила маркази рахбари Л.Хайдарова, МФЙлар отинойи  ва барча МФЙ х.к фаоллари  ҳамкорлигида  5  нафар оила муҳокамаси бўлиб ўтиб.

Муҳокамалар натижасида «Олтин водий», «Галаба», «Узбекистон»,  «Хумо» МФЙлардан оилалари қатнашиб, 2 нафар оила яраштирилди ва қолган оилалар, бир оила бўлиб яшаб кетишлари учун 2 ойдан 6 ойгача муддат берилиб ўтилди.

Бугунги мухокамаларни «Бахтиёр оила»  деб тарифлаб, шундай дедиш мумкинки, Одам тупроқдан яратилган, оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, охир-оқибат у чуқур таназзулга юз тутади.

Шунинг учун ҳам қадимдан ҳар бир жамият оила масаласига катта эътибор бериб, оилаларнинг мустаҳкам ва бахтиёр бўлиши учун имконида бор бўлган барча чора ва тадбирларни кўриш ва зотан, соф инсоний табиат худди шундай бўлишини тақозо қилишини, айтиб утди ва залда утирган хар бир иштирокчиларга хакамлар томонидан, хукукий тушунча, хамда психологик ёрдам курсатилди.

 

Ибодаи Шоймардонова,

Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси. 

Оила мустаҳкамлиги юрт фаровонлигидур

Навоий вилоят суди ва Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Мемарандумга асосан жорий йилнинг 11 октябрь куни Кармана туманидаги “Янгиариқ” МФЙ биносида Кармана тумани оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Шомиева ва мутахассиси Д.Ҳасанова, Навоий вилоят суди судьяси А.Баҳронов, оқила аёллар аъзолари ҳамда 4-сектордаги МФЙ хотин-қизлар фаоллари иштирокида тумандаги оилавий низолари бор, нотинч оилалар билан очиқ мулоқот ва учрашув тадбири ўтказилди.

Тадбирда 5 нафар нотинч оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлашиб, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатлари, оила муқаддаслиги ва фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлмасликлари, жиддий асослар бўлмаганда никоҳдан ажрашиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Натижада, 2 нафар ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилишига эришилди ҳамда қолган 3 нафар оила аъзолари билан кейинчалик яна тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича тегишли тавсилар берилди.

 

Азизжон Баҳронов,

Навоий вилоят суди судьяси. 

Ер майдонига бўлган ҳуқуқ бекор қилинди ҳамда ер майдонини олиб қўйиш белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири ҳисобланади.

Навбаҳор туман прокуратурасининг даъвогар Навбаҳор туман ҳокимлиги манфаатини кўзлаб,  жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамияти туман ҳокимининг 17.09.2020 йилдаги Қ-431-сонли қарори билан ажратилган 2.5 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини олиб қўйишни сўраган.

Жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига туман ҳокимининг 17.09.2020 йилдаги Қ-431-сонли қарори билан “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини “Янги йўл” худуди қишлоқ хўжалик ер харитаси бўйича 68-контуридан 2.5 гектар ер майдони интенсив боғ барпо этиш учун 10 йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг (кейинги ўринларда ЕК деб юритилади) 20-моддасига кўра, ер участкалари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан давлат органларига, муассасаларига ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилади. Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

ЕКнинг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ер майдонига бўлган ҳуқуқ 2021 йил 25 октябрда рўйхатдан ўтказилган.

ЕКнинг 36-моддаси биринчи қисмининг 10-бандига кўра, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, 6-бандига кўра, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда, 7-бандига кўра, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, жавобгар томонидан ажратилган ер участкасидан лозим даражада фойдаланмаган, томчилатиб суғориш усули асосида боғ ва токзор ташкил этилмаган, агротехник тадбирлар амалга оширилмаган.

ЕКнинг 38-моддасига кўра, ушбу кодекс 36-моддаси биринчи қисмининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ер тўғрисидаги қонунчилик бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин туман, шаҳар ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади. Туман, шаҳар ҳокими тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритади. Туман, шаҳар ҳокими, зарур ҳолларда, ер участкасининг ҳолатини ҳамда ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифатини қўшимча равишда текширишни тайинлашга ҳақли.

Навбаҳор туман ҳокимлиги томонидан жавобгар томонидан ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганлиги сабабли, ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида даъво аризаси киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 20 ноябрда “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 28-сонли Қарорининг 24-бандига кўра, судлар Ер кодекси 36-моддасининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиш масаласи Ер кодексининг 38-моддасига мувофиқ, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органнинг ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огохлантирганидан кейин туман (шаҳар) ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида киритилган такдимномаси асосида туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини олиб қўйиш ҳақидаги даъво аризасига биноан суд тартибида ҳал этилишини инобатга олишлари лозим.

 Агар судга ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш (ер ижара шартномасини бекор қилиш) талаби билан бирга ер участкасини олиб куйиш талаби куйилган бўлса, ҳар икки талаб алоҳида номулкий талаб ҳисобланиши лозим. Бу тоифадаги ишларни кўришда судлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирувчи хужжат тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиб, ер участкасига булган ҳуқуқ юзага келганлигини текширишлари лозим.

Агар ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирувчи хужжат давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, судлар ҳуқуқ юзага келмаганлиги асоси билан ҳуқуқни бекор қилиш талабини рад этиб, ер участкасини олиб куйиш талабини қаноатлантириши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

ЕКнинг 40-моддасига кўра, ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори  ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслиги лозим.

Юқоридагиларга асосан суд, жавобгар томонидан ажратилган ер участкасидан уч йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланилмаганлиги сабабли  жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига туман ҳокимининг 17.09.2020 йилдаги Қ-431-сонли қарори билан “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини “Янги йўл” худуди қишлоқ хўжалик ер харитаси бўйича 68-контуридан 2.5 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқни бекор қилишни ҳамда ушбу ер майдонини олиб қўйишни лозим деб топди.

 

Бекзод Джумаев

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси. 

Молиявий жарима қўлланилмади……

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири ҳисобланади.

Навоий вилояти солиқ бошқармаси (кейинги ўринларда “аризачи” деб юритилади) иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб “Geo Resources LLC” МЧЖ ХКдан (кейинги ўринларда “жавобгар” деб юритилади)га нисбатан 4.044.957.000 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими маълумотларига асосан жавобгарнинг хориждаги ҳамкори Латвия давлатининг  “SIA BAO Resources” МЧЖ ўртасида импорт шартномаси тузилган. Импорт шартномасига кўра дебитор қарздорликлар қайтарилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низоми (бундан буён матнда “Низом” деб юритилади)нинг 23бандига кўра товарларни республикага олиб кириш ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.

Низомнинг 28-бандига кўра, чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчиларга, шунингдек, «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни таъминламаган импорт қилувчиларга давлат солиқ хизмати органи томонидан жарима қўллаш тўғрисида талабнома юборилади.

Хўжалик юритувчи субъект томонидан ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлар ихтиёрий равишда тўлаб берилмаган ёхуд тўлашни рад этган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи жарима қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилади.

Жавобгарнинг 2.000.000 Евро миқдоридаги дебитор қарздорлигининг 5 фоизининг яъни 100.000 Евронинг 06.01.2024 йилдаги миллий валютадаги курси бўйича 1.348.319.000 сўм, 2.000.000 Евро миқдоридаги дебитор қарздорлигининг 10 фоизининг яъни 200.000 Евронинг 06.01.2024 йилдаги миллий валютадаги курси бўйича 2.696.638.000 сўм миқдоридаги молиявий жаримани тўлаб бериш ҳақида талабномалар юборилган.

Низомнинг 27-бандига кўра Ташқи савдо контрактлари бўйича активлар репатриация қилинишини (чет элдан хорижий валютадаги маблағлар келиб тушишини ёки ушбу Низомда кўрсатилган божхона режимларида товарлар республикага олиб кирилиши ва расмийлаштирилишини, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилишини ёки пул маблағларининг қайтарилишини) мазкур Низомнинг 2324 ва 241-бандларида белгиланган муддатлар тугагандан кейин кўпи билан 45 кун (кичик тадбиркорлик субъектлари учун — 90 кун) мобайнида таъминламаган хўжалик юритувчи субъектлар:

активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан 360 кунгача кечикканда — репатриация қилинмаган активлар суммасининг 5 фоизига тенг миқдорда$

активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан 545 кунгача кечикканда — репатриация қилинмаган активлар суммасининг 10 фоизига тенг миқдорда қўшимча равишда молиявий жарималар тўлаб бериши белгиланган.

Аммо, жавобгар билан унинг ҳамкори Латвия давлатининг  “SIA BAO Resources” МЧЖ ўртасида импорт шартномасига 2023 йил 22 ноябрь куни 1-сонли қўшимча келишув битими тузилган. Мазкур қўшимча келишувга кўра, биринчи аванс пул маблағлари тўлаб берилгандан сўнг 720 кун ичида товарлар етказиб берилиши белгиланган. Бу ҳақда “KDB Bank Uzbekistan” акциядорлик жамияти ҳамда жавобгар вакили маълумот тақдим этган.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 111-моддасида асбоб-ускуналарни ва бутловчи қисмларни етказиб бериш муддатлари уларнинг техник тавсифларига ҳамда ўзига хос хусусиятига қараб бир юз саксон кундан ортиқ этиб белгиланган импортга оид контрактлар бўйича етказиб бериш муддати даврига ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилиниши таъминланмаганлик учун жарималар қўлланилмаслиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланан вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 132-сонли Фармонининг 6-б-бандида асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар импортига оид контрактда уларни етказиб бериш муддати 180 кундан ортиқ этиб белгиланган бўлса, мазкур операция бўйича активларни репатриация қилиш муддати сифатида контрактда кўрсатилган етказиб бериш муддати эътироф этилади.

Шунга кўра, суд аризачининг талаби асослантирилмаганлиги, қўшимча шартнома тузилганлиги, қўшимча шартномага кўра муддат ўтмаганлигини инобатга олиб, аризани қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топди.

 

 Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси. 

Нурота туман “Шаҳристон” маҳалласида Навбаҳор туман судлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун сайёр қабул ҳамда давра суҳбати ўтказилди

Ушбу сайёр қабул ва давра суҳбати давомида суд раислари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сайёр учрашувда суд ҳуқуқ соҳасида қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига маърузалар қилинди.

Учрашув давомида, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунинига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, хусусан 2024 йил 14 августдаги ЎРҚ-943-сонли Қонуни билан киритилган ўзгартишлар жумладан Қонуннинг 41-моддасига судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши белгиланганлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023-йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 292-сонли қарори ҳамда  “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳияти тушунтирилди.

Жумладан, киритилган ўзгартишларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:

Кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши белгиланганлиги тушунтирилди.

Шунингдек, учрашув давомида судларга даъво аризаси киритиш тартиби, илова этиладиган ҳужжатлар ҳамда давлат божи миқдори, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби, қандай ҳолларда давлат божи тўламасдан судга даъво аризаси киритилиши бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

 

Джумаев Бекзод,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси. 

КЕЛИШУВ БИТИМИ ВА МЕДИАЦИЯ, УЛАРНИНГ БИР-БИРИДАН ФАРҚИ

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига биноан, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК) талабига кўра, иқтисодий судлар низоларни кўришда тарафларни келиштириш чораларини кўради.

Бундай келиштириш чоралари ИПКнинг 131-моддасига мувофиқ, келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳисобланади.

Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Келишув битими ва медиатив келишувнинг ўзаро фарқли жиҳатлари нималардан иборат.

1. Медиация – “medium”, яъни “воситачи” сўзи билан ифодаланган бўлиб, келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули.

Келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби бўйича аниқликка эришишга қаратилган низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.

2. Медиация низоларнинг 3 та тоифаси бўйича амалга оширилиши мумкин: фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар, якка меҳнат низолари, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар.

Келишув битими эса иқтисодий судлардаги  низолар бўйича тузилиши мумкин.

3. Медиатив келишувда тарафлар келиб чиққан низони Медиатор кўмагида ҳал қилади.

Келишув битими эса, агар унинг шартлари қонунчиликка зид бўлмаса, учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлмаса ҳамда у шарт асосида тузилмаган бўлса, суд томонидан тасдиқланади.

4. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси ИПКнинг 107-моддаси 53-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади. Бундан медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун янгидан судга мурожаат этишга ҳақли.

Тарафлар ўртасида келишув битими тузилганда эса, даъво аризаси бўйича иш юритиш ИПКнинг 110-моддаси 7-бандига биноан тугатилади ва мазкур низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

5. Медиатив келишувда медиаторлар далилларни текширмайди ва уларга баҳо бермайди, аксинча тарафлар ўртасида бир-бирларини тушунишга, ўзаро мақбул шартларда муаммони ҳал этиш имкониятларини излаш ва ҳал этишга кўмаклашади.

Келишув битимида эса суд далилларга баҳо беради, агар битим шартлари қонунчиликка зид бўлса, келишув битимини тасдиқламайди.

6. Медиатив келишув амалда суддан ташқари ҳужжатлар сирасига киритилган. Қонунда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш ва у бўйича ижро варақасини бериш кўрсатилмаган.

Келишув битими эса суд томонидан тасдиқланадиган ҳужжат ва бу бўйича ижро варақаси берилади.

7. Медиация жараёни мажбурийлик кучига эга бўлмаган, тарафларнинг ихтиёрийлигига асосланган жараён. Бунда низолашаётган тарафлар ўз ихтиёрларига кўра учинчи шахснинг воситачилигида келиб чиққан низони ўзаро муроса – ярашув йўли билан ҳал этадилар.

Келишув битимининг шартлари мажбурий бўлиб ҳисобланади.

8. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганда, тўланган давлат божи қайтарилади, бундан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиатив келишув тузилган ҳоллар мустасно.

Келишув битими тузилганда тўланган давлат божи қайтарилмайди, агар тўланмаган бўлса, ИПКнинг 118-моддаси талаблари асосида ҳал этилади.

Хулоса қилиб айтганда, судларда низоларни кўришда ярашув тартиб-таомилларини танлаш ва натижада келишув битими ёки медиатив келишув тузиш процесс иштирокчиларининг хоҳишига боғлиқ.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси. 

Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан Навоий шаҳридаги “Кимёгар” маҳалласида хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбари ва вакиллари иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди

Суд раиси сайёр суд мажлисини бошлашдан олдин, “Кимёгар” МФЙ фаоллари, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳамда янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти хусусида давра сўҳбати ўтказилди.

Тадбирда суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-968-сонли Қонуни юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда йиғилиш иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволлари ва муаммоли ҳолатлари бўйича маърузачига мурожаат қилиб, берилган саволларига тегишлича жавоблар қайтарилди ва муаммоларнинг ечимлари бўйича маърузачи томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Акбар Хамидов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси.

Skip to content