Қидирув:

СУД ВА ЁШЛАР

 

Навоий Давлат кончилик ва технологиялар Университетида тоғ-кон саноат ихтисослиги бўйича 1700 га яқин талабалар таълим олмоқда.

Жорий йилнинг 27 апрель куни Навоий вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судьялари И.Шоймардонова ва Н.Расулов мазкур даргоҳда таълим олаётган талабалар билан учрашди.

Уларга мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирда қабул қилинган юзасидан тушунтиришлар берилди.

Судья И.Шоймардонова сўзга чиқиб, талабаларга қарз муносабатларининг ҳуқуқий асослари, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти тўғрисида маъруза қилди.

Мулоқот давомида ёш авлоднинг жамиятимизда рўй бераётган ўзгаришларга бефарқ эмасликлари яққол кўзга ташланиб турди.

Университет маъмурияти ва судьялар бундай тартибдаги тадбирларни яна давом эттириш, талабаларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ишларини янада жадаллаштириш масалалари тўғрисида келишиб олишди.

 

 

Нодир Расулов

Навоий вилояти суди судьяси

Ер участкаларидан ижарага фойдаланиш ҳуқуқи тушунтирилди

 

Маълумки, 2021 йил 23 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришда дехқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ ер майдолари электрон танлов асосида ғолиб бўлган фуқароларга топширилиши кўзда тутилган. Ушбу ерлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилмоқда. Бунда асосий мезон – ердан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари этиб белгиланди.

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди раиси Шереали Тогоев томонидан Кармана тумани Дегарон МФЙда яшовчи унумдор ерларни ижарага олган фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Мулоқотларда ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари борасида тушунчалар берилди.

Суд раиси шартноманинг мазмуни, ердан фойдаланиш ҳуқуқи ва мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумотлар берар экан, ер эгаларини бу имкониятдан самарали фойдаланишга чақирди. Учрашув мобайнида ер эгаларига суд томонидан тайёрланган ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича методик қўлланма топширилди.

 

Шерали Тогаев

Фуқаролик ишлари бўйича

Кармана туманлараро суди раиси

ЗЎРАВОНЛИК НИМА? БУНИ БИЛИШИМИЗ ВА УНИНГ ҚУРБОНИ БЎЛМАСЛИГИМИЗ ШАРТ

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор бўлиб, кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган муқаддас оиланинг ўрни, роли беқиёсдир.

Зеро, Оила замирида ҳикмат кўп бўлиб, айнан шу оилада меҳр-муҳаббат, катталарга ҳурмат, поклик, ҳақгуйлик, виждонлилик, одоблилик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, инсон қадр-қиммати каби кўплаб инсонийлик хислатларни шакллантириш асносида мукаммал инсон шаклланади.

Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни ана шу оиладан, қолаверса ўзимиздан бошласак уни илдизи билан қуритиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Конституциянинг 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Шунингдек, оилавий зўравонликка қарши кураш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болаларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётган, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун кенг кўламли ишлар қилинаётган бир вақтда, мазкур соҳадаги ишлар таҳлили оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашда қатор камчилик ва тўсиқлар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.

Чунки, зўравонликнинг барча турлари бизнинг жамиятимизда ҳам ўз соясини яратиб бўлди.

 

Зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик).

Жисмоний ва руҳий зўрлик деган таъсирларнинг маъносини шарҳлашни истадик.

Жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шаклидир.

Руҳий зўравонлик — хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик) да номоён бўлади.

Оиладаги зўравонлик — бу ўзларининг яқинлари (асосан аёллар ва болалар) устидан ҳукмронлик ва назорат қилиш мақсадида, одатда айнан бир шахсга нисбатан жисмоний ва руҳий зўрлик қилишда намоён бўлади.

Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда зўравоннинг жисмоний ва руҳий зўрлиги натижасида хотин-қизлар томонидан ижтимоий хавфли қилмиш содир этиши ҳоллари ҳам кузатилмоқда.

Инсоннинг ҳар қандай қилимиши ҳар доим онгли ва ақл-иродаси билан содир этилади.

Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаган ёки ҳаракатларинии бошқара олмаган шахснинг ҳаракатлари, ҳатто ижтимоий-хавфли оқибатларга олиб келган тақдирда ҳам жиноят ҳисобланмайди.

Зўравонликка учраган аёллар енгиб бўлмайдиган жисмоний куч ёки руҳий зўрлик таъсири остида қонун билаи қўриқланадиган ижтимоий муносабатга хавф солувчи қилмиши ва унинг оқибати учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Зўравонлик доимо таҳдид кўринишида намоён бўлади. Таҳдидлар эса қуйидагича бўлиши мумкин: моддий таъминламаслик, яъни пул бермаслик (моддий таъминламаслик), уйдан ҳайдаш, болаларини олиб қўйиш ёки уларни кўриш имкониятидан маҳрум қилиш билан қўрқитиш, баданига шикаст етказиш ёки ўлдириш билан қўрқитиш ва ҳоказо. Зўравонлар таҳдидлар билан бир қаторда қуйидаги ҳаракатлар орқали ҳам ўзларининг ҳукмронлигини намойиш қилишга уринишлари мумкин: телефонинин олиб қўйиш, кийимларини йиртиш ёки шахсий буюмларини синдириш, уйга қамаб қўйиш, муштини кўрсатиш орқали қўрқитиш ва ҳоказо.

Зўравонлар асосан қуйидаги жиноятлардан бирини содир этиш орқали ўзининг кучини намойиш этади: қасддан баданга оғир (ЎзР ЖКнинг 104-моддаси), ўртача оғир (105-модда) ёки енгил (109-модда) шикаст етказиш, қийнаш (110-модда), ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), жиноий равишда ҳомила тушириш (114-модда), аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш (115-модда) хавф остида қолдириш (117-модда), номусга тегиш (118-модда), жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-модда), аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (122-123-моддалар), никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (1251-модда), тиланчилик қилиш (1271-модда), одам савдоси (135-модда), аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда) ва ҳоказо.

Мазкур хатти-ҳаракатларни содир этган шахс Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жавобгарликка тортилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эгаки, буни барча фуқароларимиз, қолаверса хотин-қизларимиз билишлари шарт:

-ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

-махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

-ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

-содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Ибодат Шоймардонова

Навоий вилоят суди судьяси

Сайёр суд мажлиси ўтказилди

 

Навоий вилояти Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси А.Хамидов томонидан жорий йилнинг 26 апрель куни “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ биносида Хатирчи туман адлия бошқармасининг даъвогар фермер хўжаликлари манфаатларида киритган даъво аризалари юзасидан сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Даставвал, суд раиси А.Хамидов сайёр суд муҳокамасини бошлашдан олдин судга чақирилган тарафлар вакиллари, яъни Ҳудудий электр таъминоти корхонаси, вилоят Ғазначилик бошқармаси, Хатирчи туман адлия бўлими, Хатирчи туман қишлоқ хўжалиги бўлими ва туман ирригация бўлимилари масъул ходимлари ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари иштирокида коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-хуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шу билан бирга янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Йиғилишда иштирок этаётганларнинг асосий эътибори коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган зарурий чора-тадбирларга қаратилиб, бу борада содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлиги тўғрисида мисоллар келтирган ҳолда маълумотлар берилди. 

Шу билан бирга судларда фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиниши борасида кўриб чиқилаётган низолар ҳақида ҳам тўхталиб, бу борада юртимизда кейинги йилларда катта ўзгаришлар рўй бериб, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилаётганлиги алоҳида таъкидланди ҳамда мамлакатнинг иқтисодий қудрати, аҳоли фаровонлиги тадбиркорлик соҳаси ривожига боғлик эканлиги, мазкур субъектларнинг эркин фаолият кўрсатиши ва уларнинг ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда давлатнинг муҳим органи ҳисобланган судларнинг асосий вазифаси эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинган Фармонлари, Иқтисодий процессуал кодексига киритилган янги ўзгаришлар ҳамда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан маърузалар қилинди.

 

Акбар Хамидов

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси

Одам савдоси-давр муаммоси

 

Одам савдоси иллати жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган
жиддий муаммолардан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бермоқда.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлар балки ҳалқаро ташкилотлар ҳам манзилли ишларни амалга оширмоқда.

Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра, бутун дунёда 21 миллион киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади.

Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 7 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш жабрдийдаларнинг ҳимояси жиноятларни таъқиб этиш ва ушбу йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

2013 йил 30 июль куни БМТ томонидан Бутун  жаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинди.

Бугунги кунда кўплаб ҳалқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган. 2008 йилда эса “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Аммо бу хотиржам бўлишимиз учун етарли эмас. Шу боис, Ўзбекистонда одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар қабул қилинмоқда.

Қонунга мувофиқ, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш-одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш ҳамда чек қўйиш, унинг оқибатларини миниммаллаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятингиз ичига олади.

Шунингдек, қонунга мувофиқ Республикамизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Идоралараро комиссиянинг вазифаларидан бири бу давлат органларини одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади.

Олиб борилаётган ушбу ишлар замирида ўсиб келаётган келажак авлоднинг ватанга бўлган муҳаббати, илм-маърифатга қизиқиши билан бир қаторда, аср муаммосига айланган жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш ётади.

 

Акмал Курбонов

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси

Маъмурий судлар – фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳимоячиси

 

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий бўғинларидан бири бўлган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жамият ҳаётида айниқса муҳим аҳамият касб этмоқда. Нимагаки, жамиятнинг демократик тамойилларга қай даражада асосланганлиги бевосита судларнинг мустақиллигига, тўғрироғи адолатнинг ҳеч бўлмаганда суд биносида қарор топишига боғлиқ десак муболаға бўлмайди.

         Бу борада фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, қолаверса, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари билан фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш учун 2017 йилда маъмурий судлар ташкил этилган эди. Олиб борилган давомий ислоҳотлар натижасида 2021 йилга келиб маъмурий судлар фаолияти қайта ташкиллаштирилди. Натижада вилоят марказларида туманлараро маъмурий судлари ва вилоят маъмурий судлари ўз фаолиятини бошлади.

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 29 январда қабул қилинган ПҚ-107-сонли қарори маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни ўзида мусажжамлаштирган, аниқ мақсадлар кўзда тутилган ҳужжат бўлди.

Зеро унинг биринчи бандида, маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш эканлиги белгиланди.

Бундан ташқари, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишни ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ва тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғида фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш; маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш; оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш тарзидаги ўзгаришларни қонунчиликка киритиш назарда тутилган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш айниқса бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Қарорнинг 4-бандида Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш; маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш; бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш сингари таклифларини  маъқуллаш белгиланди.

Бундан келиб чиқадики, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш тўғрисидаги таклиф юзасидан қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга, шунингдек, судга бўлган ишончнинг ортишига замин яратади.

 

 

Нигора  Кенжаева

 

Навоий туманлараро

маъмурий судининг судьяси

Учқудуқ туман суди раислари  “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди

 

Фуқароларнинг муаммоларига ижобий ечим топиш мақсадида суд раислари томонидан жойларда учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Шу жумладан, Учқудуқ туман суди раислари “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли билан мулоқотда бўлди.

Даставвал, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланганлиги таъкидланиб, мазкур қарорнинг мазмун- моҳияти тушунтириб ўтилди.

Сўнгра фуқароларнинг жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, фуқаролик ва иқтисодий масалалар юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди, шунингдек тегишли тартибда судга мурожаат қилиш тартиби юзасидан тушунтиришлар берилди.

Мурожаатларнинг жойида ҳал этилиши одамларда судларга ҳурмат ҳиссини кучайтиришга  хизмат қилади.

Тадбирда қатнашган фуқаролар мулоқот давомида ҳуқуқий тушунчаларга эга бўлишди.

 

Акмал Қурбонов

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Навоийда 55 кишига нисбатан қўйилган айблов қайта малакаланган

Навоий вилояти судида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида судлар томонидан 2022 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.

 

Унда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар)судлари томонидан жами 493 нафар шахсга нисбатан 405 та жиноят иши тамомланган бўлиб, ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 181 та ёки 80,8 фоизга ошганлиги қайд этилди.

 

Ҳисобот даврида 149 нафар шахсга нисбатан 131 та иш, жумладан, 142 нафар шахсга нисбатан 130 та жиноят иши ЖК 661-моддасига асосан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 48 нафар аёлга нисбатан 43 та, 204 ёшга нисбатан 176 та, 11 нафар 60 ёшдан ошган шахсга нисбатан 11 та жиноят иши судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал этилган.

– Навоий вилоят судлари томонидан жорий йил давомида кўриб тамомланган ишлар юзасидан жами 55 нафар шахсга нисбатан 40та жиноят иши бўйича дастлабки айбловда қўйилган айблар ўзгартирилиб, қайта малакаланган ҳолда суднинг якуний қарорлари чиқарилган, – деди вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. – Айблов ўзгартирилган ишлардан биттаси Давлат хавфсизлик хизмати тергов бўлинмаси томонидан, 6 таси прокуратура органлари томонидан, 33 таси ички ишлар органларининг тергов бўлимлари томонидан тергов қилинган ишлар ҳисобига тўғри келмоқда. Ўтган давр давомида жами 3 та жиноят иши бўйича 7 нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 1 та иш бўйича 1 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 2 та жиноят иши бўйича 6 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланган.

Брифингда Навоий вилоят фуқаролик судлари томонидан амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, 1-чорак давомида 4325 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган. Шундан 2074 таси ёки 48 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Кўрилган ишларнинг 200 таси алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, 811 таси оила низолари, 2749 таси битимлар билан боғлиқ ишларни ташкил этган Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1200 тага кўпайган.

Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан эса 1097 та иш кўриб чиқилиб, уларнинг 735 таси ёки 67 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. 65 та суд мажлиси видеоконференция алоқа режимида ўтказилган ва 131 нафар вакиллар ўз ҳудудларида иштирок этиб, уларнинг қарийб 36 миллион сўм маблағлари тежалган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 тага ёки 4,3 фоизга камайган.

Ҳал этилган ишлар бўйича 47 миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Шундан хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларнинг фойдасига 7 миллиард 30 миллион сўм ундирилган.

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан эса 2022 йилнинг 3 ойи мобайнида 198 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган бўлиб, уларнинг 170 таси қаноатлантирилган, 16 таси рад қилинган, 6 таси иш юритишдан тугатилган, 6 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

1-чорак давомида мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 50 та иш кўриб тамомланган бўлса, мансабдор шахсларнинг ҳаракат-ҳаракатсизлигини қонунга хилоф, деб топиш билан боғлиқ 148 та иш кўриб чиқилган.

Бирифинг сўнгида Навоий вилояти суди, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш вилоят маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Унга кўра, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига қайтариш ва бошқа бир қатор масалалар биргаликда ҳал этилади.

Ер- халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси

Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва аҳолини турмуш даражасини ошириш ҳар доим ҳам давлатимизнинг диққат эътиборидаги масала бўлиб келган, бугунги кунда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган бўлиб, бунга бир мисол сифатида давлатимизнинг аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун, 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага бериш амалиётини жорий этилганлиги, бунинг натижасида аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминланаётганлигини кўрсатиш мумкин.

Навоий вилоят суди судьялари томонидан тегишли мутахассислар билан ҳамкорликда танловлар орқали ер олиб, деҳқончилик қилаётган миришкор деҳқонлар билан бевосита жойларда учрашиб, уларга соҳани юритишда тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши билан биргаликда, бу соҳада асосий мезон ердан самарали фойдаланган ҳолда даромад олиш ва қўшимча иш ўринларини яратиш орқали ишсизликни камайтариш эканлиги, шундан келиб чиқиб ердан умуммиллий бойлик, халқ ҳаёти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги, у қонунлар асосида давлат томонидан муҳофаза қилиниши, жумладан олинган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш, сотиш ёки уни бошқача тарзда тасарруф этиш, ундан асосий мақсадини ўзгатирган ҳолда фойдаланиш, мазкур ер участкасига ўзбошимчалик билан иморат қуриш каби ҳаракатлар содир этиш қонунлар асосида тақиқланиши, олинган ер участкасидан табиатни муҳофаза қилиш талабларига ва ер унумдорлигини сақлаш ва уни ошириш чора тадбирларини амалга оширган ҳолда фаолият юргазиш лозимлиги, ер участкасига оид қонунчилик талаблари бузилган ҳолларда ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилиниши ва амалдаги қонунчиликда ер қонунчилигини бузганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида тегишли тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, аҳоли билан ўтказилган учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони  мазмун моҳияти ҳам тушунтирилди.

Хусусан, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалар, корхоналар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиши, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши, давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши ва қонунга мувофиқ ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш ҳуқуқи бекор қилинганлиги ҳолатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

 

Турғун  Қаҳҳоров

Навоий вилоят суди  судьяси

УЧҚУДУҚДА АЖРАШИШ ЁҚАСИГА КЕЛИБ ҚОЛГАН ОИЛАЛАР ЯРАШТИРИЛМОҚДА

Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда ҳеч шубҳасиз оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир.

Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобландаи. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади.

Бунда оила аъзоларининг, айниқса эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.

 Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан оилавий ажримларни олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан даъвогар Н.Шамсиева турмуш ўртоғи Ф.Очилов билан ўрталарида тузилган қонуний никоҳдан ажратишни сўраб судга даъво ариза билан мурожаат қилган.

Суд томонидан Учқудуқ туман ҳоким ўринбосари оила ва хотин-қизлар бўлими маъсуллари билан ҳамкорликда мазкур мурожаат ўрганиб чиқилиб, тарафларни оилага бўлган муносабатини ўзгартириш масаласи муҳокама қилинди.

Натижада оила яраштирилиб, қайта тикланди.

 

Беҳзод Шерматов

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Skip to content