Қидирув:

ОИЛАВИЙ (МАИШИЙ) ЗЎРАВОНЛИК ТУШУНЧАСИ

Оиладаги зўравонлик – бу ижтимоий жараён бўлиб, ҳар тўртинчи оилада у ёки бу кўринишда намоён бўлади. Болалармиз, аёллармиз, қариялармиз ва ногиронлиги бўлган шахслар мазкур жиноятдан энг кўп азият чекадиган тоифадир. Тадқиқотларга кўра, оиладаги зўравонликка учраган аёлларнинг 60-70 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмайди.

Миллатимиз болажон халқ, оилам, фарзандим деб тинмай меҳнат қилади. Айниқса ўзбек аёли фарзанд ва оиласининг фаровонлиги учун ҳар қандай қийинчилигу, азоб-уқубатларни енгиб ўтишга тайёр. Бироқ андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, оилада аёлларга, оиланинг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламига нисбатан зўравонлик қилиш жиддий салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Хўш оилавий (маиший) зўравонлик ўзи нима? Оилавий зўравонлик деганда – инсонга нисбатан унинг яқин одами томонидан тажовузкор муносабатда бўлиш, куч ишлатиш тушунилади. Одатда бундай тажовузкорлик жисмонан (калтаклаш), жинсий, руҳий босим (қўрқитиш, ҳақорат қилиш, назарга олмаслик) ёки иқтисодий (топилган пул, моддий манбаларни назорат қилиш ва улар орқали босим ўтказиш) йўли билан амалга оширилади.

Оддий қилиб айтганда, оилавий зўравонлик бу–оиладаги муносабатларнинг бузилишига қарамай, бир шахснинг оиланинг иккинчи шахсига қарам бўлганлиги оқибатида унинг босим ва зўравонликларга чидаб келишидир.

  “Оила аъзолари” тушунчаси кенг тушунча бўлиб, унинг таркибига нафақат қондош ёки қонуний қариндошлар, балки бирга яшовчилар (жинсий шериклар, ўгай ота, ўгай она ва бошқаларни) ҳам киритиш мумкин.

Мамлакатимизда оиладаги (маиший) зўравонликларни олдини олиш
борасида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Миллий қонунчилигимиздаги мавжуд бўшлиқлар тўлдирилиб, зарур чоралар кўрилмоқда.

Оиладаги зўравонликнинг асосий мақсади, шахсни қўрқитиш орқали
жабрланувчи устидан мутлақ ҳукмронлик ўрнатишдир. Айрим ота-оналар шу йўл орқали ҳурмат қозонишга ҳаракат қилса, баъзи эр-хотин ёки шерикликда яшаётган шахслар содиқлик ва вафодорликни сақлаб қолмоқчи бўладилар.

Оғзаки жанжал, ҳақорат қилиш, калтаклаш, туҳмат, мол-мулкка қасддан шикаст етказиш ва бошқа ҳолатлар зўравонликнинг оилалардаги энг кўп тарқалган турларидан бири бўлиб, зўравон жабрланувчи шахсини таҳқирлаш орқали вазиятни шахсан назорат қилишга интилади. Таъкидлаб ўтиш лозим оғзаки жанжал ва ҳақоратлар ортидан шахсга тан-жароҳати етказиш каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар содир этилади.

Шахсга етказилган тан-жароҳатлари бўйича маъмурий ишлар Ички ишлар органлари томонидан расмийлаштирилиб, судга юборилади. Судда ҳар иккала томон иштирок этиши шарт, бироқ гумонланувчи суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда суд айбланувчига жарима ёки маъмурий қамоқ жазосини қўллаши мумкин. Лекин масаланинг муҳим жиҳати шундаки, бу тоифадаги маъмурий ишларни кўриб чиқишда жабрланувчига етказилган зарарни ундириш масаласи очиқ қолдирилади ва келгусида жабрланувчи ўзига етказилган зарарни ундириш учун фуқаролик тартибида судга даъво аризаси билан мурожаат қилишига тўғри келади.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 8-моддасида (оилавий муносабатларда маҳаллий урф-одат ва анъаналарнинг қўлланилиши) қонунчиликда оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилади деб, кўрсатиб ўтилган. Оила кодексининг 57-моддасида берилган таърифга кўра, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади.

Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.

Оила кодексининг 8-моддасида берилган таърифдан келиб чиқиб, оилавий муносабатларда маҳаллий урф-одат ва анъаналарнинг қўлланилиши нуқтаи-назаридан қариндошларнинг ўрни ҳам борлигини тушуниш мумкин.

Юқоридагиларга асосан оиладаги зўравонлик жиноятларига бевосита қариндошлар ҳам алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар вужудга келади. Содда қилиб айтганда миллий урф одатларимиз нуқтаи-назаридан бир рўзғорда яшамайдиган қариндошлар – амаки ёки тоға, опа ёки сингил, ака ёки ука, бобо ёки буви ҳам оила ишларига аралашиши, оилавий (маиший) зўравонликка йўл қўйиши ҳам мумкин.

Оилавий зўравонлик жиноятларидан жабрланаётганлар юзасидан билдирилган фикрлар айнан бир жинс яъни хотин-қизларга қаратилгани бежиз эмас. Тўғри оилавий зўравонликдан эркак ҳам жабр кўриши мумкин, лекин таҳлилларга кўра мамлакатимизда оилавий зўравонликдан асосан аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар, қариялар кўпроқ жабрланмоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, оилавий зўравонлик жиноятларига барҳам бериш мақсадида, шунингдек халқаро-ҳуқуқий нормаларда берилган тавсиялардан келиб чиқиб, оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка оида қонунчилик такомиллаштириб борилмоқда. Бу албатда оилавий (маиший) зўравонликнинг олдини олишда ўзининг самарасини беради.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

СУДЬЯ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Кармана туманлараро иқтисодий суди билан ҳамкорликда Навоий шаҳрида жойлашган
1-сонли академик лицейнинг талаблари иштирокида “Судья ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда судьялар томонидан ёшларга “Рақамли суд” концепциясининг мазмун моҳияти унинг ҳуқуқий асослари, амалдаги қонунчиликка киритилгаан ўзгартиришлар асосида, суд органлари фаолиятига рақамли технологияларни жорий қилинганлиги оқибатида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш, -суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда юбориш каби қоидаалар жорий этилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши эса “Рақамли суд” концепциясини янги босқичга олиб чиққанлиги, унга кўра суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларни билиб олиш, суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритиш, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрлаш, суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантириш каби масалалар ҳал этилишиги тўғрисидаа батафсил тушунтиришлар берилди.

 

 

Турғунбой Қаҳҳоров,

Навоий вилоят судининг судьяси

Томди тумани “Шарқ” ОФЙ ахолиси билан учрашув ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Томди тумани суди раиси Мирзаева Азиза Асатовна Томди тумани Шарқ ОФЙ  мажлислар залида 2025 йил 11 сентябрь куни маҳалла фаоллари билан учрашув ўтказилди учрашувда  Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат: хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш; хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш; жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш; хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш; хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш; тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминланиши, Жумладан давлатимиз раҳбарининг 2022-йил 28-январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да 7 йўналиш, 100 та мақсад белгилаб қўйилган бўлиб, унинг 1-йўналиш, 14-мақсадида жиноят, жиноят-протсессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш каби устувор вазифалар назарда тутилди.

 

Азиза Мирзаева,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

Навбаҳор туманида ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Навоий вилоят суди судялари ҳамда Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди судяси томонидан Навбаҳор туманида жойлашган 6-сонли умумий ўрта таълим мактабида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ” Фармонлари мазмун  ва моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тингловчиларга, «Рақамли суд» консепсиясини амалга оширилиши муносабати билан судлар фаолиятига татбиқ этилаётган замонавий технологияларнинг қулайликлари ва уларнинг афзалликлари ҳамда суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизими халқаро стандартлар асосида қайта ташкил этилаётганлиги, хусусан Судялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил қилинганлиги ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

 

Сабит Жакеев,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят судининг судьяси

Хатирчи туманида ўтказилган сайёр суд ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Хатирчи туманидаги мусиқа ва санъат мактаби биносида жиноят ишлари бўйича Хатирчи тумани суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлиси ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Шунингдек, судьялар томонидан йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳақида сўз юритиб, ушбу Фармон келгусида Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Шерзод Мамиров,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

 

Аслиддин Норбеков,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг тергов судьяси

Атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш – фуқаролик бурчимиздир

Инсоният тарихида техниканинг тараққий этиши, турли хилдаги ихтиролар, саноатнинг ривожланиши инсонлар ҳаёти ва мамлакатлар тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган бўлиши билан бир қаторда, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Буни сўнги йилларда кузатилаётган ҳавонинг меъёридан ортиқ исиши ва ифлосланиши, чўллашиш даражасининг ортиши, сув танқислиги, чанг бўронларнинг, ҳатто йилнинг қиш фаслида ҳам кўплаб содир бўлаётганлигида ҳам англаш мумкин.

Албатта, мазкур тараққиёт қайсидир маънода она табиатнинг софлиги, атроф-муҳитнинг тозалигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани боис ҳозирдан бошлаб инсон ва табиат ўртасидаги нозик муносабат ҳамда мувозанатни мувофиқлаштириш, она табиатни асраб-авайлаш орқали уни келажак авлодга бор софлигича етказишга жиддий эътибор қаратиш энг долзарб масалалардан бири бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу борада миллий қонунчилигимизда ҳам табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, унга қилинган ҳар қандай тажовуз ва ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўриш назарда тутилган.

Хусусан, Конституциямизнинг 62-моддасида, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги назарда тутилган.

Ушбу Конституциявий нормадан келиб чиқиб, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги ҳамда Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг қабул қилинганлиги ҳам атроф-муҳитни асраб-авайлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 193-204-моддалари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-96-моддаларида тегишли жавобгарлик белгиланиб, жазо чоралари қайд этилган.

Она табиатга етказилаётган тажовузларни олдини олиш ва уни ҳимоя қилиш борасида ҳам суд амалиётида кўплаб ишлар кўриб чиқилмоқда.

Зеро, Бош қомусимизнинг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир   

Шу боис, биз атроф-муҳитга қандай муносабатда бўлсак, она табиат ҳам бизга худди шундай жавоб қайтаради. Шу сабабли, табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга софлигича етказиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Албатта, бундай муносабатни ҳар биримиз, энг аввало, ўзимиздан, оиламиздан бошлашимиз лозим, азиз инсонлар!

 

Аллаев Абдулло Садуллоевич,

Навоий вилоят судининг раиси

Атроф-муҳитни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир

Бугун экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўлида бошлаган кенг қамровли ишлар мамлакатимиз аҳолисининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг соғлиғини сақлаш, она табиатимизни келгуси авлод учун софлигича етказиш, табиий ресурлардан оқилона фойдаланиш каби ҳаётий мақсадларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2025 йилга “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб ном берилгани ва бу таклиф нафақат кенг жамоатчилик томонидан, балки халқаро миқёсда фаол қўллаб-қувватланганининг ўзиёқ Ўзбекистоннинг глобал экологик муаммоларга қарши фаол курашга киришганини, бу борадаги ишлар янги босқичга чиқаётганини ифодалайди.

“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириладиган ишларга оид Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ушбу кенг қамровли ҳужжат мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини ифода этиш билан бирга, Ўзбекистонда глобал экологик таҳдидларга қарши курашишнинг ўзига хос платформаси яратилаётганидан дарак беради.

Аввало, Дастурда давлатимиз ривожланишининг устувор ёндашувлари тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш, уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтишнинг аниқ ва самарали йўналишлари белгилаб берилган.

Бугунги кунда иқлим ўзгариши шароитида сув ресурслари тобора қисқариши мамлакатимиз учун ҳам долзарб муаммога айланиб бормоқда. Дастурда ёмғир ва оқова сувлардан самарали фойдаланиш бўйича аниқ тадбирлар белгиланмоқда. Хусусан, янги қуриладиган кўп хонадонли уй-жойларга туташ ҳудудларда ёмғир сувини йиғиш, сақлаш ва дарахтларни суғоришда фойдаланиш тизимини йўлга қўйилиши орқали ҳудуддаги яшилликни таъминлаш мумкин бўлади.

Йирик шаҳарларда атмосфера ҳавосининг ёмонлашуви бугунги кундаги долзарб экологик муаммога айланиб бормоқда. Бу борада ҳам Дастурда муҳим чора-тадбирлар белгиланган.

Таъкидлаш жоиз, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш масалалари ҳам ҳужжатда алоҳида ўрин олган.

Бу борада аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш орқали мамлакатимизда “Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилиши, бунда аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш, “яшил транспортда”, шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш каби чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Давлат дастурида “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати доирасида платформани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бу платформа бир сутка давомида камида ўн минг қадам юришни тарғиб қилиш, бу кўрсаткичларга эришганларга “Экофаол фуқаро” мақомини бериш ҳамда улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда чегирма тақдим этиш, оиланинг барча вояга етган аъзолари “Экофаол фуқаро” мақомини олганда, ушбу оилага “яшил оила” мақомини бериш ҳамда уларга ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобиль бериш каби имтиёзларни назарда тутади.

Маълумки, пластик пакетлардан фойдаланиб бўлингандан сўнг у чиқиндига айланади. Тўпланган пластик пакетлар атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга уларнинг парчаланиши учун юз йиллаб вақт талаб этилади. Дастурда 2027 йилдан бошлаб пластик пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш ҳамда экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) пакетлардан фойдаланишни рағбатлантириш чоралари кўзда тутилган.

Шу билан бирга, чиқиндилар соҳасини тартибга солувчи, қабул қилинганига 20 йилдан ошган, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш тамойилларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Қайд этиш жоиз, Дастурда белгиланган “Атроф муҳит мониторинги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши атроф-муҳит ифлосланиш даражасини реал вақт режимида аниқлаш, унинг экологик ҳолатини баҳолаш бўйича фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, атроф-муҳит  мониторинги тизимини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсир юзага келишини прогнозлаштириш, табиий ресурслардан фойдаланишни тизимли равишда кузатиш, аҳолини ахборот билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Айни йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, юртимизда яшил ҳаётни яратишга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш, парламент ва депутатлик назоратини фаол амалга ошириш асосий вазифамизга айланади. Пировард мақсад эса, Ўзбекистонда инсон учун қулай атроф-муҳит яратиш, аҳолининг фаровонлиги ва саломатлигини таъминлаш, барқарор “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришдир.

 

Улуғбек Исмаилов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

 “Рақамли суд” даври бошланди

Судловнинг очиқлиги ва халқчиллигини таъминлаш, рақамлаштириш орқали фуқаролар ва юридик шахсларга қулайлик яратиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ечимини кутаётган масалалар ҳам бор.

Шу муаммоларга барҳам бериш, судлар фаолиятини шаффоф, тезкор ва фуқаролар учун енгил қилиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2025-йил 21-август куни “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ140-сонли муҳим фармон имзоланди.

Фармон ўз ичига нафақат рақамлаштиришни, балки сунъий интеллектни суд ишларига татбиқ этиш, суд биноларини янгилаш, одамлар учун қулай электрон хизматлар яратиш каби қатор янгиликларни қамраб олган.

“Рақамли суд” нимани англатади? Эндиликда “Рақамли суд” тушунчаси ҳаётимизга кириб келади. Бу дегани:

Судга ариза электрон тарзда юборилади;

Суд мажлисларида уйдан чиқмаган ҳолда, масофадан иштирок этиш мумкин;
Ҳужжатлар билан электрон равишда танишиш имконияти бўлади;
Суд харажатлари онлайн ҳисобланади ва тўланади;

Суд баённомалари автоматик тарзда тайёрланади;

Сунъий интеллект ёрдамида суд қарорларининг лойиҳаси шакллантирилади.

2025-йил якунига қадар “Рақамли суд” тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида йўлга қўйилади. Бу ерда фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича суд мажлислари янги форматда ўтказилади. Агар самарали натижа берса, 2026–2027 йилларда бутун Ўзбекистон бўйлаб босқичма-босқич жорий этилади.

Фармонда жорий этиладиган хизматлар орасида шундай қулайликлар назарда тутилган:

Судга мурожаат қилишдан аввал сунъий интеллект сизга суднинг эҳтимолий қарори ва харажатларини тахмин қилиб беради.

“my.sud.uz” портали орқали виртуал маслаҳатчи ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.
Суд ҳужжатларини электрон кўринишда олиш, жавобни онлайн кузатиш имкони яратилади.

Суд йиғилишларида иштирок этувчилар уйидан чиқмаган ҳолда платформалар орқали қатнашади.

Инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, адолатни тез ва шаффоф етказиш, фуқароларнинг ишончини оширишга қаратилган ушбу фармон сунъий интеллект воситаси, ахборот технологиялари бугун фақат замонавийлик эмас, балки адолатга тезроқ етказувчи воситага айланмоқда.

Яъни, энди судга бориш учун қоғозбозлик қилиб сарсон бўлиш, адвокат тополмай овора бўлиш даври тугайди. Ҳаммасини смартфон ёки компьютер орқали ҳал қилиш мумкин бўлади.

Бу эса инсонларга қулайлик, давлатга самарадорлик, жамиятга ишонч бағишлайди.

“Рақамли суд” фақат техник лойиҳа эмас – бу янги юз, янги нафас, янги ҳуқуқий маданиятдир.

 

Акбар Холтўраев,

Навоий туманлараро маъмурий суди судьяси 

Зарафшон шаҳрида ўтказилган сайёр суд ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Зарафшон шаҳридаги “Юлдузча” маънавият маркази биносида жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси А.Исоков ҳамда тергов судья Д.Эргашева, жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси А.Мирзаева, Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси Ш.Ғофуров, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг судьяси А.Насриевлар томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлиси ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Шунингдек, судьялар томонидан йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳақида сўз юритиб, ушбу Фармон келгусида Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Анвар Исоков,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси

 

Дилобар Эргашева,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси

 

Азиза Мирзаева,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Анвар Насриев,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг судьяси

Қонун талабларига мувофиқ расмийлаштирилмаган даъво аризасини судга тақдим қилиш оқибати

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)да даъво тақдим этиш, иш қўзғатиш асослари, даъво аризасининг шакли ва мазмуни, даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориш, даъво аризасига тегишли ҳужжатларни илова қилиш юзасидан нормалар мавжуд бўлиб, ушбу қонунчилик талабларига даъво аризаси билан судга мурожаат қилаётган тараф, албатта, риоя қилиши лозим.

Бироқ, айрим ҳолларда мазкур норма талабларига амал қилинмасдан иқтисодий судга даъво аризаси бериш ҳолатлари учраб турмоқда.

Ушбу мақоламиз орқали эса суд амалиётида кўрилган бир иқтисодий иш мисолида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатига тўхталмоқчимиз.

Навоий давлат Ўрмон хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Навоий магистрал электр тармоқлари» (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 86.963.078 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.

         Суднинг 4-2101-2501/1310-сонли иши бўйича қабул қилинган 2025 йилнинг 14 апрель кунидаги ажрими билан даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

Мазкур даъво аризасини кўриш жараёнида даъвогарнинг масъул ходими томонидан ўз меҳнат фаолиятида бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги, бунинг оқибатида қонунчилик талаблари бузилганлиги, даъвогар манфаатларига зарар етганлиги ва келгусида мазкур ҳолатларни олдини олишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги аниқланган.

Хусусан, даъвогар жавобгарга нисбатан қарздорликни ундириш юзасидан судга 2025 йил 28 февралдаги 28-сонли даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Аммо, мазкур даъво аризаси даъвогар раҳбари Б.Жумаев номидан бошқа шахс томонидан имзоланган. Бундай ҳолатда даъво аризаси Б.Жумаев номидан имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланган ҳолатда судга тақдим қилинган.

Агарда даъвогар ходимига даъво аризасини имзолаш ваколати тегишли тартибда берилган бўлса, у ҳолда даъво аризаси ўша шахснинг мансаб мавқеи ҳамда фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда ўзи томонидан имзоланиши ва даъво аризасини имзолаш ваколати мавжудлигини тасдиқловчи далил даъво аризасига илова қилиниши лозим эди.

Ваҳоланки, ИПКнинг 151-моддасида, даъво аризасига даъво аризасини имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса, тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозимлиги назарда тутилган.

ИПК 107-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра, даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.

Шу боис, суд даъво аризаси уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланганлиги сабабли даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни лозим топган.

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасида, давлат божининг тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин бўлган ҳолатлари қайд этилган бўлиб, мазкур ҳолатлар орасида даъво аризаси ИПКнинг 107-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра кўрмасдан қолдирилганда давлат божи қайтарилиши мумкинлиги белгиланмаган.

Шунга кўра, суд даъво аризаси кўрмасдан қолдирилганлиги сабабли ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини даъвогарнинг зиммасига юклаб, даъвогар томонидан судга даъво аризасини тақдим қилишда олдиндан 1.739.276 сўм давлат божи ва 37.500 сўм почта харажати тўланганлигини инобатга олиб, мазкур суд харажатини даъвогардан ундирмасликни лозим топган.

Бу эса даъво аризасини расмийлаштириш ва судга тақдим этишда юқорида қайд этилган қонунчилик талаблари даъвогар масъул ходими томонидан бузилганлиги ва риоя этилмаганлиги оқибатида даъвогар манфаатларига зарар етказилишига олиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 300-моддасининг биринчи қисмига кўра, интизомий жавобгарлик ходим томонидан интизомий қилмиш (ушбу Кодекс 301-моддасининг иккинчи қисми) содир этилганлиги учун юзага келадиган ва ушбу ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилишида ифодаланадиган юридик жавобгарликдир.

ИПК 200-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Шунга кўра, суд томонидан юқорида ҳолатлар бўйича қонунбузилишга йўл қўйилганлигини батафсил ўрганиш мақсадида хусусий ажрим чиқарилиб, мазкур хусусий ажримда кўрсатилган салбий ҳолатларга даъвогарнинг келгусидаги фаолиятида йўл қўймаслик мақсадида Навоий давлат Ўрмон хўжалиги томонидан юқорида қайд этиб ўтилган ҳолатда айбдорни аниқлаб, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юклатилган.

Албатта, қайд этилган ҳолатларга кўра, таъкидламоқчимизки, ўз ҳуқуқларимизни бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаган ҳолда амалга ошириш, мажбуриятларимиз мавжудлигини унутмаган ҳолда уни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш, қонунларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳуқуқий маданиятнинг энг муҳим шарти бўлиб, ҳар биримизни жамиятимизнинг интизомли аъзоси бўлишини таъминлаган ҳолда бизни жавобгарликдан, ўрни келганда қонуний жазодан асраб туради.

 

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Skip to content