КРЕДИТОРЛАРНИНГ ГАРОВ БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАН ТАЛАБЛАРИНИ ҚАНОАТЛАНТИРИШ ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ
Кейинги
йилларда мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкка
нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган
мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш, шунингдек гаров
билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини
такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Амалиётда
кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятларни қарздор томонидан ўз вақтида
ва (ёки) лозим даражада бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган
талаблари қондирилишини, суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни
гаров нарсасига қаратишни, гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари
устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлганлиги сабабли 2025
йил 22 апрелда “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини
қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон
Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
тўғрисида” ЎРҚ-1060-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Бундан
буён Қонун билан гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши бир вақтнинг
ўзида агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган
мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса,
агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч
ойдан ошмаган бўлса жуда арзимас деб ҳисобланиши белгиланди.
Агар
мол-мулк бир нечта кредитор олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминласа,
гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағлари мазкур
мажбуриятларни қонунда белгиланган навбат бўйича бажаришга йўналтирилади.
Гаровга
қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида
сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш
йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация
қилиниши мумкин.
Ушбу
Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари
устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация
қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк
ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг
кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилади.
Жакеев Сабит,
Навоий вилоят судининг судьяси