“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИДА АДОЛАТЛИ ДАВЛАТНИ БАРПО ЭТИШ ҒОЯСИ
Ўзбекистонда кейинги даврда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Суд тизимидаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини такомиллаштириш, уни том маънодаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига ва адолат қўрғонига айлантиришдир.
Жамиятда одил судловга эришилганлиги, бевосита адолат ўрнатилганлигини англатади, зеро “адолат” сўзининг луғавий маъноси одиллик ва ҳаққонийлик деган маъноларни беради. Шу сабабдан инсоният доимо адолатни қадрлаб яшаган. Одамзот қай маҳал ва қандай мавқеда бўлишидан қатъий назар, адолатсиз яшаши мушкул. Инсон фаолиятининг қайси бир бўлагини олиб қараманг, у адолатга, тўғриликка асосланмаса, мувозанат йўқолади, Адолат оёқ ости қилинган жойда разолат ҳукм суриб, жамият тубанликка юз тутади. Шундай экан, жамиятда адолатнинг таъминланишида суд ҳокимияти юксак ўринга эга.
Шу боис, Стратегияда ҳам халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш муҳим йўналиш ва асосий ғоялардан бири этиб белгиланганлиги бежиз эмас. Конституция ва қонунларнинг устуворлигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш Стратегияда суд ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсади этиб белгиланган.
Бу борада, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш, маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш, ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш, суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизини хусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш, 100 фоиз жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлаш, адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш каби мақсадлар белгиланган.
Бир қарашда оддий сўз ёки иборалар сифатида туюладиган бу мақсад ва вазифалар замирида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш, “Инсон қадри учун” тамойили асосида инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатли ҳимоялаш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни устувор йўналишлари эканлигини англатади. Шу сабабдан Фармонга асосан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида энг устувор вазифа этиб белгиланиб, бу бўйича уларнинг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юклатилди, стратегияни амалга ошириш бўйича Республика комиссияси тасдиқланди.
Турғун Қаҳҳоров,
Навоий вилоят судининг судьяси.