Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди ва йиғилганларга қонунлар мазмун-моҳияти тушунтирилди

Навбаҳор тумани “Баркамол авлод” болалар мактабида жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан сайёр суд, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан тадбир ўтказилди.

Сайёр судда Навбаҳор туман ИИБда ҳисобда туриб суд ҳукми билан тайинланган озодликни чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоларини ўтаётган 21 нафар маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик тамойиллари қўлланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 73-моддасига асосан ўталмаган жазолардан муддатидан илгари шартли озод қилиндилар.

Бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, давлат-ҳуқуқий муносабатларнинг бутун тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этиш бўйича олдимизда турган кенг кўламли вазифалар, аввало, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш масаласи билан бевосита боғлиқдир.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётганлиги, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун кенг кўламли ишлар қилинаётганлиги ҳаммамизга маълум.

2023 йилнинг 11-апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонун қабул қилинганлиги мазкур соҳада оширилаётган ислоҳотларнинг самараси десак муболаға бўлмайди. Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги “41/1-модда Шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик” киритилди.

Бундан ташқари қонунда оилавий (маиший) зўравонликка оид жиноят ва ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари белгиланган, жумладан жиноий қилмиш учун ЖК 126/1-моддаси ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун МЖтКнинг 59/2-моддаси билан чора кўрилиши белгиланганлиги ҳам оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадамлардан биридир.

Тадбир иштирокчиларига мазкур қилмишлар учун белгиланган жавобгарлик чоралари ва қонунларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб ўтилди.

 

Алишер Сайдуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди раиси

 

Козим Козиев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди тергов судьяси