Иқтисодий судларда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни юритиш
Бугунги
кунда иқтисодий судларда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш билан боғлиқ бир
қатор ишлар кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон
Республикаси Иқтисодий процессуал Кодекси (кейинги ўринларда ИПК деб юритилади)нинг
217-моддасига биноан, ҳуқуқий таъсир чоралари қуйидагилардан иборат:
фаолиятни
тугатиш;
атроф
табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва
(ёки) қайта ихтисослаштириш;
фаолиятни
чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар
ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг
олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга
чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;
банклардаги
ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, бундан қонунда назарда
тутилган ҳоллар мустасно;
молиявий
санкцияларни қўллаш, бундан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаш муддатини
ўтказиб юборганлик учун пенялар ҳисоблаш, шунингдек юридик шахснинг ёки
фуқаронинг содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олганлиги ва молиявий
санкциялар суммаларини ихтиёрий равишда тўлаганлиги ҳоллари мустасно;
тадбиркорлик
фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг)
амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг
амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш, бундан
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий
банки томонидан бериладиган лицензиялар (рухсатномалар) мустасно.
Суд
қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини ҳам қўллаши мумкин.
Ҳуқуқий
таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризалар билан судларга назорат қилувчи
органлар мурожаат этишга ҳақли бўлиб, мазкур аризага улар томонидан ИПКнинг
219-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилиниши лозим.
Ушбу тоифадаги ишларни кўришда суд ишда иштирок
этувчи шахсларни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш билан
бирга аризачининг зиммасига жавобгарни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида
хабардор қилиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Мазкур шахсларнинг келмаганлиги,
агар суд уларнинг келишини мажбурий деб топмаган бўлса, ишни кўриб чиқиш учун
тўсқинлик қилмайди.
ИПКнинг 221-моддасига асосан, ҳуқуқий таъсир чорасини
қўллаш тўғрисидаги иш ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган
кундан эътиборан ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак,
бундан ариза судга келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўриладиган
молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги ишлар мустасно.
Ушбу тоифадаги ишларни кўришда суд ҳуқуқбузарлик
ҳодисаси бўлган-бўлмаганлигини ва унинг содир этилганлиги фактини; текшириш
учун ва текшириш натижалари бўйича далолатнома ёки бошқа ҳужжат тузиш учун
асослар ва назорат қилувчи органнинг ваколатлари бор-йўқлигини; мазкур
ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қонунчиликда жавобгарлик назарда
тутилган-тутилмаганлигини ва ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асослар
бор-йўқлигини аниқлайди.
Молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги иш кўриб
чиқилаётганда суд молиявий санкциялар суммасининг ҳисоб-китоби қанчалик
тўғрилигини ҳам текширади.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича
келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, ИПКнинг 222-моддасига биноан, ҳуқуқий
таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ушбу
Кодексда белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.
Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ҳуқуқий таъсир
чорасини қўллаш тўғрисида ёки билдирилган талабни қаноатлантиришни рад этиш
тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади ва мазкур ҳал қилув қарори, агар
апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинганидан кейин ўн
кун ўтгач қонуний кучга киради.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда
суднинг ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси
судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Турдиев Дилшод,
Учқудуқ туман
иқтисодий судининг раиси